Прокуратура "Голяново қуллари" иши ёпилганини эълон қилди

10 йиллик қулликдан сўнг Боқия онаси Тумор Қосимова билан кўришмоқда.

Москва шаҳар Преображенский туман прокуратураси oзиқ-овқат дўконида октябр ойи охирида озод этилган Ўзбекистон фуқароларининг қулликда сақланишига оид тергов жараëни ёпилганини маълум қилди.
Прокурор жиноий иш очилишига қарши

Москва прокуратураси Голяново туманида жойлашган қозоғистонлик тадбиркор эр-хотин Сакен Муздибаев ва Жансулу Истанбековаларга тегишли “Озиқ-овқат” дўконидан ҳуқуқ фаоллари томонидан озод этилган Ўзбекистон фуқаролари ишида “қуллик ёки бошқа жиноят аломатлари аниқланмади” деган асосда терговни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарди.

Озодлик билан суҳбатда Москва шаҳар прокуратураси Ахборот бўлими раҳбари Елена Россохина Преображенский туман прокурори қарори оммавий ахборот воситалари томонидан бироз нотўғри талқин қилинаётганини айтади:

- Преображенский туман прокурори жиноий ишни қўзғатиш учун етарли асос кўрмади. Тергов қўмитаси бу қарор устидан шикоят қилди¸ яъни жиноий ишнинг ўзи очилгани йўқ. Ҳозирча бизнинг қўлимизда шу дўконда гўё одамлар озод қилингани тўғрисида Тергов қўмитаси томонидан очилган тафтиш материаллари бор, холос. Прокуроримиз эса айнан шу материалларга таяниб у ерда одамлар қулликда сақлангани ҳақидаги иддаолар жиддий текширилиши лозимлигини таъкидлади, деди Москва прокурори катта ёрдамчиси Елена Россохина.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Елена Россохина билан суҳбат



Прокуратура вакиласи Озодлик билан суҳбатда “ўзбек аёллари шу йиллар давомида бемалол қочиб кетишлари мумкин эди, улар бу масалада ҳеч қаерга мурожаат қилишмаган, демак у ерда мажбурлаш аломатлари бўлмаган”, дея содда хулоса чиқариб берди.

Магазин подвалида 10 йил давомида ушлаб турилганини гапирган ўзбекистонлик Лайло Аширова, маҳбусаларнинг ҳар бир қадами назорат остида бўлгани, арзимас камчилик учун қаттиқ жазоланиб келингани боис ўзларида қочиш имкони бўлмаганини айтади:

- Биз келишимиз билан паспортларимиз олиб қўйилди ва шунча йил давомида берилмади. Баъзан телефонда ота-оналаримиз билан гаплашганда улар телефонни баланд овозга қўйиб, бизни яқинларимизга "ишларимиз яхши" деб гапиришга мажбурлашарди. Биз кўчага чиқмас эдик, ота-онамиз “Нега пул жўнатмаяпсан?”деса, биз “Пулларимизни машинага, квартирага йиғяпмиз, ўзимиз борганда олиб борамиз”, дейишимиз керак эди, дейди Лайло Аширова.

Шунингдек, ўзбек мардикорлари қозоғистонлик дўкон эгалари маҳаллий полиция ходимлари билан ҳамтовоқ бўлгани, уларнинг қинғир ишларига полициячилар доимо кўз юмиб келганини иддао қилишмоқда.

Қулликдан озод этилгани айтилаëтган ўзбекистонликлар иши юзасидан “терговнинг тўхтатилгани” тўғрисида ўз манбаларига таяниб биринчи бўлиб “Альтернатива” ёшлар ҳаракати лидери Олег Мелников¸ “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида хабар берган эди. Тергов қўмитасида ҳаракат намояндаларига агарда бу иш юзасидан жиноий иш тўхтатилса, хусусан Москвада бу каби ҳодисалар сони кескин кўпайишини билдиришган.

Дўкон эгалари олдин ҳам қулдорликда айбланган

Ўзбекистонлик Лайло Аширова ва Боқия Қосимовалар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган фаоллардан олинган маълумотларга кўра, дўкон “хозяйкаси” Жансулув Истанбекованинг Шолпан ва Жанар исмли икки синглиси бор. Шолпан 2002 йилда бировни қулликка маҳкум этиш иши юзасидан аллақачон қисқа муддатга озодликдан маҳрум этилиб ўтириб чиққан.

2001 йилда худди шу магазинда олиб борилган махсус амалиёт натижасида 15 дан 18 ёшгача бўлган 10 нафар марказий осиёлик қизнинг озод этилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Полиция хабарига кўра, 2001 йил ноябрида Истамбекованинг қамоқхонага айлантирилган дўконида пичоқ билан уриб ўлдирилган 15 яшар қизнинг мурдаси аниқланган.

Қизиғи, Истамбекова Шолпан 2003 йилда шахсан президент Владимир Путин томонидан “инсонпарварлик тамойиллари асосида” авф этилган. Шолпан қамоқхонадан чиққунга қадар “тадбиркор” опа-сингиллар аллақачон Москвада бешта дўкон эгасига айланган.

Россия ҳуқуқ фаоллари Истамбековалар оиласининг бу каби қатор бошқа жиноятларга алоқадор бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова Москва прокуратураси чиқарган қарор ҳақиқатга мутлақо мос келмаслиги, Истамбековалар содир этган жиноятлари учун жавоб беришлари кераклигини гапиради:

- Қизларимиз қатъий руҳда курашни давом эттиришга тайёр. Улар охиригача боришмаса, ўз ҳаëтлари жиддий хавф остида қолиши тушуниб турибди. Шу сабабли, биз ҳам терговчилар билан жиноий иш қўзғатилиши учун барча имкониятларни ишга соламиз, дейди Озодлик билан суҳбатда Москвадаги мигрантлар ҳимояси билан шуғулланувчи Анастасия Денисова.

Суҳбат давомида Анастасия Қозоғистонда ҳам Уралская кўчасидаги Истамбековаларга тегишли бошқа бир дўконда узоқ йиллар қулликда сақланган яна бир аёл топилганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил 30 октябр куни Москванинг Новосибирская кўчасида жойлашган дўкондан ҳуқуқ фаоллари томонидан йиллардан бери қул сифатида ишлатилиб келинган 12 нафар Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароси озод этилди.

Бу хабар ортидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг қаттиқ босими остида қолган бу шахслар полиция томонидан “қулликда” “ноқонуний яшаб келганликда” айбланиб, Россия миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилиниши мумкин.