АҚШ фуқароси "энг қидирилаётган террорчилар" рўйхатига киритилди

АҚШ Федерал қидирув бюроси Сомалидаги исломий жанггарилар сафига қўшилган Америка фуқаросини "энг қидирилаётган террорчилар" рўйхатига киритди.

Умар Шафиқ Ҳаммомий Интернетда рэп қўшиқлари кўринишидаги исломий даъватларни эълон қилгани туфайли "Рэпчи жиҳодчи" лақаби билан танилган. Унинг исми чоршанба куни Қўшма Штатлар тарафидан терррорчи сифатида қидирилаётган 31 киши сирасига киритилди.

Абу Мансур ал-Амрикий исмини ҳам ишлатадиган 28 ёшли Ҳаммомий АҚШнинг Алабама штатида туғилган. Маълум бўлишича, у 2006 йилда Сомалига кетиб Ал-Шабаб исломий жанггари гуруҳига қўшилган. Баъзи хабарларга кўра у Ал-Шабаб етакчиси мақомигача кўтарилган ва ҳозирда Сомалида қолмоқда.