Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2012 йилги матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирланди.
Бироқ айни дамда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган Асқаров 20 ноябр куни Ню Йорк шаҳрида ўтган тақдимот маросимида қатнаша олмади.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ноябр ойи бошида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга қамоқда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячисини озод этиш учун очиқ петиция йўллаган эди.
Бироқ, қўмитага кўра, Қирғизистон раҳбари ушбу чақириққа жавоб бергани йўқ.
Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси қоидасига кўра, агар лауреат шахсан тақдирлаш маросимида қатнаша олмаса, унинг мукофоти ўзи келиб олмагунча қўмита биносида сақланади.
Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туманидан бўлган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Халқаро ҳамжамият Асқаров ишини сиёсийлаштирилган ва сохталаштирилган, деб таниган.