Бу йил гриппдан ёш болалар кетмас йўталга чалинмоқда

Озодликка боғланаётган оддий аҳоли грипп вирусига чалинаётган болаларни 10-15 кунлаб даволашга тўғри келаётгани, болалар асосан, қуруқ йўталдан қийналаётганидан шикоят қилмоқда.


Озодлик суҳбатлашган бир неча тошкентлик оиладан олинган маълумотларга кўра, бу йил аҳоли ўртасида тарқалаётган юқумли грипп вирусига чалинаётган ёш болаларни даволаш оғир кечмоқда.

Бирданига 4 набираси касал бўлган ва уларни даволаш учун 15 кунлаб оввора бўлган Абдуқаҳҳор Мусаев шифокорлар бу йилги грипп вируси турини аниқлай олмаётгани ҳақида гапирди.

- 15 кун бўлди. Бирданига тўртта набирам касал бўлиб қолди. Дўхтирга бориб ҳамма анализларни топширишди. Лекин дўхтирларнинг ўзлари ҳам билмаяпти бунинг қанақа грипплигини. Даволаш учун бир вагон дори ёзиб берган, лекин ҳеч бир натижа бермади. Болаларни шу ўзимизнинг йўллар билан даволадикда, дейди Мусаев.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F70808897&show_artwork=true

Унга кўра, бу йилги грипп вируси натижасида ёш болаларда кўпроқ бурун битиши, оқиши ва қуруқ йўтал кузатилмоқда.

- Шу бурни битиб қоляптида. Бунинг устига қуруқ йўтал. Лекин, иситма йўқ. Дўхтирлар бир вагон дори ёзиб берди, лекин фойдаси бўлмади. Бу бизнинг дорилар кучсиз, сохтами ёки бу йилги гриппи шунақа кучлими - бунисини билолмадик, дейди замонавий медицина таклиф қилаётган дори-дармонлардан хавфсаласи пир бўлган Мусаев.

У ҳамшира бўлган келини ўз болаларини, асосан, табобат йўли билан даволаганини айтди.

- Асал билан шолғом бердик. Қўй ёғидан кўкракларига, орқаларига сурдик. Аптекадан фақат бурнига сепадиган битта дори фойда берди, холос, дейди Мусаев.

Тошкентлик ёш болали яна бир неча оиладан олинган маълумотларга кўра, боғчалар ва умумий ўрта таълим мактабларининг ҳамширалари ота-оналарни болаларни иссиқ сақлаш ва жамоат жойларига ниқобда юборишга ундамоқда.

Аммо, шаҳардаги қатор поликлиникалар шифокорлари бунинг ўзи етарли чора эмаслигини айтди.

Шифокорлардан биридан олинган маълумотга кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда грипп вирусининг ҳар йилги мавсумий туридан бошқача алоҳида бир тури қайд этилмаган.

- Ҳозирча алоҳида бир тури қайд этилмади. Бу ҳақда бизга хабар келардику сраззу. Лекин мавсумий вирусга чалинаётганларни кўпи бу йил кўпроқ йўталдан шикоят қиляпти. Ёш болаларда узоқ кечаётганиям кузатиляпти. Лекин бу менимча, болаларнинг иммун системаси кучсизлашаётганидан келиб чиқаяпти, дейди исмини ошкор қилмаган шифокор.

Бу шифокор ҳозир шамоллаш ва иситма билан поликлиникага мурожаат қилаётган беморларга “ўткир бронхит” ташҳиси қўйилаётганини айтди.

- Шу ўткир бронхит, деган ташҳис қўяпмиз. Ўткир бронхитда йўталнинг узоқ кечиши бўлади. Кейин болалар тўла даволанмасдан туриб, яна боғчага, мактабга чиқиб кетаяптида. Ёки оналари ишга чиқиб кетяпти. Шунинг учун болаларни даволаш қийин бўлаяпти, дейди тошкентлик шифокор.

Бу шифокор мавсумий гриппга чалинган болаларни даволаш йилдан-йилга чўзилаётгани сабабини болаларнинг иммун тизими кучсизлашиб бораётгани билан изоҳлар экан, бунинг биринчи сабаби аёллар ўртасида қисқа интервал билан кетма-кет туғиш ҳолати кўпайиб бораётгани, деб ҳисоблашини айтди.

- Мен ўзим шунга қарши неча йилдан бери курашаман. Қўлида ёш боласи бор, яна ҳомиладор бўлиб келади. Анув боласи бир ярим ёш бўлар-бўлмас кейингисини туққандан кейин каттасига етарлича қаролмайдими?! Оқибатда, болалари нимжон бўлиб ўсади ва сал нарсага касал бўлиб қолаверади, деб куйинади тошкентлик шифокор.

Бу шифокор бунда энг катта масъулиятни ота-оналарга юклади.

Аммо, болаларга қўшилиб, оналарнинг ҳам иммун тизими йилдан-йилга кучсизлашиб бораётганини таъкидлайдиган ўзбекистонликларнинг аксарияти бунга болаларнинг тўғри ва тўйимли овқатланмаслигини сабаб қилиб келтирадилар.

Энг кам иш ҳаққи 79 минг 590 сўм бўлган Ўзбекистонда эса истеъмол савати ҳақида бирор ҳуқуқий меёр йўқ.

Тошкентлик шифокорлардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йилгидек мамлакатда декабр ойи оралиғида грипп вирусининг кенг тарқалаши кутилишидан огоҳлантирган.

Шифокорлар аҳолини сабрли ва эътиборли бўлишга, шифокорлар тавсияларини оғишмай бажаришга чақирар экан, декабр ойи охирларига бориб вазиятнинг ўнгланиши, гриппнинг тарқалиши сустлашишини айтмоқдалар.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бу йил гриппдан ёш болалар кетмас йўталга чалинмоқда