Facebook ижтимоий тармоғида яқинда очилган ва кун сайин оммавийлашиб бораётган "Uzbekistan Illustrated" (Ўзбекитсон расмларда) саҳифаси модераторига таҳдид қилинмоқда.
Бу ҳақда ўзбекистонликлар ҳаётига оид карикатураларни эълон қилиб борадиган саҳифа маъмурияти очиқ хат орқали маълум қилди.
Шахсини ошкор қилмаган Интернет фойдаланувчиси (ёки бир гуруҳ фойдаланувчилар) Facebookдаги саҳифа муаллифига ҳар хил “ник”лар орқали хат йўллаб, саҳифада чоп этилаётган баъзи карикатуралар “айримларга” ёқмаётгани ва расмлар муаллифига “кўпчилик тиш қайраб тургани”ни билдирган.
"Uzbekistan Illustrated" маъмуриятининг ёзишича, таҳдид хатида саҳифа учун аноним тарзда карикатуралар чизиб келган муаллиф тўғрисида маълумотларни – унинг исми, сурати, у ишлаган лойиҳалар, ҳатто унинг шахсий телефон рақамини аниқ билишини айтган.
Кимлигини ошкор этмаган таҳдидчидан келган хатлардан бирида бундай дейилади:
"Менинг кўплаб танишларимга веб-сайтдаги баъзи: милиция, ҳокимларнинг ўринбосарлари (қаердан олишди экан буни? – “UI” маъмурияти), аэропорт ва ҳоказолар ҳақидаги ишларингиз ёқмайди... Шунинг учун ҳам “фош қиляпмиз”. Қаҳрамонимизнинг кимлигини билиб қўйишсин. Агар қўрқаётган бўлсангиз, тўғри қиласиз. Сизга қарши кўпчилик тиш қайраб турибди... Ҳақиқатни гапиришни яхши кўраман. Карикатура – ўзбеклар учун янгилик", деб ёзади аноним шахс.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F67509048&show_artwork=true
Facebookдаги саҳифада ҳар куни биттадан “свежий” карикатура чоп этиб келадиган рассом сўнгги ҳажвий расмини таҳдидчига бағишлади ва унда эгов билан тишини қайраб турган одамларни акс эттирди. Бир-икки соат ичида юзлаб одам бу карикатурани "like" қилди.
Аноним таҳдидларга жавобан шу кунгача шахсини яшириб келган рассом ўзининг кимлигини "Uzbekistan Illustrated" саҳифасида ошкор қилди. У асли самарқандлик, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Жасур Раҳимовдир.
“Бу хат орқали кимлигимни очиқламоқчиман. Нега буни аввалроқ қилмадим? Сабаби мен одамларнинг шахсиятга чалғимасдан, суратлардан баҳра олишини истардим. Мен усиз ҳам Интернетнинг кўп жойида борман. Айтганча, менинг исмим Жасур ва бу саҳифани рафиқам иккаламиз олиб борамиз. Мен машҳур ва масрур Самарқанд шаҳриданман. Мен суратлар чизаман ва ўзимни эркин рассом деб ҳисоблайман. Яна фото ва видеога ҳам оламан... Айни дамда АҚШда яшайман”, деб ёзди саҳифа муаллифи.
150 минг ўзбекистонлик фойдаланувчиси бор Facebook тармоғидаги "Uzbekistan Illustrated" саҳифаси ишга тушганига бир ойча бўлиб қолди. Бу вақт ичида уни "like" қилганлар сони икки ярим минг кишига етган. Саҳифа муаллифи Жасур Раҳимов Ўзбекистон ва оддий ўзбекистонликлар ҳаётига оид ўзи чизган ранг-баранг карикатураларни эълон қилиб боради.
Маҳорат билан чизилган карикатураларда оддий ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаёти, яшаш тарзи, одатлари, қувончи-ю ташвишлари акс этгани учун ҳам гуруҳ борган сари оммавийлашиб бормоқда.
Аноним таҳдидчининг “Карикатура – ўзбеклар учун янгилик” деган иддаоси эса кўпчилик Интернет фойдаланувчилари норозилигига сабаб бўлди. Улар Ўзбекистонда қарийб бир асрдан бери (1923 йил) чоп этиб келинадиган машҳур “Муштум” ҳажвий журналини мисол қилиб келтиришмоқда.
Қуйида "Uzbekistan Illustrated" саҳифасидан олинган карикатуралар тўпламини келтирамиз. Расмлар рассом розилиги билан олинди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди