Қишлоқдаги янги уй эгалари мулк солиғидан озод қилинди

Янги йилдан бошлаб Ўзбекистон қишлоқларида қурилган намунавий уйларнинг эгалари кредитларини тўлаб битиргунларига қадар мулк солиғидан озод этилдилар. Бу ҳақда Норма.уз сайти хабар қилади.


Унда айтилишича, президент Ислом Каримов шу йилнинг 4 январ куни “2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича дастур” ҳақида қарор қабул қилган.

Қарорда мазкур дастур асосида турар-жой сотиб олган фуқаролар 2013 йилнинг 1 январидан то кредитларини тўлаб бўлмагунларича мулк солиғидан озод қилиниши қайд этилган.

Дастурда 2013 йилда қишлоқ жойларда 10 мингта намунавий уй кўзда тутилган. Ундан Ўзбекистондаги тижорат банклари имтиёзли ипотека кредитларини жалб қилган ҳолда 8510 та, Осиё тараққиёт банки иштирокида ва Молия вазирлиги кредит линияси бўйича 1490 та уй қурилиши режаланган.

Аввалроқ Озодлик суҳбатида бўлган ўзбекистонликлар қишлоқ жойлардаги намунавий уйларни аксаран маҳаллий пулдорлар сотиб олаётанини, нархи 100 миллион сўмдан ошадиган бунақа уйларни сотиб олишга кўпчиликнинг қурби етмаслигини билдиргандилар.

Шунингдек, бу уйларнинг қурилиш сифати ҳақида ҳам салбий мулоҳазалар билдирилганди. Бунга мазкур уйлар қурилишига мутахассислиги қурувчи бўлмаган кишилар (хусусан, монтёрлар ёки ўқитувчилар) “ҳашар йўли билан” қураётгани ҳам сабаб ўлароқ кўрилганди.