Кўкалдош собиқ мудири Қосимхон қори

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу сонида ўзбекистонлик аҳли илмлардан бири, ҳам диний ҳам дунёвий илмни чуқур эгаллаган олим, шунингдек, Youtube тармоғида маърузалари энг кўп тингланаётган Қосимхон қори Муллабоев ҳақида гап боради.

Озодлик тингловчиларига бу кишининг интернетда кўп тингланган маърузаларини аввалги эшиттиришларимиздан бирида ҳавола қилган эдик.

Ана шу эшиттиришдан сўнг тингловчилардан Қосимхон қори ҳақида кўпроқ маълумот бериш ва у кишининг маърузаларидан кўпроқ эшиттиришимизни сўраб мурожаатлар бўлди.

Ана шу мурожаатлар ортидан тингловчиларимиз ва ўзбекистонлик аҳли илмлар кўмагида биз Қосимхон қорининг ўзини топишга, у киши билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F73971008&show_artwork=true


Ҳаёт ва ўлим манбаи - қуёш ҳақидаги оятлар изоҳи

Ҳозир 64 ёшга кирган Қосимхон Муллабоев шу кунларда Тошкент шаҳрида истиқомат қилмоқда.

У киши имомликдан пенсияга чиқарилган ва “фахрий имом” мақомида пойтахтдаги билим даргоҳлари, жамоат ташкилотларидаги диний-маърифий тадбирларда иштирок этмоқда.

У киши сўнгги бор қилган маърузаларидан биридан Озодликка ҳам бир парча сўзлаб берди ва сўнгра биз ушбу маърузани Youtube тармоғидан топдик.


http://www.youtube.com/embed/TuQlh_2kSDI?feature=player_detailpage


Қосимхон қорининг интернетда кўп тингланган маърузаларида замонавий-илмий кашфиётлар ҳақида Қуръонда келтирилган маълумотларнинг илмий-диний изоҳлари берилади.

Жумладан, ер ва қуёш ўртасидаги масофа абжад ҳисобида келган оятлар, инсон умри ва унинг қайта тирилиши, қиёматнинг Қуръондаги аломатлари ҳамда олимларнинг бугунги кашфиётлари ўртасидаги мувофиқлик ҳақида Қосимхон қори қилаётган маърузалар ҳар доим катта қизиқиш билан тингланган.

- Яқинда институтлардан бирида қилган маърузамда бугунги ёшларнинг нақадар маънавий очлигини кўрдим. Доскага формуларлар билан ёзиб, қиёслаб тушунтириб берганимда, бутун аудитория ўрнидан туриб кетди, ҳайрон қоласиз. Бу ёшлар шундай диний-илмий мавзулардаги маълумотларга муҳтожлигини кўрдим, дейди Қосимхон қори.

Айни пайтда унга ҳам соф фиқҳий ҳамда ақидавий масалаларга боғлиқ саволлар кўп берилади.

Зеро, Қосимхон қори қарийб 20 йил Тошкентдаги йирик масжидлар, жумладан, бир вақтнинг ўзида 4-5 минг намозхон йиғилган Қозиравот масжиди, Мунаввар қори масжидларида имомлик қилган.


http://www.youtube.com/embed/jVxOIpxJKLc?feature=player_detailpage


Дин ва дунё илми – исломдаги толиби илмарнинг қўш қанотидир

Қосимхон қори Муллабоев совет замонида кечган ўсмирлиги даврида - 1960 йилларда яширин ҳужраларда Қуръон ва тажвид илми, бу илмни эгаллаш асносида эса араб тилини ҳам ўрганган Қосимхон қори ёшлик йилларида Москвага бориб, йўл қурилиши соҳаси инженерлиги касбини ҳам эгаллаб келган.

У киши дин ва дунё илми – исломдаги аҳли имларнинг қўш қанотидир, деб ҳисоблайди.

- Мен бугунги ёш имомларимизга ҳар доим айтаманки, пайғамбаримиз с.а.в.:"Қуш икки қаноти билан учади", деганлар. Ҳадеб бир нарсани ушлаб олиб ўтираверманглар, яъни замон илмини ҳам билинглар, дейман. Чунки, биз математика, астрономия, физика каби фанлар билан катта бўлдикда ва мен бунинг фойдасини ҳанузгача ҳис қиламан. Бир оятни ўқийманда: "Эээ бу математикаку", дейман. Яна бир оятни ўқиб, унинг физикага боғлиқлигини кўраманда, ҳозиргача ҳам ҳайрон қоламан. Қуръон бу илм океанида, дейди тошкентлик аҳли илмлардан бири Қосимхон қори Муллабоев.

Қосимхон қори Муллабоев совет даврида яширин тарзда Қуръон илмини эгаллаган, кейин эса Москвадаги билим даргоҳларида аниқ фанлар, табиий ва гуманитар фанлар йўналишида ҳам илм олган оз сонли ўзбек олимларидан биридир.

Бу кишига замондош бўлганлар ва айнан у киши каби ҳам дин, ҳам дунё илмини мукаммал эгаллаган олимлар бармоқ билан санарли.

Бугунги ёш ўзбек мусулмонлари жамоатининг катта қисми уларни яхши танимайди. Номи кўпчиликка маълум бўлгани эса 1990 йилларда мустақил Ўзбекистон ҳукумати билан зиддиятга киришган ва ҳануз номлари қора рўйхатлардан тушмаган олимлар – Абдували қори Мирзаев, Обид қори Назаров, Абдулла Ўтаев ва улар каби йирик шахслардир.

Айни пайтда Ўзбекистонда қолиб фаолият юритаётган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ва ҳозиргина сўзларини тинглаганингиз Қосим Муллабоев кабилардир.

Лекин, бу олимларнинг Ўзбекистондаги бугунги ўрни ҳам эътиборга лойиқ.

Хусусан, Қосим қори Муллабоев Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда биринчилардан бўлиб совет замонида тамғаланган Кўкалдош мадрасаси эшиги қулфини олган ва бинони таъмирлаб, илк талабаларни қабул қилган мудирлардан бири бўлган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳам бу кишининг хизматини юқори баҳолади.

Аммо, Ўзбекистонда ислом ва мусулмонлар равнақи учун хизмати сингган 64 ёшли аҳли илм Қосимхон қори ҳозир фахрий имом, яъни имомликдан пенсияга чиқарилган.

Ўзбекистондаги мавжуд тартиб – пенсия ёшига етгани муносабати билан ишдан бўшатилишини Қосим қори, қисқагина қилиб, ёш кадрларга иш ўринларини бўшатиб бериш эҳтиёжи билан изоҳлади.

Ҳозир “фахрий имом” мақомида Тошкентда истиқомат қилаётган олим Қуръон оятлари формулаларга солиниб шарҳланган айрим маърузаларини Озодлик муштарийларига тақдим этишни ваъда қилдилар. Тез орада уларни олсак, албатта сизга тақдим қиламиз.

Қуйида "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг навбатдаги сонини тинглашингиз ва Қосимхон қори Муллабоевнинг Қуръоннинг айрим оятлари ва замонавий олимлар кашфиётлари хусусидаги яна бир маърузаси, у кишининг мустақиллик йилларида Кўкалдош мадрасасини таъмирлаб, дарсларни бошлагани ва ҳоказо, фаолиятига оид бошқа маълумотлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттириши.



Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Қосим хон қори Муллабоев ҳақидаги бугунги эшиттиришимизни тайёрлашда ҳам тингловчиларимиз ва шайх Абдулазиз Мансур кўмаклашдилар.

Уларга ўз минннатдорчилигимизни билдирамиз.

Тингловчиларимиздан бу эшиттиришдаги маълумотларга қўшимча қилиш зарур бўлган маълумотлари бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, бизга мурожаат қилишларини сўрар эдик.

"Ўзбек имомлари" туркумидан бошлаганимиз янги лойиҳа бироз мушкуллиги, айрим маълумотлар нодирлигини инобатга олган ҳолда сизнинг ёрдамингизга умид қиламиз.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)