Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини мувофиқлаштириш қўмитасининг ўтган ҳафта охиридаги мажлисида эълон қилинган бу маълумот тўғрисида Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири хабар қилди.
Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири Носиржон Маъмурзоданинг хабар қилишича, Хатлон вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини мувофиқлаштириш қўмитаси мажлисида "Тожикистон Олий суди қарори билан террористик ва экстремистик ташкилот сифатида фаолияти тақиқлаб қўйилган 11 та ташкилотга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритилган".
Мажлисда Тожикистон жанубида “Ўзбекистоннинг топшириғини бажараётган” эр-хотин қўлга олингани хабар қилинган.
Хатлон вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари қўшма мажлисида 1990 йиллар биринчи ярмида бўлиб ўтган фуқаролар уруши давридаги нуфузли дала қўмондонларидан бири бўлган ва 1996 йили Тожикистон жанубида исён кўтарганидан сўнг республикадан қочган полковник Маҳмуд Худойбердиев билан боғлиқ маълумотлар ҳам айтилди.
Мувофиқлаштирув қўмитаси етакчиларидан бири Абдураҳим Мирзаев мажлисда мана бундай баёнот қилди.
- Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларидан 500 дан ортиқ киши аниқланиб, рўйхатга олинди. Бундан ташқари унинг 170 нафар атрофидаги тарафдори Россия Федерацияси ҳудудида эканлиги аниқланган. Бу рўйхатга кирганлардан 36 нафари қидирувга берилган, деган Абдураҳим Мирзаев.
Озодлик мухбири Носиржон Маъмурзоданинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари тузган рўйхатда "қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаб бўлганлар ҳам, амнистияга тушганлар ҳам, шу пайтгача қидирувда бўлганлар ҳам бор эканлиги айтилган".
Мажлисда полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг шу кунда қаерда эканлиги айтилмади.
- Лекин, деб давом этди, мажлисни шахсан кузатган Озодлик мухбири, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида эканлиги тўғрисида, Ўзбекистон маъмурлари у ва унинг гуруҳига хомийлик қилаётгани, Худойбердиевни Тожикистонга топшириш тўғрисидаги талабларни эътиборсиз қолдириб келаётгани тўғрисида бир неча бор баёнот берган.
Кейинги йилларда Тошкент билан Душанбе бир-бирини ўзаро айблаб келади, вақти-вақти билан Ўзбекистон ва Тожикистонда “айғоқчилар” ушлангани тўғрисида хабарлар пайдо бўлиб туради.
Хусусан, жорий йилнинг февралида Сурхондарё телевидениеси намойиш этган ҳужжатли филмда Тожикистон фойдасига жосуслик қилган 5 кишининг номи тилга олинган эди.
Вазиятни кузатиб келаётган таҳлилчилар исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев Тожикистонни тарк этиб¸ Ўзбекистонга ўтиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганидан кейин Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро “жосус -жосус ўйини” бошланиб кетгани ва шу кунгача ўнлаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик бегуноҳ кишилар бу “ўйин” қурбони бўлганини айтади.
Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилдан буён Тожикистонда Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилган ўндан зиёд киши қўлга олиниб, узоқ йилларга кесилган.