Пикассо сопол лаганининг Тошкентга қаердан келгани ўрганилмоқда

Тошкент Давлат Санъат музейида намойиш қилинаëтган Пикассо сопол товоғи.


Тошкент Давлат санъат музейи архивидан Испанияда туғилиб Парижда ижод қилган таниқли модернист рассоми Пабло Пикассонинг 12 асари топилди ва кўргазмага қўйилди. Ҳозирча бу керамика асарларидан бирининг Тошкентга қандай келгани мавҳумлигича қолмоқда.


Бу асарлар келиб чиқишини ўрганиш жараëнида Пикассога оид 11 дона сопол асарнинг қай тарзда музейга келиб қолгани аниқланди.

Айни пайтда Пикассо имзо қўйган сополдан бўлган яна битта санъат асарининг музейга қай тарзда келиб қолгани номаълум қолмоқда.

Санъат музейининг Озодлик суҳбатлашган санъатшуноси Нигора Қулташева Пикассога оид 12-асарнинг оригинал экани текширувларда ўз тасдиғини топганини айтди:

- Ўтказилган тадқиқот натижаси бу асарнинг оригинал эканлигини тасдиқлади¸ дейди Нигора Қулташева.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F71197493&show_artwork=true

Пикассо асарлари қай тарзда Париждан Тошкентга келган?

"Пикассо асарларининг Тошкентда мавжудлиги бундан бир ой олдин маълум бўлди"¸ дейди ўзбек модернист рассоми Зафар Набиев Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ музей ишчилари архивни тартибга солаëтган пайтда Пабло Пикассонинг сопол асарлари солинган қутиларга дуч келишган.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи бош хазиначиси Мирфайз Усмонов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Пикассо асарларининг музей архивидан топилиши мутлақо кутилмаган холат эканини айтди.

Мирфайз Усмонов билан суҳбатдан маълум бўлишича¸ музей ишчилари қадимий рус чинни идишлари кўргазмаси учун асарларни архивдан қидираëтган пайтда Пикассо сополларига дуч келишган.

Бу асарлардан 11 тасининг қандай қилиб Париждан Тошкентга келиб қолгани аниқланган.

Аммо Пикассога оид яна бир асарнинг қандай қилиб Тошкент музейи архивига келиб қолгани борасида маълумот йўқ.

Коммунист биродарлар совғаси

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Франция Компартияси лидери Морис Торез ўзининг Совет Иттифоқига нисбатан алоҳида муҳаббати билан фарқланган.

Француз Компартияси аъзоси бўлган рассом Пабло Пикассонинг 11 та сопол асари яна бир француз коммунист рассоми Фернан Леженинг рафиқаси Надежда Леже воситачилигида Совет Иттифоқига совға тарзида берилади.

Асарлар аввалига Морис Торез номли Москва Чет тиллар институтига келиб тушади.

Бир қисми эса¸ Москвадаги Пушкин музейига сақлаш учун берилади.

1968 йилда бу 11 та асардан 7 таси Тошкент Давлат санъат музейига келтирилади.

1971 йилда Москвадаги Пушкин музейида сақланаëтган қолган тўртта сопол асар ҳам Тошкент Санъат музейига берилади.

Шундай қилиб Тошкент Санъат музейида 1971 йилда 11 та Пикассога оид сопол асар музейдаги кирим китобида (Книга поступлений) қайд қилинган.

Бу маълумотларни Озодлик билан баҳам кўрган Ўзбекистон Давлат санъат музейи бош хазиначиси Мирфайз Усмонов¸ айни пайтда Пикассога оид яна бир асар қай тарзда музей архивига тушиб қолгани ўрганилаëтганини маълум қилди.

Пикассонинг мовий керамикаси

Тошкент Давлат санъат музейидаги Пикассога оид 12 асарни томоша қилган рассом Зафар Набиев бу асарлар ҳақида Озодликка гапириб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ бу асарларни Пабло Пикассо ўзининг Франция шимолий шарқида жойлашган “Мадора “ керамика устахонасида 1946 йилда яратган.

Пикассо 1946 йилда сопол усталари Сюзан ва Жорж Рамье ташкил қилган “Мадора “ керамика устахонаси иши билан танишгач¸ бу соҳага фавқуллода қизиқиб қолади.

Пировардида Пикассо сопол асарлар яратишга умрининг 27 йилини бағишлайди.

- Тошкентдаги коллекция Пикассонинг ана шу самарали даври маҳсулидир¸ дейди Зафар Набиев.

Суҳбатдошга кўра¸ Тошкент музейидаги Пикассо керамикаси мовий рангларда чизилган аëл ва ҳўкиз қиëфаларидан иборат.

Тошкентдаги Пикассо коллекциясининг аҳамияти

Собиқ совет ҳудудида Пикассо керамика жамламаси иккита музейда бор.

Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида Пикассонинг 12 та сопол асари бор.

Бугунга келиб МДҲдаги иккинчи Пикассо коллекциясига Тошкент музейи соҳиблик қилмоқда.

Пикассо яратган сопол кўзалар икки марта ким ошди савдосида бир миллион доллардан сотилган.

Шу йилнинг июн ойида Christie's аукцион уйи ташкил қилган ким ошди савдосида Пикассо керамик асарларининг кичик тўплами 12,5 млн. АҚШ долларига сотилди.

Тошкентда сақланаëтган Пикассо асарларидан фоторепродукцияларни Озодлик мухлислари эътиборига тақдим қиламиз.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Пикассо сопол лаганининг Тошкентга қаердан келгани ўрганилмоқда