Швеция жамоатчилик телевидениеси мамлакат ҳукуматига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага миллионлаб АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган навбатдаги ҳужжатли филмни эфирга берди.
"TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи" деб номланган филм швед журналистлари сентябр ойида эълон қилган "TeliaSonera-ўзбек иши" номли ҳужжатли филмнинг давомидир.
TeliaSonera Гулнорага пора бераётганини билган
"TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи" номли ҳижжатли филмда катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун катта миқдорда пора бергани билан боғлиқ жанжалга оид янги тафсилотлар берилган.Филм муаллифларидан бири Фредерик Лориннинг Озодликка айтишича, чоршанба куни эфирга бериладиган филмдаги фактлар TeliaSonera ширкатининг ижрочи менежерлари билан суҳбатларга асосланган.
- Бу филм аввал берилган ҳикоянинг давомидир. Унда 250 миллион АҚШ долларига яқин пора, полиция Гулнора Каримовага тегишли эканини гумон қилаётган ҳисоб рақамларига ўтказилгани ҳақида гап боради. Бугун эфирга бераётганимиз филмда TeliaSoneraнинг икки ижрочи менежери, яъни бу воқеани ширкат ичидан туриб кузатиб келган манбалар билан интервьюлар бор, дейди журналист.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F71072081&show_artwork=true
Швеция жамоатчилик телевидениеси TeliaSonera мулозимлари билан қилинган интервьюларни филм эфирга берилишидан олдин Озодликка тақдим қилди. Исми келтирилмаган бу мулозимлар TeliaSonera Ўзбекистонга кириб келишидан аввал Гулнора Каримова билан билвосита музокарага киришгани ва мамлакат телекоммуникация бозори эшикларини очиб бериш учун юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора беришга мажбур бўлгани ҳақида ҳикоя қилишади.
- Гулнора билан келишиш TeliaSonera Ўзбекистонда иш бошлай олиши учун асосий шарт бўлган. У билан музокаралар 2007 йилнинг феврал-март ойларидаёқ бошланган, дея ҳикоя қилади TeliaSonera ижрочи менежери.
Ақл бовар қилмайдиган вазият
Унинг айтишича, Гулнора Каримова номидан, TeliaSonera рақиби МТС-Ўзбекистон ширкати бош директори, ҳозирда Ўзбекистон томонидан молиявий жиноятларда айбланатган Беҳзод Аҳмедов музокара олиб борган.- Беҳзод Аҳмедов Гулноранинг агенти, воситачиси сифатида музокара қилган. У Гулноранинг дўсти, унинг телекоммуникация секторидаги воситачиси бўлган. Гулнора уни биз билан музокара қилиш учун шахсан тайинлаган, дейди TeliaSonera ижрочи менежери.
Ширкатнинг яна бир вакили, TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес бошлаш ҳаракатларига доир ваизятни эслар экан, бундай дейди.
- Беҳзод биз билан музокара қилиш учун тайинланди. Бу мутлақо ақл бовар қилмайдиган вазият эди. У рақиб ширкат МТС бош директори бўла туриб, Каримов оиласига бериладиган пора миқдорини TeliaSonera билан музокара қилган, дейди TeliaSonera мулозими.
Оддий схема
TeliaSonera 2007 йилнинг июлида Ўзбекистонга қарашли Coscom операторини сотиб олиб, иш бошлаганда, Гулнора Каримова билан аллақачон келишиб бўлинган эди, дея давом этади TeliaSonera вакили.- Ўшанда менга TeliaSonera ташкил қилаётган янги ширкатнинг бир қисми Гулнорага берилишини айтишди. Унга маҳаллий фирмалардан бири орқали янги ширкат улушларининг 20 фоизи бериладиган бўлди. TeliaSonera эса 2-3 йил ўтиб аввал келишилган нарх бўйича бу улушни сотиб олиши керак эди. Аниқ нархини мен билмайман. Бунинг эвазига Ўзбекистонда бизга 3G лицензияси, 2G ва 3G тўлқинлари ваъда қилинди,- дея эслайди TeliaSonera ижрочи менежери.
TeliaSonerа 2007 йил июл ойида Ўзбекистондаги Coscom уяли алоқа оператори улушларининг 74 фоизини қарийб ярим миллиард АҚШ долларга сотиб олган эди. Кейинчалик Ucell дея номи ўзгартирилган ширкатнинг 26 фоизига эгалик қиладиган Takilant Ltd. ширкатидан яна 20 фоизлик улуш 2010 йилда сотиб олинади.
Гулнора Каримова номидан ҳаракат қилгани айтилаётган Takilnat Ltd. фирмаси ҳозирда ҳам UCell операторининг 6 фоизига эгалик қилиши айтилади.
Филмда шунингдек, 2007 йил сентябрида Ўзбекистон расмийлари 3G алоқаси лецензиясини TeliaSoneraга эмас, маҳаллий Teleson Mobile фирмасига бергани айтилади. Лецензияни олишдан икки ҳафта олдин тузилган фирманинг эгаси эса Гунора Каримованинг гумаштаси Гаянэ Авакян бўлган. Авакян Ўзбекистон расмийларидан олган лицензияни кейин швед ширкатига сотади.
"TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи" филмида Швеция прокуратураси томонидан пора олганликда гумон қилинаётган Ўзбекистоннинг уч фуқароси ва Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлгани айтилаётган Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакян ва Алишер Эргешевлар устидан Швейцарияда очилган жиноий ишга оид тафсилотлар ҳам бор.
TelaiSonera билан Гулнора Каримова ўртасидаги олди-бердида воситачи сифатида ишлатилгани айтилаётган Takilnat Ltd. ширкатининг Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамларини Баҳзод Аҳмедов назорат қилгани ва пора пуллари айнан ана шу ҳисоб рақамларига ўтказилгани айтилади филмда.
- Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақами Гулнора Каримовага алоқадор экани аниқ. Пуллар ана шу ҳисоб рақамларига ўтказилган. Ҳозирда Швейцария прокуратураси ўтказаётган терговнинг асосий эътибори ана шу ҳисоб рақамларига қаратилган ва катта миқдордаги пуллар музлатиб қўйилган, дейди журналист Фредерик Лорин.
Ўзбекча гамбит
Филмда Швейцариядаги ишни ўрганаётган Le Matin Dimnache журнали мухбири Франсуа Пиллет июн ойида Женевадаги Lobard Odier банкида икки Ўзбекистон фуқароси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировнинг ҳибсга олиниши тафсиолтларини ҳикоя қилади.- Банкда жиддий бир вазият юзага келади ва банк раҳбарияти саросимага тушиб қолади. Гаянэ Авакян яна икки ўзбек ҳамроҳлигида банкка кириб келишади. Улар Takilant фирмасига қарашли ҳисоб рақамига даҳл қилишади. Лекин ҳисоб рақамининг эгаси Беҳзод Аҳмедов эканини кўрган банкирлар бунга рухсат бермайди. Банк ўз мижозлари бўлган Беҳзод Аҳмедовга қўнғироқ қилишга уринишади, лекин у жавоб бермайди. Афтидан Беҳзод Аҳмедов билан Гулнора Каримова ўртасида гап қочган, нима сабабдан экани аниқ эмас. Лекин Гулнора Каримовага яқин шахслар Женевага келиб, бу пулларнинг хўжайини Аҳмедов эмас, Гаянэ Авякян, деб туриб олишлари банк ходимлари учун мутлақ янгилик бўлади. Авакян пуллар унга тегишли эканини тасдиқловчи ҳужжатларни келтиришни ваъда қилади, лекин олиб келмайди. Шундан кейин банк раҳбарияти Швейцария ҳуқуқ тартибот идораларини бундан хабардор қилади. Полиция Takilant ҳисоб рақамига даҳл қилмоқчи бўлган бу одамлар орқасидан кузатув ўрнатади ва орадан бир неча кун ўтиб Женевада ҳибсга олади, дея ҳикоя қилади швейцариялик журналист.
Айни пайтда Швециядаги ишни тергов қилаётган мамлакат прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер Озодлик мухбирининг айбланувчилар Ўзбекистон президенти оиласига алоқадорлигига оид иддаолар тергов доирасида ўрганилмоқдами, деган саволини изоҳлашдан бош тортди.
Фредерик Лориннинг Озодликка айтишича, ҳозирда норвег журналистлари ҳам Ўзбекистондаги Билайн мобил операторининг эгаси, Норвегия ва Ҳолландияга доир Вимпелком ширкати ҳам Ўзбекистон бозорига кириш имкони учун, ҳудди шундай схема асосида Гулнора Каримовага пора берганига оид суриштирувни бошлаган.
"TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи" филми муаллифлари шунингдек, шу йилнинг бошида Швецияда ўзбекистонлик таниқли имом Обдхон қори Назаровга қилинган суиқасдга ҳам тўхталган. Филмда имомнинг ўғли Довут Назаров ва бошқа ўзбекистонлик муҳожирлар билан интервьюлар асосида, суиқасд Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан амалга оширилганига ишора қилинади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди