Ўзбекистон медиа соҳасидаги бир нечта раҳбар бир ҳафатнинг ичида қамоққа олинди. Улардан бири Хоразм вилоят телевидениеси раҳбари пора олганлик ва бесоқолбозликда айбланмоқда. Тошкентдаги Орият Доно ТРК раҳбари эса молиявий жиноятларда айбдор деб топилди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниянинг Хоразм вилоят бўлими рахбари, 36 яшар журналист Ботир Султонов шу ҳафта бошида ҳибсга олинди.
Айни пайтда Султонов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Хоразм вилоят бошқармаси тергов изоляторида сақланаëтгани айтилмоқда.
Ботир Султоновга яқин манбаларнинг Озодликка айтишича, унга пора олганлик ва бесоқолбозлик айблари қўйилган.
- Ботир Султоновга Ўзбекистон жиноят кодексининг 211-, 119- ва 120-моддалари бўйича айб қўйилган, деди исмини айтмаслик шарти билан Хоразм телевидениеси ходими.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F70057248&show_artwork=true
Бу маълумотни журналистнинг яқинлари ҳам тасдиқлашди.
Ўзбекистон жиноят кодексининг 119 ва 120-моддаларига кўра, ноананавий тарзда жинсий алоқа қилганлар ва бесоқолбозлик билан шуғулланганлар 3 йилдан 10 йилгача озодликдан махрум қилиниши мумкин. 211-модда эса пора олиш бериш билан боғлиқ.
Телевидениеда оммавий текшириш кетмоқда
Хоразм телевидениесида тасвирчи бўлиб ишлайдиган йигит (исми айтилишини ва овози эфирга берилишини истамади-таҳр.), Озодлик билан суҳбатда, Хоразм телевидениесида ëппасига текширув кетаëтганини айтди.Суҳбатдошга кўра, телевидение бухгалтериясидаги йигит ўз раҳбари Ботир Султоновни пора олганлик ва бесоқолбозлик қилганликда айблаб, Миллий хавфсизлик хизмати Хоразм вилоят бошқармасига маълумот берган.
Ана шундан кейин МХХ тезкор гуруҳи Ботир Султоновни қамоққа олиб кетган.
Директор ҳибсга олинган куннинг эртасига телевидение вилоят солиқ идораси ҳамда бошқа ўнлаб ташкилотлар билан биргаликда ëппасига текширила бошланган.
Ботир Султонов яқинларининг Озодликка айтишича, пора бериш ва бесоқолбозлик ҳолатлари ҳеч бир тарзда исбот қилинмаган.
Уларга кўра, Ботир Султонов телевидение ичидаги ëмон муҳит ва мансаб талашиш қурбони бўлган.
Озодлик мухбири Ботир Султоновнинг қамоққа олиниши юзасидан изоҳ сўраб, Хоразм вилоят прокуратурасига мурожаат қилди. Прокуратура ходими бу иш билан МХХ шуғулланаëтганини айтиб, гапни калта қилди.
МХХ матбуот котиби Олимжон Тўрақулов эса Озодликка бу юзадан изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Ëмон муҳит
Ботир Султонов вилоят телевидениесига раҳбар бўлишидан олдин "Ёшлар" телерадиоканали директори ўринбосари бўлиб ишлаган.У билан "Ёшлар" телерадиоканалида бирга ишлаган собиқ тележурналист Малоҳат Эшонқулова баъзи тафсилотларни очиқлади:
- Ботир Султонов ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев тарафидан Хоразм вилоят телевидениесига раҳбар қилиб тайинланди. Султоновнинг СНБ тарафидан ҳибсга олиниши ЎзМТРК раиси Алишер Хўжевга қарши компромат йиғилаëтгани билан изоҳлаш мумкин. Ҳозир уйдирма айб билан СНБ подвалида сўроқ қилинаëтган Ботир Султоновдан Алишер Хўжевга оид маълумотлар олинаëтганига ишонаман,- дейди собиқ тележурналист.
Ботир Султоновнинг яқинлари унинг ҳалол ва пок журналист эканлигини таъкидлаб унинг пора олиш ëки бесоқолбозлик қилиши ақлга тўғри келмаслигини таъкидлашди.
Султонов билан бирга ишлаган Эшонқулова ҳам бу гапларни қисман қувватлаган ҳолда бошқача фикр айтади:
- Ботир ака қанчалик пок бўлмасин ЎзМТРК тизимидаги порахўрликдан четда қола олмайди. Бу тизим фақат порахўрликка қурилган. Баъзан юқорига пора узатмаган мулозимлар СНБга (МХХ-таҳр.) ем қилиб турилади. Шу маънода Ботир Султоновни ëмон муҳит қурбони дея оламиз,- дейди Эшонқулова.
Медиа соҳасида қама-қамалар
26 ноябр куни Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди “ORIAT” телерадиокомпанияси директори Алишер Холдоров ва унинг икки ҳамкасбини турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди.“ORIAT” телерадиокомпанияси частоталари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Фирдавс Абдулҳолиқовга қарашли экани айтиладиган НТТ телеканалига ўтди.
Бундан икки ой олдин Хоразм вилояти Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаëтган S-IQBOL–TV студиясининг ҳақиқий эгаси деб билинган 40 яшар тадбиркор Сардор Ҳасановнинг иқтисодий жиноятларда айбланиб, 11 йилга қамалган хабар қилинган эди.
Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаëтган S-IQBOL–TV студияси эса асл эгаси қамалганидан кейин маҳаллий прократура ходими тарафидан шахсий мулкка айлантирилди.
Бу фактлар Ўзбекистондаги медиа бозори қайта тақсимланаëтганига ишорат каби кўрилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди