Жиззах шаҳрида эркин индустриал зона ташкил қилинади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “2012 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифалари тўғрисида”ги қарорида ана шундай дейилади.

Жиззах вилояти ҳокимлиги расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, бундан кўзланган мақсад Жиззах вилояти ва унга чегарадош ҳудудларнинг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, вилоятдаги саноат ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун инвестицияларни ҳамда илғор инновация технологияларини жалб этишдир:

- Хитой технопарки очилади Пахтакор туманида. Ҳозир Хитой Халқ республикасининг ваколатли органлари билан бунинг таъсис ҳужжатлари келишилаяпти. Хитой компаниялари Ўзбекистонда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни барпо этиш йўлида қилинаяпти бу ишлар¸ дейди ўз исмини айтмаган Жиззах ҳокимлиги расмийси.

Ўзбекистон ҳукумати эркин индустриал зоналар барпо этиш орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва жаҳон бозорларида талаб қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий юқори технологияларни жалб этишга умид қилмоқда.

Бунинг учун ҳукумат алоҳида енгиллаштирилган божхона тартиби, валюта ва солиқ режимлари, чет эллик фуқароларнинг эркин иқтисодий ҳудудларга кириши, ҳудудда бўлиши ва чиқиб кетиши, шунингдек, улар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни ваъда қилган.

Шунингдек, эркин индустриал ҳудудида рўйхатдан ўтган хўжалик юритиш субъектлари ер солиғи, мулк солиғи, даромад солиғи, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, йўл жамғармаси ва мактаб таълимини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этиладилар.

Айни пайтда Ўзбекистонда иккита – 2008 йили Навоий халқаро аэропорти атрофида барпо этилган Навоий ва 2012 йили ташкил этилган Ангрен индустриал зоналари мавжуд.

Аммо, ўзбекистонлик мустақил таҳлилчилар мамлакатдаги коррупция, бошқариладиган иқтисод ва эркин банк тизимининг йўқлиги эркин иқтисодий-индустриал зоналарнинг фаол ривожланишига тўсиқ эканини айтишади.

Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Қосимов Ўзбекистон ҳукумати инвесторларни жалб этиши учун иложи борича либерал шароитлар яратиб бериши кераклигини таъкидлайди:

- Эркин иқтисодий зона нормал ҳолатда фаолият юритиши учун расмийлар инвесторлар учун иложи борича либерал шароитлар яратиб беришлари лозим. Лекин Ўзбекистонда ҳозирги шароитда улар буни эплай олармикинлар? Масалан¸ Навоий ва Ангренда ҳам шундай ҳудудлар барпо этилди, қани натижа? 2008 йилда Навоийда иқтисодий эркин ҳудуд очилиши ҳақида хабар қилинган, лекин орадан тўрт йил ўтиб бу ҳудда қандай корхоналар очилди ва нима қилмоқда, бу саволга жавоб йўқ, дейди тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Қосимов.

Шу ўринда Қосимов Ўзбекистонда ҳукуматнинг молия секторини ва тадбиркорлик муҳитини либераллаштириш ниятлари намойишкорлик характерга эга бўлиб келаётганини эслатади.