Россияда олтита Интернет сайти фаолияти тақиқланди

Россияда номақбул материал тарқатаëтган Интернет сайтларини тақиқлашга қаратилган “Ягона реестер” кучга кирганидан бери ўтган 24 соат ичида болалар порнографиясини тарғиб қилаëтган сайтлар устидан 5000 дан ошиқ шикоят аризаси тушган.

Бу ҳақда бугун оммавий ахборот воситалари фаолиятини назорат қилувчи Роскомнадзор федерал агентлиги расмийлари баëн қилди.

Расмийларга кўра¸ бу шикоятлардаги айбловларнинг 96 фоизи асоссиз бўлиб чиққан. Айни пайтда мазкур агентлик Интернет провайдерларига мурожаат қилиб¸ 10 та сайт маъмуриятидан номақбул деб топилган материалларини 48 соат ичида олиб ташлашни сўрашни талаб қилган. Россияда амал қила бошлаган янги реестерга биринчи куннинг ўзидаëқ олтита сайтга тақиқ қўйилган.

Россия расмийлари Интернетдаги материалларни назорат қилувчи “Ягона реестер”нинг болаларни порнография қурбонига айланиш, наркоманлик ва суиқасд каби иллатлардан ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидламоқда.

Айни пайтда бу қонун мухолифлари шу баҳона билан ҳукуматга танқидий руҳда бўлган Интернет сайтларининг ëпилиши хусусида ташвиш билдирмоқдалар.