Тошкентда 8 одам ваҳҳобийликда айбланиб қамалди

Тошкент вилоят суди 3 аёл ва 5 эркакни Обид қори ва Абдували қори маърузалари ёзилган кассеталарни уйида сақлагани учун 8 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилди.


Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 7 январ кунги ҳукмига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи саккиз фуқаро ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбдор деб топилди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов хабар қилди.

- Носирова Динорага 8,5 йил, Соипов Абдураҳимга 18 йил, Асқаров Обудхонга 12 йил, Қулбеков Рисқул, Юсупов Фурқат ва Салматов Фарҳодларга 10 йилдан, Мўминова Шоҳида ва Юсупова Мукаррамларга 8 йилдан қамоқ жазоси белгиланган,- деди Суръат Икромов.

Тошкент вилоят прокуратурасининг судга тақдим қилган айблов хулосаси.

​Ҳуқуқ фаолига кўра, ўтган йилнинг бошида ҳибсга олинган судланувчилар уйидан Обид қори Назаров ва Абдували қори Мирзаевларнинг маърузалари ёзилган аудиокассета ва дисклар топилган.

- Буларнинг ҳаммаси ваҳҳобизм оқимига алоқаси борлиги гапирилган. Айблов хулосасига қараганда, буларнинг уйларида аудио кассета яъни Абдували қори Мирзаев ва Обид қори Назаровнинг аудиокассеталари, маърузалари топилган. Бир нечта таниқли имомлар ҳаммаси ваҳҳобизмнинг раҳбарлари деб билинади. Масалан, Обид қори, Абдували қори, Руҳиддин Фахриддинов каби жуда кўп имомлар ваҳҳобизмнинг раҳбарлари деб билинган ҳукумат томонидан. Милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ҳар доим терговда уларнинг исмини келтирдими демак ўша одамлар ваҳҳобизмга айбланган бўлади,- дейди Икромов.

Судя Санжар Дўстматов ҳакамлигида ўтган маҳкама ўтган йилнинг 13 сентябр куни бошланиб, уч ой давом этган.

Айблов хулосасида ёзилишича, саккиз фуқаронинг барчаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбдор деб топилган.

Тошкент вилоят судидан айни маҳкама бўйича бирор маълумот олиш имкон бўлмади. Суд ходими телефон орқали ҳеч қандай маълумот берилмаслигини таъкидлади.

Эр-хотин "ваҳҳобийлар"

Мазкур маҳкама бўйича айблов хулосасида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшаган эр-хотин Абдураҳим Соипов билан Динора Носировалар ваҳҳобийлик оқимининг фаол аъзолари сифатида тилга олинади.

Суд ҳукмида айтилишича, 33 ёшли Динора Носирова "уюшган гуруҳ билан биргаликда конституцияга хилоф равишда ҳокимиятни босиб олиш"га уринишларини 2005 йилда бошлаган.

Суд унинг эри 40 ёшли Абдураҳим Соипов "хавфли рецидивист" дея атади.

2007 йилда диний айбловлар ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб, 17 йилга қамалган Соипов хотини Динора Носирова ҳибсга олингач, олти йилдан буён жазо муддатини ўтаётган Жаслиқ қамоқхонасидан Тошкентга келтирилиб, янги очилган жиноий иш бўйича ўтказилган суд ҳукмига кўра, яна 18 йилга қамоққа ҳукм қилинди.

Эр-хотин қамалгач уларнинг икки фарзанди тақдири нима бўлгани номаълум қолмоқда. Маҳкумлар қариндошларининг бирортаси Озодликка интервью беришни истамади.

Ҳуқуқ фаоли Икромовга кўра, уларга оммавий ахборот воситаларига интервью бермаслик бўйича босим бўлгани боис маҳкумларнинг қариндошлари журналистлар билан гаплашишдан бош тортаяпти.

Айблов хулосасида қайд қилинишича, "Шоҳида Мўминова билан Фарҳод Салматовлар ваҳҳобийлар оқимидан иборат жиноий гуруҳни молиялаштирганлик"да айбдор, деб топилган.

Саккиз йилга қамалган Шоҳида Мўминованинг эри ҳам 2004 йилда ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбланиб қамалган.

Қама-қамалар давом этмоқда

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, ўтган йилнинг 29 декабр куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 33-44 ёш оралиғидаги 4 диндор ҳибсга олинган.

Икромовга кўра, диний экстремизимда айбланаётган бу тўрт диндор Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида ҳам Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилган 4 диндор - 39 яшар Абдурашид Хорунов ва 45 яшар Шуҳрат Тожибоев, Олмазор туманида истиқомат қилган 33 яшар Бобур Каримов ва 45 яшар Аҳмаджон Каримовлар ҳозир Швециядаги шифохонада қолаётган таниқли имом Обид қори Назаровга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳисоб-китобига кўра, ўтган йилнинг ўзида биргина Тошкент шаҳрида диний айбловлар билан 70 дан зиёд киши ҳибсга олинган.