Тожикистон хавфсизлик қўмитаси генералини ўлдирганликда айбланганлар судланади

Абдулло Назаров.

Тожикистон хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаровга суиқасд юзасидан ўтказилган тергов тугатилиб, икки шахсга айблов эълон қилинди.

Бу ҳақда 21 январ куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Бош прокурори Муҳаммад Арбобов эълон қилди.

Вилоят маркази Хоруғ шаҳрида Арбобов журналистларга Толиб Айёмбеков ва Ҳамза Гулназар ўтган йил 21 июн куни вилоят хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Абдулло Назаровни ўлдирганлик айблови билан судланишини айтди.

Айёмбеков ва Гулназар ўтган йил ёзида генерал Назаров ўлдирилганидан кейин Тожикистон ҳукумати Айёмбековнинг қуролли гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказгани натижасида таслим бўлган.

Расмийларга кўра, бир неча ҳафта давом этган амалиётларда хавфсизлик хизматининг 13 ходими ва Айёмбеков тарафдорларидан 30 киши ўлган.

Бироқ маҳаллий фуқароларга кўра, отишмалар пайтида камида 70 одам ўлган.