Сурхондарёлик йигит тоғаваччаси ҳаётига зомин бўлди. Жиззах қишлоқларига бўри оралади. Тошкентда энага боғча тарбиячисидан кўпроқ пул топмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.
“Баҳром Ёқубов: бу ўғрилик эмас, таъсирланиш”
Режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “О, Марям, Марям” фильми афғон ёзувчиси Холид Ҳусайнийнинг “Минг қуёш шуъласи” асари асосида суратга олинган. Лекин муаллифлик ҳуқуқи қонунчилигига зид равишда картина титрида асар муаллифининг исм-фамилияси кўрсатилмаган (“Даракчи”, 10 январ).Режиссёрнинг ўзи асарни ўғирламагани, ундан фақат таъсирланганини айтган. “Тўғри, воқеалар асардагилар билан ўхшаш, деярли бир хил, аммо мен нима бўлганда ҳам, “О, Марям, Марям”ни ўзимизнинг миллий асар қилиб қайта яратдим”, дейди режиссёр. “Менимча, муаллиф унинг асаридан илҳомланган ҳолда кино яратганимизни эшитса, хурсанд бўлади”, дея қўшимча қилади Ёқубов.
Режиссёр Баҳром Ёқубов ёш актриса билан боғлиқ шармсиз видео тарқалиши ортидан бир неча йил ўзбек киносида кўринмай қолди. Сўнгги икки йил ичида у суратга олган қатор фильмлар бошқа режиссёрлар номидан тақдим этилди. Режиссёр мазкур ҳолатни изоҳлаб, “Бу продюсерларнинг ўзини ҳимоя қилиш усули. Улар фильмларимга фақат шу шарт билан ҳомийлик қилишяпти”, дея изоҳлади вазиятни “Даракчи” нашрига.
“Сил касалига чалинганлар мажбурий даволанади”
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сил касаллигига чалинганлар учун даволанишни мажбурий қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди (“XXI аср”, 10 январ). Қайд этилишича, мамлакатда сил бўйича эпидемиологик кўрсаткич минтақа давлатларига солиштирганда паст бўлишига қарамай, касалликка қарши курашиш тизимида қатор муаммолар мавжуд. Охирги ўн йил давомида сил касаллигининг клиник кўринишлари кескин ўзгарди ва сил таёқчасининг унга қарши дори воситаларига чидамлилига жиддий хавф туғдирмоқда.Беморларни даволаш самарадорлиги ҳам паст. Шу билан бирга, мазкур касаллик биринчи марта аниқланган беморлар орасида ўзбошимчалик билан даволанишни тўхтатиб қўйганлар 12 фоизга етган. Агар улар мажбурий даволаш тартибига ўтказилмаса, жамият ҳаётига катта зарар келтирадиган эпидемиологик ҳавф юзага келиши мумкин.
“Жиззахнинг тоғли қишлоқларида бўри кўпайди”
Жиззахнинг тоғли ҳудудлари ҳисобланган Ғаллаорол ва Фориш туманларида емак дардида изғиб юрган бўри ва тулкилар кўпаймоқда (“Инсон ва қонун”, 8 январ). Тоғларга қалин қор тушгани туфайли ёввойи ҳайвонлар егулик тополмай қийналмоқда ва пастки қишлоқларга тушмоқда. Ёввойи ҳайвонларнинг кўпайгани, табиийки, аҳоли хавфсизлигига дахл қилмоқда. Бўриларнинг қишлоқларга келишига қарши курашиш мақсадида айрим қишлоқларда тунги навбатчилик ташкил қилинган.“Энага қанча пул топади?”
Тошкентда энагалик билан шуғулланувчи аёллар боғча тарбиячиларидан кўпроқ пул ишламоқда (“Новый век”, 10 январ). Газета ўрганишларига кўра, энагаларнинг иш ҳақи соатига 3500 сўмдан бошланади. Дам олиш кунлари ва тунда ишлаш учун одатдагидан икки баравар кўпроқ пул берилади. Шу билан бирга, энага тушлик ва зарур ҳолларда кира ҳақи билан таъминланади. “Мўмай даромад, ишонаверинг! Ҳолбуки, боғчада камида ўнта болага қарайдиган тарбиячи бундан анча чўғи кам ойликка қаноат қилади”, деб ёзади муаллиф Г. Абдуқаюмова.
Дарвоқе, ота-оналар энага топиб берган агентликка ҳам йиллик шартнома учун энага ойлик маошининг 80 фоизигача пул тўлайди. Махсус агентликлар энагаларни тайёрлаш, номзодларнинг саломатлиги ва руҳий ҳолатини соғлиқни сақлаш ва ички ишлар идоралари орқали тафтишдан ўтказишга масъул. Айтилишича, 35-40 ёшли, оилали ва фарзандли аёл-энагаларга талаб катта.