Сайлов пойгасидагилар маррага яқинлашиб қолди

Пайшанба куни Обама Висконсин ва Невадада, Ромни Виржинияда сайловчилар билан учрашди


Ижтимоий сўров натижаларига қараганда, номзодлар овоз бериш кунигача қолган вақтларини икковларидан биронтасининг ҳам қўли баланд келаётгани аниқ бўлмаган штатларда ўтказиши кутилмоқда.

Оҳайо, Колорадо, Айова, Нью Хемпшир, Висконсин, Виржиния ва Невада ана ўша штатлардир.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, ҳар иккала номзод сайловолди пойгасида деярли бир хилда кетмоқда.

АҚШнинг шарқий соҳилига ҳуруж қилган Сэнди довули туфайли бир неча кунга тўхтаб қолган сайловолди кампаниясини пайшанба куни Обама Висконсин ва Невада штатларида, Ромни эса Виржинияда давом эттирди.

Иккала номзоднинг ҳам сайловчилар олдидаги чиқишларида “ўзгаришлар” мавзуи бош мавзу бўлди.

Виржиния штатидаги Дозуэлл шаҳрида қилган чиқиши чоғида Митт Ромни Барак Обамани ҳукумат аппаратини, хусусан федерал агентликларни кенгайтириш тарафдори эканликда танқид қилди.

Ромни ва у вакили бўлган Республикачилар партияси чоғроқ бўлган ҳукумат тарафдори эканлигини айтади. Республикачилар фикрича, бошқарув аппарати қанчалик катта бўлса, иқтисодий ўсиш суръати шунчалик паст бўлади.

Ромнининг фикрича, кейинги йилларда ўсиш суст бўлди ва Америкага реал “ўзгаришлар зарур”. Ўша ўзгаришларни у – Ромни олиб келади.

-Олдимиздаги сайловнинг аҳамияти каттадир ва буни сиз тушуниб турибсиз. Биламанки, баъзилар ҳозир кетаётганимиз йўл тўғри ва биз мана шу йўлда кетаверишимиз керак, дейди, ҳозир ишларимиз беш, дейдиганлар бор. Бироқ, менимча, жорий аҳвол Америка учун тўғри йўл эмас. Менимча, Американинг реал ўзгаришларга зарурати бор. Бу ўзгаришлар ваъда қилинди ва биз уларни Америка халқига берамиз, деди Митт Ромни.

Висконсин штати сайловчилари билан учрашар экан, Обама ҳам ўзгаришлар мавзуида гапирди. Бу мавзу президентнинг 2008 йилги кампаниясида ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган эди.

Обаманинг фикрича, йирик тадбиркор ва Массачусетс штатининг собиқ губернатори Ромни чинакам ўзгаришлар таклиф қилиш ўрнига собиқ президент Жорж Буш олиб борган сиёсатга қайтишни таклиф қилмоқда холос.

-Сайловолди кампанияси якунланаётган ҳафтага келиб губернатор Ромни устомон сотувчи каби ўзининг бутун қобилиятини мамлакатимизга путур етказган ўша эски сиёсатга, оқибатларини биз сўнгги тўрт йил давомида аранг тозалаган ўша эски сиёсатга янги кўйлак кийдиришга уринди. Ва ўша кўйлакни бизга ўзгариш, деб тақдим этмоқда. Сўзларига қараганда, у ўзгаришлар номзоди эмиш. Висконсин аҳли, биз сиз билан ўша ўзгаришларнинг нимага ўхшашини биламиз. Фақат, губернатор ваъда қилаётган ўзгаришлар ўзгаришлар эмасдир, деди Барак Обама сайловчиларнинг қарсаклари остида.

Сайловолди кампаниясининг боришига ҳукуматнинг жума куни эълон қилиниши кутилаётган ишсизлик тўғрисидаги янги ҳисоботи таъсир қилажаги айтилмоқда.

Бу соҳада ҳар ойда эълон қилинадиган ҳисоботларнинг сентябрдагиси Обама учун ижобий натижа бўлди, чунки бу ойда ишсизлик даражаси у президентликка келган пайтдаги 8 фоиздан қуйига - 7, 8 фоизга тушгани маълум бўлди.

Нью-Йорк шаҳри мэри Майкл Блумбергнинг Обамани қўллаяжаги тўғрисидаги баёноти ҳам жорий президентнинг муваффақияти гарови сифатида кўрилмоқда.