Тошкент ва Остона Қамбар-Ота ГЭСи бўйича халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилмоқда

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қримбек Кушербаев ўз мамлакати ва Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбар-Ота ГЭСи бўйича муштарак қарашга эга эканини баён қилди.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматига кўра, Кушербаев бу ҳақда ўтган ҳафта охирида Тошкентда бўлиб ўтган Қозоғистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг XII мажлисида билдирган.

“Шуни ҳам айтмоқчиманки, бу нозик масала бўлгани учун, давлатларимиз раҳбарлари Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш тизимида адолат бўлиши кераклиги борасида муштарак келишилган позицияга эга ва бу икки президентнинг қўшма баёнотида акс этган. Бу Қамбар-Ота ГЭС-1 лойиҳасига тааллуқли. Бу бизнинг принципиал позициямиз ва бу лойиҳа БМТ конвенцияси ва халқаро экспертиза асосида амалга оширилиши мумкин”, деган Кушербаев.

Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг жорий йил 6-7 сентябр кунлари Остонадаги учрашувида сўзлаган Ислом Каримов Марказий Осиёда сув ресурслари устидаги баҳслар ҳарбий можарога олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.