2012 йилги Ўзбекистон маданияти билан боғлиқ воқеаларни 12 боб 365 варақ китоб, деб тасаввур қилган ҳолда баъзи саҳифаларни сиз Озодлик муштарийлари билан яна бир бор варақлаб кўрсак.
Кечган йил ўзбек санъатининг бир неча устози оламдан ўтди. Йил давомида Ўзбекистон ичкарисида ва чет элларда ўзбек санъаткорлари ўз ижодларини имкон қадар намойиш қилишди.
Йил давомида Ўзбекистон мулозимлари назарида “ҳаддидан ошган” санъаткорларнинг баъзилари лицензиядан маҳрум қилинди. Баъзилари эса мухлислар танқидига дучор бўлди.
Йил давомида таниқли ўзбек рассоми Вячеслав Охунов деярли уй қамоғида қолди. Унга чиқиш визаси берилмади. Охуновнинг Италия ва Германиядаги кўргазмалари унинг иштирокисиз ўтди.
Ўзбекистон сиëсатини ошкора танқид қилмайдиган рассомлар эса ўз асарларини мамлакат ичкариси ва ташқарисида намойиш қилишди.
Ўзбек рассомларининг Москва ва Прагадаги кўргазмалари кечаëтган йилда мунаққидлар эътиборини тортди.
Йил мобайнида Бухоронинг таъмирдан чиққан арки яна қулади.
Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан Веронезе ва Пикассо асарлари топилди.
Йил мобайнида Ўзбекистонда кино суратга олишга янги чекловлар қўйилди.
Иккита ўзбек киноси Россия ва Қозоғистондаги кинофестивалларда тақдирланди.
2012 йилги Ўзбекистон маданияти билан боғлиқ воқеаларни 12 боб 365 варақ китоб, деб тасаввур қилган ҳолда баъзи саҳифаларни сиз Озодлик мушарийлари билан яна бир бор варақлаб кўрсак.
Флейта учун унутилган қўшиқ
Саксофон ва флейтани най ва чанг овозига омуҳта қилиб Ботир Зокиров қўшиқларини жарангдор қилган дрижер ва бастакор Евгений Живаев 75 ёшида январ ойида вафот этди.
Ботир Зокиров, Муҳаббат Шамаева, Раъно Шарипова, Мансур Тошматов ижросидаги қўшиқларнинг машҳурлигини таъминлаган шахс айнан Евгений Живаев эди, деб эслаган эди Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси, профессор Рустам Абдуллаев.
Сериал фабрикаси
Январ ойида ўзбек эфир ҳудудини хорижий сериаллар ишғолидан ҳимоя қилиш мақсадида"Ўзбектелефилм" кўп қисмли филмларни суратга ола бошлади.
Бу ҳақда Озодликка гапирган "Ўзбектелефилм" бадиий филмлар ва сериаллар ишлаб чиқариш бўлими раҳбари¸ санъатшунос Зебо Ҳасановага кўра¸ янги кинотехнология билан жиҳозланган “Медиамарказ” рақобатбардош филмлар олиш учун имконият яратган. Рақамли технологияга асосланган студия 21 камера ва махсус кранлар билан жиҳозланган.
Озодлик билан суҳбатда Зебо Ҳасанова янги студияда «Салом Тошкент», «Кадр ортида», «Менинг шаҳрим», «Ўзбегим либослари», «Ош бўлсин», «Катта танаффус», «Ўзбек адабиёти», «Кўзмунчоқ» ва бошқа дастурлар суратга олиниб эфирга узатилганини айтган эди.
- Айни пайтда тиббиëт ходимлари ҳаëтига бағишланган сериалнинг янги қисмлари суратга олинмоқда¸ деган эди Зебо Ҳасанова.
Тиббиëт ходимлари мавзусидаги бу филм фақат мақтовдан иборат эмас¸ деган эди Озодлик мухбири саволига жавоб берган муҳаррир:
- Бу филм фақат мадҳиядан иборат эмас¸ балки тиббиëт соҳасидаги муаммоларни ҳам акс эттиради. Ўзбекистонда ўсмирлар ва болалар аудиторияси жуда катта ва бу сегмент шуурини қамраш учун ҳам махсус дастурлар¸ масалан «Зулфизар» сериали суратга олинмоқда¸ деган эди суҳбатдош.
“Тақиқланган санъат саҳроси”
Феврал ойида “Тақиқланган санъат саҳроси” филми Тошкентда намойиш қилинди.
Совет даврида тақиқланган авангард санъат дурдоналарини Ўзбекистонда асраб қола олган Игор Савицкий жасорати ҳақидаги бу филмда коллекциянинг мустақил Ўзбекистон шароитидаги тақдирига оид ташвишли муждалар бор.
Қизилқум чўлларида жойлашган Нукусдаги Игор Савицкий коллекциясининг ҳузунли тақдирини ҳикоя қиладиган бу филм ўтган йили Ню Йоркнинг машҳур Greenwich Villageда намойиш қилинган эди.
Тошкентда бу филмни Нукусдаги Игор Савицкий музейи раҳбари Мариника Бобоназарова тақдим қилди.
Тақдимот ҳақида Озодлик мухбирига гапирган "GRANART" галереяси директори Демасова Наталяга кўра, тадбирда Тошкент жамоатчилиги вакиллари ва дипломатлар иштирок қилишган.
“Тақиқланган санъат саҳроси” филми ("The Desert of Forbidden Art") 250 квадрат метрлик саҳнда 30-40 киши учун намойиш қилинаëтганини айтган тошкентлик мунаққид ва рассом Ҳикмат Ғуломов бу тадбир кенг жамоатчилик назаридан четда қолаëтгани юзасидан таассуф билдирди.
- Ўзбекистонда 500дан ортиқ рассом бор¸ юзлаб шоир ва ëзувчилар бор, деб эшитамиз. Дунëдаги ноëб коллекция ҳақидаги филм шундоқ ҳам бу ҳақда маълумотга эга бўлган дипломатик корпус вакиллари ва бир-икки русийзабон зиëлилар учунгина намойиш қилинмоқда, деган эди Ҳикмат Ғуломов.
Исми сир тутилишини истаган қорақалпоқ рассоми Озодлик билан хос суҳбатда 1991 йилдан бошлаб музей атрофида шубҳали тадбирлар борганини айтган эди.
Суҳбатдош музейдаги кўпгина оригинал расмларнинг нусхалар билан алмаштириб қўйилганини иддао қилган эди.
Ўз иддаосини бирор исбот билан далилламаган суҳбатдош бу музейни кўчада ëтган пул тўла оғзи очиқ халтага қиëслаган эди.
- Музейдаги Волковга оид битта расмнинг нархи 700 минг доллар эканини биласизми? Айни пайтда Волков ҳамда бошқа авангард рассомларнинг асарлари сақланадиган эшикка омборга илинадиган жўн қулф ўрнатилган. Сал ҳафсаласи бор ўғри бу асарларни ўмариши ëки нусха билан алмаштириб қўйиши мумкин, деган эди қорақалпоқ рассоми.
И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳозирга қадар халқаро майдондаги санъат мухлислари кўзидан панада қолаëтган рус авангардининг ноëб намуналари сақланади.
Мухолифатчи дрижер китоби
Феврал ойида Тошкент Давлат Консерваториясида Ўзбекистон халқ артисти Зоҳид Ҳақназаровнинг “Дирижëрлик маҳорати” деб номланган янги китоби тақдимоти бўлди.
Ўзбеклардан етишиб чиққан илк дирижëрлардан бири бўлган Зоҳид Ҳақназаров ижоди мамлакат классик мусиқаси дунëси билан чамбарчас боғлиқ.
Шу билан бирга Зоҳид Ҳақназаров бир зиëли сифатида миллат тақдиридаги бурилиш нуқталарида ўз дунëқарашини дадил билдириб келади.
Ҳақназаров 1988 йилда илк қадамларини қўя бошлаган ўзбек мухолифатчиларининг олдинги сафида эди.
Ўзбеклар тоталитаризм занжирларидан қутулмоғи учун мамлакат ичкарисида фаол мухолифат лозим, деган Ҳақназаров “Оркестрни бир одам бошқаради¸ давлатни эса биргина одам бошқара олмайди”, деган фикрни билдирган эди.
Шу билан бирга Ҳақназаров классик мусиқа билан боғлиқ фаолиятини ҳам самарали давом эттирди.
Ҳақназаров Малайзия пойтахти Куала Лумпурдаги симфоник оркестрни ташкил қилган мусиқачи сифатида тарихга кирди.
Эркинлиги ҳаддан ошган ëзувчилар танқид қилинди
Март ойида Ўзбекистонда нашр қилинадиган “Маърифат гулшани” ижтимоий маърифий ҳафтаномасида Дилфуза Комилова исмли мунаққиднинг "...изм"лардан "ҳирсизм"га... Ёхуд адабиётдаги ахлоқсизликлар", деган фош қилувчи мақоласи чоп қилинди.
Мақолада ўзбек ëзувчиларидан бир гуруҳи “Истиқлол ато қилган эркинликни суъистемол қилиб шармандаликни тараннум қилаëтгани” фош қилинади.
Мақоладан иқтибос:
"Ëзувчилик даъво қилаётган одам эркинликни этакни бошга ёпиб, шармандаликни "тараннум этиш" деб тушунса, эркинлик замони экан деб, ахлоқли одам ўз жуфти ҳалолининг қулоғига ҳам айтишга ийманадиган нарсалар ҳақида қоғоз қоралаб, минглаб нусха китоб ҳолида чоп эттирса, адабиётни Худо урди деяверинг!...."
Ана шундан кейин мунаққид “Худо урган” ëзувчилардан иккитаси — Саломат Вафо ва Ҳабиб Темировни ўз нишонига олган эди.
Рэп мавзулари ҳам чекланди
Март охирида Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон "Муаллиф ва ижрочилар гилдияси"нинг контент ва филтр бўлими бошлиғи Аня Качалова Озодлик билан суҳбатда Интернетга юкланган ўзбек қўшиқлари назорати билан шуғулланиш устивор, долзарб вазифа сифатида белгиланганини айтди.
Ўзбек ижрочилари гилдияси вакиласи Аня Качалованинг айтишича¸ ўзбек рэпчиларига фақат муҳаббат ҳақида одобли тарзда рэп "ўқиш" (Рэпчилар тилида рэп куйланмайди¸ балки ўқилади)га изн берилган.
- Сўкиш¸ ижтимоий протест¸ фош қилиш каби ҳолатларга изн берилмайди. 14 ëшдан 19 ëшгача бўлган ëшлар сегментини қоплаган бу жанр учун қўйилган чекловлар тўғри деб ўйлайман¸ деган эди Качалова.
Суҳбатдошга кўра¸ етук мутахассислар жамланган идора тавсиялари ўзбек рэпчилари ижодини йўналтиришда ижобий рол ўйнаши мумкин.
Ўзбекистон "Муаллиф ва ижрочилар гилдияси" 2011 йилда ўзбек мусиқа санъатини қароқчиликдан асраш ва муаллифлик ҳақларини ҳимоя қилиш¸ шунингдек виртуал дунëдаги ўзбек қўшиқчилигини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган давлат тизимидир.
Айрим кузатувчиларга кўра¸ "Ўзбекнаво" ўзига юклатилган вазифаларни адо этишда сусткашлик қилгани боис¸ Ўзбекистон маданияти ва санъатини назорат қилувчилар шундай янги тизим яратишни мақсадга мувофиқ деб топишган.
Озодбек Назарбеков рэпчиларга "устоз" бўлди
Жорий йил баҳорида “Ўзбекнаво” мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Rap ва R&B йўналишларида ижод қилиб келаётган хонанда Azeez AKA, ҳамда Eldor BEK “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг амалий ёрдами асосида, янги ном ва янги йўналишдаги “Du TOR” номли дуэт тузганини маълум қилди.
Мулозимга кўра¸ ўзбек рэпчилари айтган ашулаларнинг сараси саракка, пучаги пучакка ажратила бошлади.
Ўзбек теле- ва радиоканаллари¸ овоз ëзувчи студиялар элагидан уят сўзлардан иборат рэп қўшиқлари ўтказилмаяпти.
Ўзбек рэп қўшиқчиларига тавсиялар бериш учун “Ўзбекнаво”да Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековга махсус хона ажратиб беришди.
Озодбек Назарбековга мунтазам тарзда рэп қўшиқчилиги жараëнини кузатиб¸ йўналтириб бориш топширилди.
2012 йилда Рэп ўзбек ëшларининг эркин ҳудуди бўлиб қолди
Биз ўзбеклар рэплармиз¸
Босс бўлмасак ҳам¸ шефлармиз.
Дум дум танг¸ бак бака банг¸
Биз ўзбеклар буғдойранг.
Ўзбек рэпчиларининг Интернетдаги Youtube.com порталида машҳур бўлган бу қўшиғи “Ўзбекнаво” бадиий кенгашидан ўтмаган.
2012 йил баҳорида самарқандлик ўзбек репчиси DivisioN-Gнинг "Ҳамма жим", деган янги қўшиғи машҳур бўлди.
Йиқилдик¸
Чидадик.
Лекин бўйин эгмадик.
Кетдик далше.
Ким энди қарши?
Шаҳзода Клаус мукофоти “Илҳом” театрига берилди
Апрел ойида Тошкентдаги “Илҳом “ театри жамоасига Шаҳзода Клаус номли Нидерландия Қироллик жамғармасининг йиллик мукофоти топширилди.
Мукофотни Нидерландиянинг Россиядаги элчиси Рон Келлер топширди.
Шаҳзода Клаус (Prince Claus Award) номидаги бу мукофот Осиë¸ Африка¸ Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги санъаткор ëки ижодий гуруҳларга улар эришган фавқуллода ютуқлар эътирофи ўлароқ берилади.
"Илҳом" театри матбуот хизмати бошлиғи Вероника Зуриеванинг Озодликка билдиришича, мукофот Алишер Навоийнинг “Саббаъи сайëр” достони асосида ҳозирланган спектакл намойишидан кейин тантанали тарзда топширилган.
- Марк Вайл номидаги “Илҳом” театри бу мукофотга ўзбек ëшлари тафаккурини уйғотгани ва унинг тараққий этишини рағбатлантиришга ҳисса қўшгани учун сазовор бўлди. Ҳар ҳолда мукофот ëрлиғида шундай деб ëзилган, деган эди Вероника Зуриева.
Илҳом театри 1976 йили Тошкентда Марк Вайл Совет иттифоқидаги илк мустақил театр сифатида ташкил қилинган эди.
2007 йилнинг 6 сентябрида Марк Вайл ўз уйи олдида ўлдириб кетилган эди.
Жиноятни ўрганган Ўзбекистон Адлия тизимлари Марк Вайлнинг маиший мотивларга кўра ўлдирилгани ҳақида баëнот тарқатган эди.
“Ўзбекнаво” лицензиясиз санъаткорларни жазолади
Апрел ойида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ғайриқонуний фаолият юритган қўшиқчи, бошловчи, мусиқачи ва раққосаларни огоҳлантирди.
Санъат соҳасида ишлайдиган бу шахслардан тўланмаган солиқ мажбурий тарзда ундирилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ресторанлар, кафелар ва бошқа кўнгилочар муассасаларда кечки рейдлар ўтказди.
Бу рейдлар натижасида лицензиясиз фаолият олиб бораётган 228 нафар санъаткор – хонанда, бошловчи, раққоса ва созандалар расмий огоҳлантирилган. Уларнинг 73 нафарига мажбурий равишда лицензия расмийлаштирилиб, давлат божи ундирилган. 19 санъаткорнинг ҳужжатлари чора кўриш учун солиқ идораларига юборилган ва 14 санъаткор ҳужжатлари судга тақдим этилган.
Таъмирланган Бухоро Арки яна қулади
ЮНЕСКО умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро Арки девори бир йил ичида икки марта қулади.
Бухоро марказидаги қадимий Арк деворининг бундан бир йил олдин таъмирланган қисми 20 апрел куни тағин қулаб тушди.
ЮНЕСКО умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бу деворнинг бундан минг йил олдин тиклангани айтилади.
Бухоро-музей қўриқхонасининг исми айтилишини истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда қиши билан нам тортган деворнинг қўққисдан ағдарилгани ҳақида маълумот берди.
- Ҳозир Арк реконструкция қилиняпти. Бир ойдан кейин битиб қолар. Афсуски, вақт олдида Арк девори ҳам кучсиз экан. Деворнинг бир қисми қулаб тушди. Айни пайтда Арк олдига ҳеч кимни яқинлаштирмаяпмиз. Арк атрофи ўраб қўйилган, деди Бухоро-музей қўриқхонасининг исми айтилишини истамаган ходими.
Суҳбатдош девор қулагани оқибатида ҳеч ким девор тагида қолиб нобуд бўлмаганини шукрона оҳангда билдирди.
Бухоро Арки қулаганидан 4 кун ўтиб Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармаси раҳбари Равшан Мансуров ва яна бир нафар мулозим Бухорога бориб, вазиятни ўрганди.
Мазкур идора ходимининг Озодликка билдиришича, Бухоро Арки деворининг қулаши вазирликда муҳокама қилинган.
Ўзбекистон “Ерда бир кун” лойиҳасида иштирок этди
“Ерда бир кун” лойиҳаси ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеаларни тасвирлайди.
23 апрел куни БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Кўнгиллилар ташкилоти “Ерда бир кун” деб номланувчи фильм намойишига бағишланган тадбирни ўтказди.
Тошкентдаги ëшлар ижод марказида бу икки соатлик филм барча истаганлар учун бепул намойиш қилинди.
Филм 22 апрел куни бир вақтнинг ўзида дунёнинг 160 та нуқтасида намойиш этилди. Ўзбекистонда эса бу филм бир кун кечикиб кўрсатилди.
“Ерда бир кун” бадиий филм бўлиб, ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеалар тасвиридан иборат. Масалан, филмда тожик болаларининг пахта тераëтгани акс этган.
Тошкентда “Диктатор” қайчиланди
Май ойида Тошкент марказидаги Grand Cinema кинотеатрида “Диктатор” филмининг 20 дақиқаси қайчиланган холда намойиш қилинди.
Бу ҳақда Grand Cinema кинотеатрида ишлайдиган киномеханик Озодликка маълум қилди.
- Филмдаги сўкиниш эпизодларини олиб, ташлаб кўрсатяпмиз, деди киномеханик.
Тошкент марказидаги Премер-Синема кинотеатрида “Диктатор” филмини томоша қилган фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов ҳам филмдан кўп тасвирлар олиб ташлангани ҳақида гапирди.
Саша Барон Коэн суратга олган филм 2012 йили Ўзбекистонда илк бора намойиш қилинди.
Қозоғистонлик Боратнинг бачкана саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Борат” филми ва гейлар ҳақидаги "Бруно" филми Ўзбекистонда расман тақиқлаб қўйилган.
Қўшни Тожикистон, Туркманистон ва Эронда тақиқлаб қўйилган “Диктатор” филмининг Тошкентда намойиш қилинишига жасорат топган “Ўзбеккино” идорасига қойил қолдим, деди фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов.
- Тўғрисини айтсам, нега бу филм намойишига изн берилганини тушуна олмадим. “Ўзбеккино” бу филмни текширганида “Диктатор” деган калимани эътибордан соқит қилишган. Агар “Диктатор” филми Ўзбекистонда намойиш қилинса, демак бу мамлакатда диктатура йўқ деган абсурд хулоса чиқади деб ўйлашган, деди суҳбатдош.
Дарвоқе, Саша Барон Коэннинг "Диктатор" филми Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам намойиш қилинмоқда.
Филмни ўз маслакдошлари билан томоша қилган Темурмалик ундаги ҳикоянинг Ўзбекистондаги воқелик билан параллел келаëтганига эътибор қаратди.
- Мен ва ўртоқларим бу кино нимани устидан кулаëтганини аниқ билиб туришди. Худди биз ўз устимиздан кулаëтгандай эдик. Филм финали Чарли Чаплиннинг “Буюк диктатор” филми финал саҳнасига менгзайди. Чаплин филмида жиддий тарзда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирилса, Саша Коэн филмида бу гаплар сатира тарзида янграйди, деди Темурмалик.
АҚШдаги ўзбеклар қизиқчи Шукур Исроиловдан ҳафа бўлишди
Ўзбекистонлик таниқли қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг май ойидаги АҚШга концерт сафари чоғида у ердаги ўзбекларга гастарбайтерлар, деб мурожаат қилгани мухлисларига бироз оғир ботган кўринади.
Интернетда бу юзадан қизиқчи шаънига эътирозлар ёғилмоқда.
Ўзбекистонлик қизиқчи Шукрулло Исроилов ўтган ҳафта таниқли ҳофиз Озодбек Назарбеков билан АҚШга келганида Ню Йоркнинг Жон Кеннеди аэропортида мухлисларни концертга таклиф қила туриб, уларни "гастарбайтерлар", дея атади ва сўз оҳангида бироз кесатиқ сезилгани Америкада яшаб ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирларга ёқмади чоғи.
“Иш-пишларни йиғиштирингла, Сизлани деб келдик. Иш топилади, пул ҳам топилади, биз топилмаймиз, келинглар концертимизга, ҳурматли гастарбайтерлар”, деган эди Шукрулло Исроилов.
Хориж киночилари цензура қилиниши ҳақида ҳужжат қабул қилинди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси чет эл киноширкатлари томонидан мамлакат ҳудудида кино-видеофилмлар олиш тартибини тасдиқлади. Унга кўра¸ хориж киночилари ижоди устидан ҳам цензура ўрнатиладиган бўлди.
18 июн куни расмий нашрларда эълон қилинган тартибга кўра¸ Ўзбекистонда филм суратга олмоқчи бўлган чет эл киночиси икки ой олдин “Ўзбеккино” миллий агентлиги лицензия бўлимига ҳужжатларни топшириши керак.
Бу ҳужжатларда киночининг Ўзбекистонда нимани қаерда ва қандай суратга олиши аниқ кўрсатилиши лозим.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги лицензия бўлими раҳбари Манноп Қўчқоровнинг Озодлик радиосига билдиришича¸ бундан буëн чет эл киночилари ўзбек халқи урф- одатларини камситувчи¸ тарих¸ маданият ва анъаналарни бузиб кўрсатувчи тасвирларни Ўзбекистон ҳудудида суратга олиши мумкин эмас.
- Ўзи "Ўзбеккино"га топширилган рухсат олиш учун. Тасдиқланган форма бўйича заявка ëзилади. Сценарий олтита нусхада. Икки ой олдин ҳамма қоғозларни юбориш керак.
Озодлик: Нимани олиш кераклиги аниқ ëзилиши керак, дейилган экан. Лекин режиссëр иш жараëнида ўзининг фикрини ўзгартирадику. Масалан¸ қўйнинг ўрнига қўчқор, эшакнинг ўрнига от бўлиши мумкин. Режиссëр тупикка тиқилиб қолмайдими?
- Режиссëрский сценарий бўйича филм олинади. Постановочний план бўйича иш қилинади. Қўчқорми, эчкими, бошқами ҳаммаси ëзилган бўлиши керак бўлади.
Озодлик: Қўчқорни эчкига алмаштиргиси келиб қолсачи?
- Ўша заявкани беради, бошқатдан кўриб чиқади "Ўзбеккино".
Озодлик: Бир-иккита режисëрлар билан гаплашсам, “Ундан кўра Тожикистон ëки Қирғизистонга бораман” деяптида. Икки ўртада Ўзбекистон пул ютқазмайдими?
- Тожикистонга борадиган бўлса, Тожикистонга бораверсин. Режиссëр ўзи танлаган жойида олаверади.
Озодлик: Нима учун бу ҳужжат чиқди? Қандайдир сиëсий зарурат пайдо бўлдими?
- Кечирасиз, бу саволга жавоб бериш менинг компетенциямга кирмайди. Қарор чиқдими, ўшанинг ижросини бажаришимиз керак. Нимага чиқди, қачон чиқди, қанақа чиқди – бу саволларга мен жавоб бера олмайман. Конкретний бирорта саволингиз бўлса, айтинг.
Озодлик: Ўзбекистонда одоб-ахлоқ нормаларига зид кадрлар олиниши мумкин эмас, дейилган.
- Бунақа саҳналарни бизларнинг Ўзбекистонда олиш мумкин эмас. Бошқа жойга бориб ўша ерда олади. Тожикистонга бориб оладими киносини, қаерда олса ҳам олаверади. Бу ерда бунақа саҳналарни олиш мумкин эмас¸ деди Манноп Қўчқоров.
Суҳбатдошга кўра¸ шунингдек экстремизм¸терроризм, зўравонлик ва шафқатсизликни улуғловчи ҳамда порнографик филмларнинг Ўзбекистонда суратга олинишига изн берилмайди.
Googoosha клип олиш учун Бухорони ëпиб қўйди
Президент Каримовнинг тўнғич қизи инглиз тилидаги қўшиғига клип ишлатган кунларда Бухоронинг Эски шаҳар қисми батамом қамал ҳолига келди ва қадим Бухорони кўраман деб келган сайëҳлар бу имкондан маҳрум қолди.
Googoosha тахаллуси билан қўшиқ куйлайдиган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 17 июл куни Бухорода клипга тушди.
Гулнора Каримова ижросидаги Round Run (Гирдикапалак) қўшиғига АҚШ ва Лотин Aмерикасида иш қиладиган ва унчалик танилмаган клипмейкер Avi Cohen клип ишлади.
Каримова учун ëпилган шаҳар
Суратга олиш жараëнини ўз кўзи билан кўрган бухоролик журналистнинг Озодликка айтишича¸ клип олинаëтган даврда Бухоронинг Эски шаҳар қисми қамал ҳолига келтирилган.
Бухорода кино суратга олинишига кўникиб қолган суҳбатдош¸ исми ошкор қилинмаслиги шарти билан¸ бу сафарги эҳтиëт чораларининг ҳаддан ошганлигига эътибор қаратди.
Шу пайтгача киночилар фақат тасвир олинадиган жойнигина ўраб қўйишган. Битта клип олиш учун Бухоронинг Эски шаҳар қисмининг буткул ëпилиши илгари кўрилмаган ҳодиса¸ дейди суҳбатдош.
Суратга олиш давом этган тўрт кун мобайнида Каримова дохил суратга олиш гуруҳи қўним топган "Осиё" меҳмонхонасига чиқадиган йўллар ёпиқлигигича қолгани кузатилди.
Бу ҳолатда нафақат Бухоро турғунлари¸ балки Бухорони кўраман деб узоқ жойдан келган сайëҳлар ҳам Эски шаҳарни кўришдан мосуво қилинди.
Москвада ўзбек рассомлари кўргазмаси очилди
Июн ойида Москвадаги Шарқ санъати музейида замонавий ўзбекистонлик рассомлар кўргазмаси очилди. Ислом маънавияти ва Шарқ анъаналарига бағишланган асарлар кўргазмаси россияликлар учун ғайриоддий бўлган ном - “Қаландар” деб номланди.
Файзулла Аҳмадалиев, Жамол Усмонов, Мурод Қорабоев ва Бобур Исмоиловлар ижод намуналарининг “Қаландар” номи остида бирлаштирилган кўргазмаси Россия Давлат Шарқ музейи ва Маржони жамғармаси ҳомийлигида очилди.
Экспозиция Ўзбекистон рассомлари ижоди мисолида Шарқнинг бетакрор маънавий ва маданий намунаси сифатида Россия пойтахтида намойиш этилмоқда, деди Озодликка намойиш ташкилотчиларидан бири - Москвадаги Давлат Шарқ санъати музейи директори муовини Тигран Мкртичев.
- Бу тўрт рассом ижодининг турлича бўлишига қарамасдан бирлаштирувчи томони мавжуд: улар бизга кўринмас бўлиб қолаётган ўзга борлиқни акс эта оладиганлардандир. Реалликни акс эттираётган бу асарлар ортида чуқур маъно борлигини биринчи навбатда шу йўналишда фаолият юритаётган рассомларгина тушуниши мумкин. Бугунги кўргазма ёрдамида биз москваликларни ҳам қаландарлар ва дарвешлар ҳаёти каби сирли ва ажойиб бу оламга жалб этиш ниятидамиз, деди ўзи ҳам бир вақтлари Тошкент Давлат дорилфунунининг археология кафедраси битирувчиси бўлган тарихчи Тигран Мкртичев.
Мкртичев иқтисодий бўҳронлар ва дунёда авж олаётган чегараланиш сиёсати одамларнинг маданий, интеллектуал ва ижодий алмашувини чегараламаслиги тарафдори эканини айтди.
Экспозиция Ислом анъаналари ва шеъриятига бағишланганига қарамасдан, муаллифлар турли рассомчилик мактаблари намояндалари сифатида бу мавзуни ёритишга киришгани кўзга ташланиб турди.
Ўзбек рассоми гигант асарини Прагада намойиш қилди
Прагадаги Кўргазмалар марказида 9 июл куни ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Иброҳимовнинг Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин улкан асарининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Рассом асарининг тақдимот маросимида халқаро санъатшунослар, журналист ва оддий прагаликлар иштирок этди.
Тақдимот маросимидан кейин журналистлар учун матбуот анжумани бўлди.
Анжуманда иштирок этган Россия 24 телеканали мухбири бу улкан санъат асари кўргазмаси учун нега айнан Прагадаги марказ танлангани борасида савол берди.
Бу саволга лойиҳа ижрочиларидан бири Нигилина Мелникова жавоб бериб, бу улкан расм учун жой танлаш мушкул кечганини айтди.
- Расм катта бўлгани боис жой танлаш қийин бўлди. Праганинг турли туманлари бизга жой таклиф қилишди. Биз ниҳоят Экспо марказини танладик. 100 йилдан кўпроқ тарихга эга бу бинода қадимий ўзбек мотивлари акс этган гигант сурат туришини маъқул кўрдик¸ деди Нигилина Мелникова.
Бу расмнинг кейинги тақдирига оид саволга жавоб берган лойиҳа раҳбарларидан бири Улуғбек Қосимхўжаев¸ гигант асарнинг Мадрид ва Римдан сўнг Тошкентга қайтишини билдирди.
- Бу асар ўзи яратилган Тошкентга қайтади. Бир муносиб ерда кўргазма қилинади. Минг бўлакдан иборат бу расмни майда-майда қилиб сотиш ниятимиз ҳали йўқ, деди Улуғбек Қосимхўжаев.
Гигант расм тақдимотига Норвегиядан махсус ташриф буюрган рассом Леким Иброҳимов ижодининг Европадаги тарғиботчиларидан бири Астрид Йоҳаннесенга кўра, бу тадбир Европа санъат оламидаги катта воқеадир.
Таниқли ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг юк машиналарига ортилган минг бир полотнодан иборат “Минг малак ва бир суврат“ асари Прагага келгунга қадар бир ҳафта йўл босди.
Кўргазма ташкилотчиси¸ Россиядаги "Global Festina" ширкатининг Марказий Осиë бўйича вакили Мурод Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, минг бир бўлакдан иборат улкан картина тамсили билан боғлиқ лойиҳага шу бугунгача бир миллион доллардан кўпроқ пул сарфланган.
- Биз бу лойиҳадан тижорий фойда кўзламаймиз. Бу бир хайрия тадбири деса ҳам бўлади. Асар намойиш қилинган шаҳарлардаги касал болаларга ҳам кўмак бериш режамиз бор, деди Мурод Иброҳимов.
Самарқандда эртакчилар танлови ўтди
Июл ойида Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот котиби Ҳиндол Мадраҳимовнинг Озодликка билдиришича, ўзбек эртак айувчилари ЮНЕСКОнинг номоддий маданият намуналари рўйхатига киритилган.
Ўтган асрларда Ўзбекистонда ривожланган халқ оғзаки ижодининг эртакчилик тури масс-медиа ва коммуникация ривожланган 21 асрга келиб таназзулга юз тутгани фолклор мутаҳассислари тарафидан айтилади.
Эртак айтиш санъатини асраб-авайлаб келажак авлодларга етказиш учун Ўзбекистон маданият вазирлиги қошидаги халқ оғзаки ижоди бошқармаси фаолият олиб бормоқда¸ дейди Ҳиндол Мадраҳимов.
-Ўзбекистон номоддий маданият ҳазинаси деса ҳам бўлади. Алпомиш¸Кунтуғмиш каби достонлар¸ Чанқовуз саси¸ Бойсун лапарлари қаторида ўзбек эртаклари ҳам дунë цивилизациясига оид номоддий маданий мерос сифатида асралмоқда¸ деди суҳбатдош.
Айни вақтда Сурхондарë¸Хоразм ва Бухородаги кекса момолар бисотида ҳали ҳеч ким билмаган эртаклар кўп¸ деди Ҳиндол Мадраҳимов.
Суҳбатдошга кўра ЮНЕСКОнинг халқ оғзаки ижоди бўйича мутаҳассислари қишлоқма қишлоқ¸ уйма уй юриб эртакчи момоларни қидириб топишмоқда.
Совет пайтида эътиборсиз қолдирилган диний ва эротик мавзудаги эртаклар ҳам ëзиб олинмоқда.
Зикир Муҳаммаджонов оламдан ўтди
24 август куни ўзбек театри ва киносининг таниқли арбоби Зикир Муҳаммаджонов жасади Тошкентда тупроққа берилди.
Ўзбек ижодкорлари марҳум актëр умри ва санъатининг ўз издошларига ўрнак бўлгулик эканини айтмоқдалар.
Ўзбек театри ва киносининг машҳур намояндаси¸ СССР Халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов 23 август куни 91 ëшда оламдан ўтган эди.
- Бу ўзбек театридаги жиддий йўқотиш, деди узоқ йиллар Зикир Муҳаммаджонов билан бир саҳнада ижод қилган артист Гулчеҳра Жамилова.
Ўзбекистонда киностудиялар сони 700га етди
Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони август ойида 700га етган. “Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 50 дан зиëд бадиий филмлар суратга олиниб экранларга чиқарилмоқда.
Ўзбекистондаги 160 дан зиëд кинотеатрлар репертуари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кинолар асосида тузилаëтгани хабарномада айтилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли филмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинмоқда, деди олмаоталик киномунаққид Гулнора Абикеева.
- Қозоқ киночилари 3 миллион еврога суратга олган филм томошабинсиз қолаëтган пайтда ўзбек режиссери Баҳром Ëқубовнинг 50 минг долларга суратга олган "Фотима ва Зухра" филмини зал тўла томошабин катта қизиқиш билан кўрмоқда, деди Қозоғистондаги “Евразия” кинофестивали ҳайъат аъзоси бўлган Гулнора Абикеева.
Мунаққид кейинги 20 йилда Ўзбекистонда суратга олинган киноларнинг мавзуси ва ифода услуби Марказий Осиë томошабини учун Мексика сериалларидан кўра тушунарлироқ эканини таъкидлади.
Ўзбек кинорежиссёри фильми энг яхши фильм, деб тан олинди
Жорий йил августида ўзбек кинорежиссёри Аюб Шахобиддиновнинг "Паризод" фильми Россиядаги энг йирик кинофестиваллардан бири ҳисобланган “Киношок-2012” Гран-приси соҳиби бўлди.
Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Анапа шаҳрида ўтказилган XXI “Киношок” фестивалида ўзбек режиссери Аюб Шахобиддинов суратга олган “Паризод” фильми (русча номи - "Небеса - моя обитель") фестивалнинг “Тўла метражли энг яхши фильм” номинациясида ғолиб, деб топилди.
Жасур Исҳоқовнинг “Ҳақиқат куни” Қозон кинофестивалида қатнашди
Татаристон пойтахти Қозонда бошланган мусулмон киноси халқаро кинофестивалида ўзбек киночиси Жасур Исҳоқов қатнашди.
Жасур Исҳоқов суратга олган “Ҳақиқат куни” филми сентябр ойида ўтган Қозон кинофестивалининг асосий конкурсида "бадиий филм" номинациясида иштирок қилди.
Қозондаги мусулмон киноси фестивалида иштирок этаëтган ўзбек киночиси Жасур Исҳоқов Озодлик билан суҳбатда ўзи суратга олган филм томошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаëтгани ҳақида гапирди:
- Қозондаги томошабинлар бу филм намойишдан қаттиқ таъсирланишди. Мен улар қалбига йўл топганимдан хурсандман. Бундан олдин бу филм Еревандаги “Олтин зардоли” конофестивалида намойиш қилинганида ҳам яхши қабул қилинган эди¸ -дейди режиссёр Жасур Исҳоқов.
Филм сценарийсини ëзган Мастура Исҳоқова Озодлик билан суҳбатда бу асар ўз дардига ташхис кутган ўзбекистонлик аëлнинг 12 соат давомидаги изтиробларини акс эттиришини айтади:
Филмда Рано Шодиева¸ Фахриддин Шамсиматов, Лола Элтоева каби актерлар суратга тушган.
Таниқли рассом Вячеслав Охуновга йил мобайнида мамлакатдан чиқиш визаси берилмади
2012 йил бошида ҳужжатларини Тошкент шаҳар Олмазор туман тумани ИИБ хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ОВИГ) мулозимига топширган Вячеслав Охунов 23 октябр куни яна бир марта бу идорадан жавоб сўради.
Бироқ Олмазор туман ОВИГ мулозимлари Охуновга чиқиш визаси бериш учун изн берилмаганини айтишган.
Олмазор туман ИИБ хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мулозими Акмал Жалилов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Охуновга чиқиш визаси бериш масаласи унга боғлиқ бўлмаган сабаблар боис кечиктирилаëтганини айтди.
Ўзбекистонлик опера қўшиқчиси гран-при совринини олди
Октябр ойида Ўзбекистонлик бас-баритон Женисбек Пиязов Москвада бўлиб ўтган Муслим Магомаев номидаги II Халқаро вокалчилар танловида гран-при совринини қўлга киритди.
Ўзбек ижрочиси финалда 10 мамлакатдан келган 17 нафар қўшиқчи орасида ғолиб, деб топилди.
Кўлобда Амир Темур набирасига оид ëдгорлик топилди
Ноябр ойида аҳоли орасида Ҳазрати Амиржон тоши, деб аталадиган Кўлоб қадамжосидаги ëдгорлик тоши Амир Темурнинг набираси тарафидан ўрнатилгани аниқланди.
Мир Саид Али Ҳамадоний қабри, дея аҳоли тарафидан сиғиноққа айлантирилган мармар тошининг ғубор остида қолиб кетган битиклари археологлар томонидан ўқилганидан кейин кўп нарса ойдин бўлди.
Тожикистонлик матншунослар йиллар мобайнида путурдан кетган ëзувларни ўқигач¸ бу ëдгорлик Амир Темурнинг набираси Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ тарафидан 1547 йили ўрнатилганини аниқлади.
Амир Темур ўлимидан 156 йил ўтиб ўрнатилгани айтилаëтган бу мармар тошдаги ëзувларни ўқишга муваффақ бўлган археолог¸ Кўлоб тарихий музейи директори Ҳотамшо Асозоданинг Озодликка айтишича, бу ëзувни ўқишга сўнгги 30 йил ичида бир неча бор бесамар уринишлар бўлган.
- Бу битикларни ўқишга 1993 йилда ҳам уриниб кўрилган эди. Тош узоқ вақт тавоф қилинавергач, ëзувлар сидирилиб ўқиб бўлмас ҳолга келиб қолгани матншунослар ишини қийинлаштирди. Битикдаги бир жумла биз учун муваффақият калити бўлди¸ деди археолог.
Динини ўзгартирган Шайх ҳикояси Лондон саҳнасида
Лондонда асос солинган Орзу Артс ўзбек театр гуруҳи 4 ноябр куни ўзининг "Мажнун" номли навбатдаги спектаклини намойиш қилди.
Таниқли туркман театр арбоби Авлиëқули Хожиқулиев саҳналаштирган бу спектакл немис шоири Гëтенинг Шарқу-Ғарб девони асосида яратилди.
Бу спектакл ташкилотчилари бўлган ўзбекистонлик санъаткорлар Йўлдош Жўрабоев ва Рашид Шадат (Рашид Шодиев) Озодлик билан суҳбатда, асар Фаридуддин Атторга оид “Шайх Саънон”, ва Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонларидан парчалардан таркиб топганини айтишди.
Мансур Тошматов Прагада қўшиқ куйлади
Ноябр охирида ўзбек эстрадасининг таниқли вакили¸ Ўзбекистон Xалқ артисти 58 яшар Мансур Тошматов Праганинг қадимий Бетлем ( Байт Лаҳм) ибодатхонасидаги xайрия тадбирида қўшиқ куйлади.
Озодлик билан суҳбатда Мансур Тошматов ўзбек қўшиқчиларининг Европада тамсил қилиниши прагалик продюсер Ëзеф Чермак ташаббуси эканини билдирди.
- Қадимий ўзанлардан оқиб келган ўзбек қўшиқчилигининг замонавий поп мусиқасига уйғунлиги Ëзеф Чермак эътиборини тортди. Қандай қилиб халқ оҳангларида куйлайдиган ўзбек санъаткори Франк Синатро каби қўшиқ куйлаши европаликлар диққатига сазовор бўлди¸ дейи Мансур Тошматов Озодлик билан суҳбатда.
Мансур Тошматов 29 ноябр оқшомида Праганинг қадимий Бетлем ( Байт Лаҳм) ибодатхонасидаги xайрия тадбирида Чехия Super Star танлови ғолиби Миша Носкова билан дуэт куйлади.
Бундан ташқари, Мансур Тошматов чехиялик қўшиқчи Ярек Шмек билан биргаликда "Písně sílu maj" (“Қўшиқ кучи”) деган ашулани ижро қилди.
Қўшиқчи Сиддиқ Маҳмудов оламдан ўтди
Фарғона водийсида “Мажнунтол” қўшиғи билан машҳур бўлган қўқонлик ҳофиз Сиддиқ Маҳмудов 47 ëшида 4 декабр куни оламдан ўтди.
Сиддиқ Маҳмудовнинг жанозасида қатнашган “Ҳамза” номидаги Қўқон драма театри директори Турғунали Орипов Озодлик билан суҳбатда Фарғона водийси қўшиқ санъати оғир жудоликка учраганини айтди.
- Сиддиқ Маҳмудов ҳеч касал бўлмасдан, тўсатдан 47 ëшида оламдан ўтди. Бу йигитни 17 ëшидан билардим. Ўзим қўлидан ушлаб тўйларга олиб борган эдим. Бу ашулачи ўзининг “Мажнунтол” қўшиғи билан нафақат водий¸ нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикадаги ëшу қари ўзбек тингловчилари қалбини бирданига забт қилган эди, дея гапирди Турғунали Орипов.
Суҳбатдошга кўра, Сиддиқ Маҳмудовнинг ҳеч қанақа унвони бўлмаган ва мусиқий сабоқ ҳам олмаган.
- Аммо у кишида ҳукумат бера олмайдиган ноëб мартаба бор эди. У чинакам халқ қўшиқчиси эди. Дард билан куйлар эди. Оллоҳ раҳмат қилсин¸ қизларига сабр бардош тилайман. Раҳматлидан учта қиз қолди. Ўғли йўқ эди. Қизларини жуда яхши кўрар эди¸ деди ҳофизни сўнгги йўлга кузатган Турғунали Орипов.
Севара Назархон “Голос”ни тарк қилди
7 декабр куни "Голос" лойиҳасида ҳакамлик қилган рус қўшиқчилари Леонид Агутин¸ Александр Градский¸ Пелагея ва Дима Билан ўзбекистонлик икки қўшиқчи Севара Назархон ва Светлана Саъдиеваларни танловдан чиқариш учун овоз берди.
"Голос" лойиҳасининг учинчи босқичигача келган Севара Назархон “У ерда мен йўқман”, деган рус романсини ижро қилган эди.
Кейинги босқичга чиқиш йўлида Севара Назархонга Артем Кочарян рақиб бўлди.
Бу иккала қўшиқчини эшитган ҳакамлар Артем Кочарянни мусобақанинг якунловчи босқичига ўтказди.
Ўзбек мухлислар норози
Танловдан кейин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россиянинг “Комсомолская правда” газетасига берган интервюсида: ”Рус тили менинг она тилим”, деб таъкидлади.
Бу эътирофга қарамасдан Севара Назархон учун ўз ҳамюртлари кўпроқ қайғураëтгандай тасаввур ҳосил бўлди.
Севара Назархоннинг мусобақадан чиқарилишига унинг ҳамкасблари салбий муносабат билдирди.
Кўпчилик ўзбекистонликлар Севара Назархонни мусобақадан четлатган ҳакамлар ҳақсиз, деган фикрда собит қолди.