Путин меҳнат муҳожирлари ҳаётини осонлаштирди

Россия Президенти Владимир Путин.

2013 йилнинг 3 январида Россия Президенти Владимир Путин “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал Қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги ҳужжатга имзо чекди. Бу ўзгартишларга кўра, меҳнат муҳожирлари Россияда рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланишига рухсат берилди.


Киритилган ўзгартишлар меҳнат муҳожирларининг Россияда қайдга олиниши, яшаш тартиби ва меҳнат қилиш шароитларига оиддир.

Россия Президенти расмий сайтида келтирилишича, эндиликда меҳнат муҳожирларини ишга ёллаётган иш берувчига барча ҳужжатларни электрон шаклда ҳозирлаш имконияти берилди. Энг асосийси, иш берувчилар Россияда вақтинчалик истиқомат қилаётган ва ишга рухсатномаси йўқ мигрантларни бемалол ишга ёллаш ҳуқуқига эга бўлди.

Киритилган янгиликларни Озодликка шарҳлаб берган Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ) бошқармаси Жамоатчилик-маслаҳат кенгаши масъул котиби, “Ҳамкорлик” Халқаро муносабатлар жамғармаси президенти Юрий Московский ҳукумат шу тариқа ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган ўзгаришларга мослашишга мажбурлигини гапиради.

- Ҳаётимизда ўзгаришлар доимий содир бўляпти, қонунлар эса қотиб қолмаган. Вазият ўзгардими – демак ўзгартишлар киритилди. Ҳозирча бизда ишга ёллашнинг иккита расмий шакли мавжуд: бу юридик шахслар томонидан квоталар олиниши ва жисмоний шахслар томонидан патент берилиши. Ажаб эмас, ҳукумат бу тизимнинг учинчи шаклини жорий қилаётган бўлса. Фақат ҳозирча, ҳатто менинг ўзим ҳам “ишга рухсатномаси йўқ мигрантларни иш берувчи қай тарзда ишга ёллайди”, “бунинг учун у яна ФМСга мурожаат қилиши зарурми йўқми”, “бу ўзгартишлар олдин жорий қилинган қонунлар билан зиддиятларни келтириб чиқармайдими”, деган саволларга жавоб ололганимча йўқ,- деди Озодлик билан суҳбатда Юрий Московский.

Федерал миграция хизмати бошқармаси қошидаги Жамоатчилик-маслаҳат кенгаши масъул котиби бу янгиликлар ҳаётга татбиқ қилинишидан олдин Янги Йил таътилида қолаётган Миграция идорасидагиларнинг ўзлари унинг мазмун моҳиятини англаб етишлари зарур, деди.

Бироқ, Россия Федерал миграция хизмати масъуллари бу ўзгартишлар билан ҳозирча таниш эмасликлари ва Озодликнинг саволларига таътил тугаганидан кейин жавоб беришларини маълум қилишди.

Ундан ташқари, Россия президенти томонидан йил бошида имзоланган ҳужжатларда меҳнат муҳожирларига ижтимоий кафолат ва уларнинг моддий, тиббий ва уй-жой билан таъминланмаганлиги учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлиги ошгани кўрсатилган.

Мигрантларнинг ижтимоий-маиший ҳимояси билан бирга, Путин имзолаган қонунларга ўзгартишларда Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний миграцияни ташкил этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик оширилгани белгиланди.
Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322-моддаси ва Жиноий-Процессуал Кодексининг 150- ва 151-моддаларига киритлган қўшимчаларга мувофиқ, Россияга кириш тақиқланган шахсларга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун 300 минг рубл жарима, 4 йилгача мажбурий меҳнат жазоси ёки 4 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Москвада 6 ойдан буён ҳеч қандай ҳужжатсиз ишлаётган сурхондарёлик 23 ёшли Суннат Россия ҳукумати чиқараётган квоталаш, патентлаш ёки бошқа миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар меҳнат муҳожирларининг ҳолатига бирор ўзгариш киритишига ишонмаслигини айтади.

- Бу киритилаётган қонунларнинг барчаси фойда қилмаса керак. Мен биладиган инсонларнинг бирортасида ҳужжати йўқ. Ўша милиция тўхтатган пайтда уларнинг чўнтагига бирор нарса қистириш керак. Квотангиз, разрешениенгиз борми – уларни қизиқтирмайди. Ўзим неча маротаба милицияга тушган бўлсам, улар мендан ҳужжат умуман сўрамайди. Метрода тушиб қолсак паспорт орасига 100-200 рубл қистириб берамиз, улар ичидагини олиб паспортни қайтариб беришади. Самолёт билан чиқиб кетишда 2 минг рубл бериб чиқиб кетишяпти. ФМСга борганман документ қилишга. У ерда эса ўйин қилишяпти, 24 минг рубл сўрашяпти. Ўйлаб кўринг – ундан қайтиб кетган яхши! Шунинг учун бизга ҳеч қандай квоталарнинг кераги йўқ, дея хулоса қилди ўзбекистонлик муҳожир Суннат.

Кремл сайтида чоп этилган қонунларга биноан эса, Россияда яшаш ва меҳнат қилиш тартиб-қоидаларини бузганларга 3 йилгача мамлакатга кириш тақиқланади.

Ҳукумат расмийлари бундай ўзгартишлар “мамлакатда миграция қонунчилигини янада такомиллаштириш” ва “ноқонуний миграцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилгани” ҳамда “Россия Федерацияси миллий хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилиши” билан изоҳламоқда.

“Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал Қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Федерал Қонун 2012 йилнинг 21 декабрида Давлат Думаси томонидан қабул қилинган ва шу йилнинг 26 декабрида Федерация Кенгаши томонидан маъқулланган.