Сербия Косово билан муносабатларда ижобий силжишларга эришди

Белгия - Европа кенгаши раҳбари Херман Ван Ромпей (ўнгда) Сербия Бош вазири Ивица Дачич билан.

Европа Кенгаши раҳбари Херман Ван Ромпей Сербия бу мамлакатдан мустақиллигини эълон қилган Косово билан сиёсий муносабатларда бир қатор ижобий силжишларга эришганини эътироф этди.

Ромпейга кўра, бу силжишлар диққат билан ўрганилади ва Европа Кенгаши Сербияни Европа Иттифоқига қабул қилиш масаласида музокараларни бошлаш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Европа Кенгаши раҳбари бу борада Сербия Бош вазири Ивица Дачич билан жума куни Брюсселда ўтган учрашуви чоғида маълум қилди. Дачич ўз навбатида Сербия Косово билан “амалий ва ҳаётга тадбиқ этса бўладиган” қарорларга эришиш юзасидан диалогни давом эттиришга тайёр эканини айтган.

Косово 2008 йил февралида Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Сербия Косово мустақиллигини тан олмай келаётир.