"Ўзбек элчихонаси эшигида" — Москва

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси остонасига йиғилган ўзбекистонликлар.

“Ўзбек элчихонаси эшигида” рукнининг бу сонида Озодликка мурожаатларда номи кўп тилга олинган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик хизмати ҳақида гап боради.

Озодлик таҳририятига бу консулликка иши тушган ва ўз мурожаатига тегишли жавоб ололмаганини айтиб, боғланган ўзбекистонликлар талайгина.

Буларнинг аксарияти паспортини йўқотган, паспорти яроғсиз ҳолга келгани боис янгилашга мажбур бўлган, Россияда фарзанди туғилган ёки Ўзбекистондаги ижтимоий ҳолатига оид маълумотнома керак бўлган ўзбеклардир.

Россия ҳудудида 25 ёшга тўлган ва охирги 6 ой ичида ишсиз бўлгани учун йўлкирага пул тополмай, хорижда паспорти муддатини ўтказиб юборган Абдулла Хотамов булардан биридир.

- Москвадаги элчихона дарвозаси олдида юзтача қўриқчи. Шулардан ўтиб-ўтиб, ичкарига кирдик ва тушунтирдик: аҳвол шунақа-шунақа, Ўзбекистонга боришга ҳеч шароит йўқ, 7 кун қолди паспортнинг муҳлати тугашига, нима ёрдам бера оласизлар, десак, керак бўлса, пул топасизларда, деган жавоб бўляпти. Мен Ўзбекистон элчихонасини давлатимизнинг Россияда юрган, қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларини ҳимоя қилувчи бир вакили, деб тушунардим. Наҳотки, элчихонамиз менга ёрдам бермаса? - дея Озодликка мурожаат қилган эди Россия ҳудудида 25 ёшга тўлган Абдулла Хотамов.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F67108160&show_artwork=true

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси консуллигига мурожаат қилишдан олдин Озодлик бироз аввал таҳририятга муаммосини сўзлаган Абдулла Хотамовнинг аҳволи билан яна қизиқди.

Аммо, айрим танишларининг ижара уйида бекитиқча жон сақлаб тургани, ишсиз бўлгани боис ҳужжатсиз қолгани, ҳужжатсиз бўлгани боис бундан буёғига ҳам ишсиз қолиши аниқлигидан нолиган Абдуллани топишнинг имкони бўлмади.


Москвадаги консулликка иши тушиб борганини айтган яна бир тингловчи эса 31 ёшли Нафиса Пардаева эди. У консулликдан сўраган ҳужжатини олгани, аммо ҳужжатни олиш учун кетган муддат чўзилгани ҳамда порахўрликка гувоҳ бўлгани ҳақида сўзлаган эди.

- Дарвозахонада 4 та охранник. Ярим соат турдим навбат кутиб. Шунда ўша ерда юрган укам қатори йигитлар: "Опача ҳозир бир йигит чиқади, шунга 1 ярим минг рубл берсангиз, бир пастда справкани тўғирлаб беради", дейишди. Бу қарийб 50 доллар пул. Мен рози бўлмадим. Кейин ҳалиги бола чиқди, уларнинг пулини олди ва кириб кетди. Элчихонанинг ходими эканда у бола. Ёш, тошкентлик йигит. Парадний эшикдан чиқди, - деган эди Нафиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлимида гувоҳ бўлгани ҳодисани ҳикоя қилар экан.

Бу каби Озодликка боғланган яна кўплаб ўзбекистонликлар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Консуллик хизмати биноси олдидаги турнақатор навбат, қўпол муомала ва порахўрликдан норози бўлиб гапирган.

Биз мурожаатларда йиғилган эътирозлар ва арзу-шикоятларни жамлаб, элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилдик.


Ярим расмий тасдиқ ва инкор...

Элчихонанинг расмий сайтида берилишича, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчилиги биноси Погорельский тор кўчаси, 12 –уйда; Консуллик хизмати биноси эса Казачий 2-тор кўча, 2-уйда жойлашган.

Одатан, Ўзбекистон фуқароларининг иши ўз давлати элчилигининг Консуллик хизматига тушгани боис биз консулликнинг расмий сайтда берилган – 7 (499) 230-13-01, - 7 (499) 230-00-54 телефон рақамларига қўнғироқ қилдик.

Бу рақамлар орқали консуллик ходимлари билан боғланиш осон кечмади.

Расмий сайтда номлари тилга олинган: Бош консул, элчи маслаҳатчиси Қоратоев Шавкат Ниғматуллаевич, Биринчи котиб Абдураҳмонов Зафар Хамидович, Иккинчи котиб Намозов Ҳусан Намозович, Учинчи котиб Алиқулов Бурҳон Абдуҳошимович, Катта реферант Шермуҳамедова Дилдора Файзиевналарнинг бирортаси билан расмий сайтда Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонлик фуқаролар эътиборига ҳавола қилинган телефон рақамлари орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

Фақат бир киши – ўзини консулнинг катта ёрдамичиси Арсен Ибрагимов, деб таништирган ва - 7 (499) 230-00-54 телефон рақамига такрор-такрор қўнғироқлардан бирига жавоб берган ходим Озодлик мухбири билан бирозгина суҳбатлашди.

Аммо, мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган ва интервю ҳақидаги сўровга: «Бир соатлардан кейин боғлансангиз, интервю беришим мумкин», деб жавоб берган бу ходимдан ҳам интервю олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик ваъдалашилгани каби бир соатдан сўнг боғланди, аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Кейин 10 дақиқа, яна 10 дақиқа, яна 10 дақиқадан кейинги қўнғироқларга ҳам жавоб бўлмагани боис Озодлик ўзини консулнинг катта ёрдамчиси, деб тақдим қилган Арсен Ибрагимов билан микрофонсиз суҳбатдан олинган маълумотлар билан чекланишга мажбур бўлди.


"Консуллик олдида турнақатор навбат бор, аммо..."

Ўзини Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консулининг катта ёрдамчиси, дея таништирган ходим консуллик биноси олдида ҳамиша турнақатор навбат бўлиши ва фуқароларнинг баъзан, кунлаб навбат кутиши мумкинлигини инкор қилмади.


Аммо унинг сўзларига кўра, навбат кутаётганлар узоғи билан 3 соатча пойлашлари мумкин, холос.

Суҳбатдош консуллик қабул бўлимининг ярми бино ичида, ярми ҳовлида экани ва у ерга бир вақтнинг ўзида бир ярим мингта одам сиғиши мумкинлигини айтиб: «Биз кунига 500-400 одамни қабул қиламиз. 6 та дарчада хизмат кўрсатамиз. Ўзингиз ўйланг, бунча одамнинг орасида кутишга тўғри келади баъзида. Аммо, уч ҳафталаб кутиш йўқ, бу тўғри гапмас», деди.

У суҳбатлашганимиз кунда Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги 400дан ортиқ одамни қабул қилганини айтди.

«Кўпчилигига справка керак, бугун кечки пайтнинг ўзида олиб кетади, муаммо йўқ», деди ўзини консуллик ходими, деб таништирган Ибрагимов.


"Ҳужжатни Москвадаги консуллик эмас, ИИВ кечиктиради"

Тингловчиларнинг консулликдан олиниши лозим ҳужжатларни кунлаб, баъзан, ҳафталаб кутишлари ҳақидаги фикрларини ҳам ўзини консуллик вакили, деб таништирган суҳбатдош мутлақо инкор қилди.

Унинг айтишича, бир парча қоғоз учун ўзбекистонликларни ҳафталаб куттириш практикаси умуман йўқ. Аммо, баъзан 2-3-4 кунлаб кутишга тўғри келади ва бу консулликнинг иродаси билан бўлмайди.

«Масалан, паспорт йўқотган бўлса, биз Ўзбекистонга МВДга запрос берамиз ва кутамиз. Тошкентдан жавоб бир кунда келади кўпинча, Самарқанддан 3 кунда, допустим Чирчиқданам 2-3 кунда келади», деди суҳбатдош.


Унга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига жўнатилган сўровга жавобнинг қачон келиши номаълум ва шу боис, ҳужжатни сўраб келган фуқарога ҳам фалон куни келинг, дейиш имконсиз.

«Иши зарурларга кутиб туринг, деймиз. Қолганларига 3 кундан кейин келинг, деймиз. Баъзилари энди ҳар куни келадида, ўтиради шу ерда эрталабдан кечгача», деди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллиги ходими Озодлик билан ўзаро суҳбатда.


"Фуқарога консуллик эмас, милиция ходимлари қўполлик қилади"

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллиги ходими Озодлик билан суҳбатда мурожаат қилган фуқароларнинг эшикдан нари қўполлик билан қайтарилганига оид маълумотларни ҳам инкор қилди.

Аммо, у элчихона биносини қўриқлаб, дарвоза олдида турадиган қўриқчиларнинг ҳатти-ҳаракатларига элчихона жавоб бермаслигини ҳам қўшимча қилди.

«Бу қўриқчиларни МВД жўнатган, биз уларнинг ишига аралаша олмаймиз. Лекин улар ҳам келганларга яхши муомала қилади, унақа сўкинишлар йўқ», деди қисқагина қилиб консуллик ходими.

Кейин биз конкрет мисоллар келтирдик ва жумладан, Нафиса Пардаеванинг мурожаатини етказдик.

“Баъзида, шунақа қўполлик бўлиши мумкиндир, мен билмасам, лекин бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Тушунинг ҳар куни 500 одамга бирдек яхши муомала қилиш қийин. Улар орасида ҳар хили бор”, деди бу ходим.


Ҳар хили бор дер экан, консуллик ходими, консулликка биринчи қабулдаёқ ҳужжатларни тўлиқ тўплаб, тўғри тўлдириб топширадиганлар ва ҳар келганида бир ҳужжати кам бўладиган, ҳужжатларни тўлдирар экан, қайта-қайта хато қиладиганлар ўртасидаги тафовутни назарда тутаётганини аниқлаштириб ўтди.

Шу тариқа у аслида консулликнинг олдидаги турнақаторга кўпроқ ишини тўкис битира олмайдиганлар сабаб бўлишини урғулаб ўтди.

Бироқ, қандай бўлишидан қатъий назар Россияда бирор муаммога учраб, элчихонанинг консуллик бўлимига борганлар Ўзбекистон фуқаролари экани ва консуллик уларни ҳимоя қилишга масъул эканини тан олган Ибрагимовга сўнгра порахўрлик ҳақидаги мурожаатларни ҳам баён қилдик.


"Порахўр ходимлар йўқ, товламачилар бор"

Москвадаги консулликка иши тушиб борганини айтган 31 ёшли Нафиса Пардаева у ерда порахўрликка гувоҳ бўлганини сўзлаб берган эди.

Консулликнинг асосий дарвозасидан бирров ташқарига чиқадиган ва одамлардан 1 минг – 1 ярим минг рублдан пул олиш эвазига тегишли ҳужжатларни қисқа муддатда тайёр қилиб берадиган, тошкентлик ёшгина йигит”, дея Нафиса Пардаева тилга олган ҳолатга Арсен Ибрагимов мутлақо хотиржам муносабат билдирди.

Унга кўра, консуллик биноси олди ҳамиша гавжум бўлади ва одамлар орасида товламачилик қилиб юрганлар кўп кузатилади.

“Бизга баъзида биздан олинган, деган документларни олиб келишади, а печатлар бизникимас. Шунақа мошшениклар ҳам учрайди”, деди консуллик ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Аммо: “У ҳолда элчихонанинг катта дарвозасидан бемалол кириб-чиқиш ҳаққига эга товламачилар ҳам бўладими?” деган саволга жавоб бераркан, консуллик ходими бирозгина ўйланиб қолди.

Кейин Озодлик мухбири саволни бошқачароқ қўйди: “Сиз одамлардан пора олмайсиз, лекин қайсидир ҳамкасбингиз олиши мумкиндиру, балки сиз буни билмассиз?”

Арсен Ибрагимов бу саволга: “Бўлиши мумкин. Лекин, кимда-ким бирор ходим пора олаётганини кўрса, дарҳол элчига ариза билан мурожаат қилсин, конкрет номини кўрсатсин ўша ходимни”, деб жавоб берди.

“Ҳеч шунақа ҳамкасбларингиз бўлганми?” дейилган саволга эса бу ходим консулликнинг ходимлари ҳар бир йилда алмашиши ва у ўз тажрибасида пора олган консуллик ходимини учратмаганини айтди.


Ярим расмий тасдиқ ва инкорга жавоб

Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигига қилинган такрор ва такрор мурожаатлардан бирига жавобан ўзини Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консулининг катта ёрдамчиси, дея таништирган Арсен Ибрагимовдан олинган маълумотларга муносабатини сўраб, Озодлик мухбири яна Нафиса Пардаевага боғланди.

Пардаева консулликдан шикоятларга инкордан бошқа жавоб олиб бўлмаслигига ишончи комил эканини айтар экан, мана бу гапларни қўшимча қилди:

“Эссизгина, пул йиғиб кетган йигитнинг карточкаси ҳам бор эди, исмини кўриб қолмаган эканман. Ёмғир ёғиб турганига ўзим билан оввора эдим. Лекин мен ўзим зарур ҳужжатни уч ҳафта ичида олганим рост. Биринчи котиб Абдураҳмонов З., деган киши уч кундан кейин имзо қўйиб берган. Ўшалар ўзи биладику ахир вазиятни”.

Расмий сайтда берилган маълумотга кўра, "Абдураҳмонов З." биринчи котиб Абдураҳмонов Зафар Хамидовичдир ва Озодлик у кишидан Пардаеванинг арзига муносабат ололмади.


"Ўзбек элчихонаси эшигида..." лойиҳасида иштирок этинг!

"Ўзбек элчихонаси эшигида..." туркумининг келгуси лавҳаларида ҳам тингловчи ва муштарийларимиз тилга олган конкрет мауммолар юзасидан Ўзбекистоннинг турли давлатлардаги элчихоналари, консуллик хизматларидан жавоб олишга уринишда давом этамиз.

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан боғлиқ конкрет ҳолатлар бўлса, бизга билдиринг.

Лойиҳамизда иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ўзбек элчихонаси эшигида" — Москва