Мишел Платини Тошкентга келади

Мишел Платини.

Европа футбол уюшмалари иттифоқи – УЕФА президенти Мишел Платини 11-12 октябрь кунлари Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақида Ўзбекистон футбол федерацияси хабар тарқатди.

Ташриф давомида Платини ЎФФ президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан учрашади. Шунингдек, режага мувофиқ «Пахтакор» ва янги қуриб битказилган «Бунёдкор» стадионларини ҳам кўздан кечирин назарда тутилган.

Ўзбекистонга сафар давомида Платинига УЕФА Ижроқўми аъзоси Мариос Лефкаритис, УЕФА президенти маслаҳатчиси Паскал Торрес, УЕФА президенти ёрдамчиси Моника Мхитарян ва Озарбойжон футбол федерациялари уюшмаси бош котиби Элхан Мамадов ҳамроҳлик қилади.

Платини бошчилигидаги делегация 12 октябр куни Тошкентдан Туркманистонга жўнаб кетади.

2012 йилнинг май ойида Венгрия пойтахти – Будапешт шаҳрида ташкил этилган ФИФА конгрессида ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳамда УЕФА раҳбари Мишел Платини иштирокида учрашув бўлиб ўтганди.

Платинининг Тошкентга бўлажак ташрифи айнан ўша учрашувдаги самимий таклиф сабаб амалга оширилади, дейилади ЎФФ расмий сайтида.