Ўзбекистонда 526 километр йўл қурилади ва таъмирланади

Тошкент ва Фарғонани боғлаб турувчи Қамчиқ довони автомобил йўли

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 526 километр масофадаги автомобил йўлини қуриш ва реконструкция қилиш учун 1,2 триллион сўм сарфланади. Бу расмий курсда 602 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Бироқ йўл қурилишида қатнашаётган ўзбекистонлик қурувчилар фикрича, қурилишга сарфланаётган маблағнинг асосий қисми ўғирланаётгани боис, мамлакатдаги йўллар хароб аҳволда қолмоқда.


Ўзбекистонда 2013 йилда халқаро стандартларга жавоб берадиган 526 километрлик автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, Қамчиқ довонида 71 километрлик автомобил йўли участкасида реконструкция ишларини якунлаш, шунингдек, қатор кўприк ва йўл ўтказгичларни барпо этиш режалаштирилмоқда.

Ушбу мақсадлар учун 1 триллион 200 миллиард сўм, шу жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 870 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда халқаро молия институтлари – Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Араб Мувофиқлаштириш гуруҳининг қарийб 120 миллион долларга тенг маблағларини йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида айтди.

“Ўзавтойўл” давлат ҳиссадорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, асосий маблағ йўлларни реконструкция қилиш учун сарфланади:

- Йўл реконструкцияси деганда йўлнинг категорияси ўзгаради. Масалан бизнинг йўллар биринчи категорияда қурилган бўлса, энди 1 “А”, 1 “Б” категориялар чиқди. Агар автомобил йўлллари бу янги категориялар бўйича қопланса янада мустаҳкам бўлади, -дейди “Ўзавтойўл” давлат ҳиссадорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозими.

Унинг айтишича, қуриладиган ва реконструкция қилинадиган йўлларнинг таннархи уларга кетган харажатга қараб ҳар хил бўлади. Бу борада аниқ бир нархни айтиш жуда қийин, дейди мулозим.

Ўзбекистонда автомобил йўллари қурилишига ҳар йили мамлакат бюджетидан ва хорижий ташкилотлардан жуда катта маблағлар ажратилади. Бироқ, автомобил ҳайдовчиларига кўра, мамлакат йўллари ҳануз халқаро стандартлар талабига жавоб бермайди.

“Ўзавтойўл” ДАКнинг Бухоро вилояти бўлимида ишлаётган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган қурувчига кўра, агар йўллар қурилиши ва реконструкцияси учун ажратилган барча маблағ мақсадли сарфланганда эди, бу йўллар Европа йўлларидан қолишмаган бўларди:

- Бу жуда мураккаб жараён. Масалан, аввал йўл қурилишидаги тендерни ютиб олиш учун, тендер баҳосидан 20 фоиз откат бериш керак. Бўлмаса сизнинг қурилиш ташкилотингиз бу тендерни ютиб ололмайди. Агар юқорига 20 фоиз берилса, энди пастдагилари 40 фоизини ейди. Агар 25 сантиметр асфалт босиш керак бўлса, 15 сантиметр босилади. Шундай қилиб, юқорида ажратилган маблағ юқоридан камирилишни бошлайди. Кўрибсизки, натижада йўл сифатсиз қурилади ёки ремонт қилинади.

Мен бу гапларни айтаётиб ёмонлаётганга ўхшаб қоляпман. Лекин ичим ачийди, чунки бу бизни ватанимиз, бизнинг йўлларимиз. Ахир мен ҳам йўлда юраман, шоферлар мендан сўрайди, “сен ҳам шу йўлда ишлайсан, ҳар йили йўл солиғи тўлаймиз, ҳукумат яна шунча пул ажратади, нега йўллар хароб”, деб сўрайди. Мен ҳам гап эшитаманда оддий одамлардан, шунга юрагим ачийди, дейди “Ўзавтойўл” ДАКнинг Бухоро вилояти бўлимида ишлайдиган қурувчи.