Тошкентдаги дизел ёнилғиси сотадиган ёнилғи қуйиш хусусий шохобчаларига солярка умуман берилмай қўйди. “UzGazOil” шохобчаларида ҳам дизел ёнилғиси тортилиб қолди. Бу шохобчаларнинг баъзиларида солярка фақат олдиндан шартнома тузган корхоналар автомобилларига карточка орқали бериляпти.
Озодликка бу хабар ўз мобил мухбиридан етиб келди:
“Ҳозирда Тошкентда дизел ёнилғиси муаммо бўлмоқда. Хусусий заправкаларда умуман солярка йўқ. Фақатгина “UzGazOil”нинг 1-2 заправкасидагина олдиндан шартнома қилиб¸ "GazOil" пластик картасига пул тушириб қўйган корхоналар машиналарига онда-сонда 50 литрдан қуйиб беришяпти. Қўлда сотилаётган ёнилғининг литри 2500 сўм, агар тора олса. Ёнилғи ортидан учта автобус саройи директорлари тергов қилинаяпти. 3-12 автобус саройлари директорлари ҳозирда ҳибсда”.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F65811583&show_artwork=true
Бу хабар ортидан Озодлик мухбири суҳбатлашган Тошкентдаги қатор хусусий ва “UzGazOil” АЁҚШлари ходимлари олти ойдан буён дизел ёнилғиси олмаганларини билдирдилар:
- Биз олти ой бўлди солярка сотмаганимизга, шаҳарга умуман солярка бермаяпти, дейди “Intrian service” МЧЖга қарашли АЁҚШ операторларидан бири.
“Masterclassoil” МЧЖ га қарашли АЁҚШ оператори базанинг ўзида ҳам солярка йўқлигини билдирди:
- Ҳозир йўқ, анчадан бери сотмаяпмиз. Базада йўқ экан, дейишаяпти, дейди АЁҚШ оператори.
“Шарқ Азимекс гуруҳ” МЧЖга тегишли АЁҚШлардан бири операторига кўра, уларга ҳам бир йилдан буён солярка берилмаган:
- Йўқ, йўқ, йўқ, солярка келмаганига бир йилдан ошди. Бундан бошқа умид бўлмади шекилли¸ солярка резервуарларимизни 80-бензинга алмаштирди, хўжайинлар, дейди АЁҚШ оператори.
“UzGazOil”нинг Озодлик боғланган Тошкентдаги АЁҚШлари операторлари ҳам дизел ёнилғиси йўқлигини билдиришди. Айрим шохобчаларда сотилаëтган слоярка ҳам¸ айтилишича¸ фақат “UzGazOil” пластик карточкаларига эга бўлган шахсларгагина сотилмоқда:
- Йўқ, йўқ, ака. "GazOil" карточкага фақат беряпмиз, бошқага йўқ, дейди “UzGazOil” операторларидан бири.
Озодлик мухбири Тошкентда дизел ёнилғиси тақчиллашгани сабабларини ўрганиш мақсадида “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик жамиятига қўнғироқ қилди. Жамият Жамғармалар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Тошкентда дизел ёнилғиси тақчиллашганини тан олди. Тақчиллик сабаби¸ мулозимга кўра¸ солярканинг асосий қисми қишлоқ хўжалигидаги кузги экин-тикинлар учун сарфланаëтгани билан боғлиқ:
- Дизел ёнилғисининг сал танқисроқ бўлиб қолгани сабаби, ҳозир, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги бу билан таъминланaяпти, лекин солярка йўқ бўлган эмас, бор, деди “Ўзбнефтмаҳсулот” мулозими.
Озодлик мухбири дизел ëнилғиси тақчиллиги сабабини ўрганиш мақсадида “UzGazOil” идорасига ҳам қўнғироқ қилди. Бироқ “UzGazOil” мулозимлари Озодлик сўзини эшитиши билан гўшакни илиб қўйишди.
"UzGazOil" ходимларига хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирлари билан гаплашмаслик ҳақида жиддий кўрсатма берилганини ëзган ушбу корхонанинг исми сир қолишини сўраган хизматчиси¸ Озодликка ëзган мактубида дизел ëнилғиси тақчиллашгани сабабларига ҳам ойдинлик киритган :
“Бир неча куни олдин UzGazOil раҳбарлари мажлис қилиб, Озодлик саҳифаларида UzGazOil билан боғлиқ мақола чиққанини муҳокама қилишди. Бу мажлсида корхона раҳбарларига ва масъул ходимларига эҳтиёт бўлишлари таъкидланди. Оммавий ахборот воситаларига корхона сири ҳақида маълумот берган одам ишдан бўшатилиши ҳақида ноқонуний равишда тилхатлар олинди.
Дизел ёнилғиси корхона раҳбарияти буйруғисиз ҳеч кимга сотилмаслиги буюрилди. Ҳозирда дизел ёнилғиси танқис. Аниқ маълумотларга таяниб шуни айтиш мумкинки, дизел бир неча Uzgazoil шохобчаларида фақат раҳбариятнинг таниш-билишларигина сотмоқда. Дизел ёнилғиси корхона раҳбарлари томонидан давлат нархидан анча баланд нархда сотилмоқда. Ҳозир бензин ҳам тақчиллашиб бормоқда”, деб ёзди ўз хавфсизлиги боис исми-шарифи сир қолишини истаган UzGazOil мулозими.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди