Тожикистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси ўлдирилди

Тожикистон куч ишлатар идоралари мамлакат шимолида Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган бир кишини ўлдириб, яна тўққиз кишини ҳибсга олди.

Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан чегара ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт пайтида бир милициячи ўлдирилганини ҳам маълум қилди.

Амалиёт бир неча кун давом этганини таъкидлаган Раҳимов, террорчи ва эктсремистик гуруҳлар ноябрга белгиланган президент сайлови яқинлашган сари фаоллашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мақсади Марказий Осиёда халифалик ўрнатиш эканини айтиб келадиган Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолияти минтақа давлатларида тақиқланган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати кейинги йилларда ўз фаолиятини асосан Покистон ва Афғонистонга кўчирган. Лекин 2010 йилда Тожикистонда ўнлаб одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган зўравонликлар ортида ушбу ҳаракат тургани айтилади.