АҚШ "Мужоҳиддин" гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқарди

АҚШ Давлат департаменти Эрондаги “Мужоҳиддин” мухолиф гуруҳи Вашингтон томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилганини расман эълон қилди.

Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг жума куни ёйинланган баёнотида айтилишича, “Мужоҳиддин” гуруҳи зўравонликларни қоралади ва сўнгги ўн йил ичида бу гуруҳнинг бирон-бир террорчилик ҳаракатига аралашгани исботланмади.

Эрон ҳукуматига қарши курашаётган мазкур гуруҳ 15 йил олдин АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида қора рўйхатга киритилган эди. Ташкилот лидерлари зўравонликлардан воз кечганликларини ва курашни тинч йўл билан амалга ошириш ниятида эканликларини билдирганлар. Эрон ҳукумати эса “Мужоҳиддин” гуруҳи мамлакатда содир этилган террорчилик ҳолатларига алоқадор эканини айтиб келади.