Нефт маҳсулотлари контрабандасига оид 420 ҳаракат олди олинди

Бекобод шаҳридаги Тожикистонга ўтадиган чегара-божхона пости.

Ўтган ўн ой мобайнида Ўзбекистон Божхона қўмитаси куч ишлатар идоралар ходимлари билан бирга ўтказган амалиётлари натижасида 229 миллион сўмлик нефт маҳсулотлари контрабандаси ушлаб қолинди. Бироқ, чегара ҳудудларида яшовчи ўзбекистонликлар айни пайтда ёнилғини ташқарига олиб чиқишга эҳтиёж йўқлиги, Ўзбекистонда бензин ва солярка тақчиллиги боис унинг қўлдаги нархи қўшнилардан ҳам баланд эканлигини айтадилар.



Жорий йил ўн ойи ичида Ўзбекистонда 160 минг тонна нефт маҳсулотлари контрабандаси ушлаб қолинган. 12news.uz Интернет сайтининг республика божхона қўмитасига таяниб, хабар беришича, Қорақалпоғистонда яшовчи К. исмли фуқаро ўзининг юк машинасига ўрнатилган яширинича бакларда 1600 литр соляркани чегарадан олиб ўтмоқчи бўлган.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F70056747&show_artwork=true

Шунингдек, Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Фарғона вилояти бўлими божхоначилари ҳам 4600 литр бензинни ушлаб қолганликлари айтилмоқда.

Марказий Осиёда бензин ва солярканинг нархи Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга нисбатан Ўзбекистонда арзон бўлгани боис, бу мамлакат чегара ҳудудларида ёнилғи контрабандаси кўпроқ учрайди.

Бироқ, айни кунларда Ўзбекистон вилоятларида бензин ва солярканинг тақчиллашгани боис, аксарият АЁҚШлар ишламаётир.

Наманган вилоятининг Поп туманида яшовчи 68 ёшли пенсионер Бахтиёр аканинг айтишича, илгари қўшни Тожикистоннинг Ашт туманига бензин ва солярка ўтказиш контрабандаси кузатилган, бироқ айни кунда бунга эҳтиёж қолмаган:

- Бизда ҳозир бензин қўлда 4000 сотиляпти. Заправкаларда бензин ҳам йўқ, солярка ҳам. Бирда-бир заправкаларга келиб қолса, ур-тўполон бўлади,- дейди Бахтиёр ака.

Фарғона вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Бешариқ туманида истиқомат қилувчи 45 ёшли Одилжон исмли ҳайдовчи йигитнинг айтишича, айни пайтда чегарадан бензин, солярка олиб ўтиш таққа тўхтаган:

- Илгари олиб ўтишарди, канистрларда, мотоциклларда. Ҳозир тўхтаган. Ўзимизга йўғу бензин, қўшниларга қаердан берамиз. Бизда бир литр бензин 4000-4200 сўмга чиқди. Контрабанда қилгандан кўра ўзимизда сотишгани уларга маъқулроқда, тинчгина, орқасида ҳомийлари бор. Нега бунча қиммат сотяпсан деб сўрагувчи одам йўқ,- дейди Одилжон.

Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда. Айниқса пахта терими мавсуми давомида бу тақчиллик янада кучайди.

Сўнгги ойларда ёнилғи таъминотида ҳатто Тошкентда ҳам узилишлар бўлиб турди.

“Ўзбекнефтмаҳсулот” расмийлари бу ҳолатни қишнинг эрта келгани, газда ишлайдиган автомобилларнинг совуқда ўт ололмай бензинга ўтганлиги ва аҳоли ўртасидаги асоссиз ваҳима билан билан изоҳламоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Нефт маҳсулотлари контрабандасига оид 420 ҳаракат олди олинди