Ҳорижий валюта муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбек сўми тўлов воситаси ҳамдир

Чакана савдода ва хизмат кўрсатиш соҳасида чет эл валютаси муомаласи учун жавобгарликнинг кучайтирилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Каримов 24 январ куни имзолаган қарорда белгилаб қўйилган.


“Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоб механизмини тартибга солиш тўғрисида”ги қорорга биноан Давлат солиқ қўмитаси таркибида Махсус бошқарма ташкил этилади.

Қарорнинг тўла матни Lex.uz сайтида эълон қилинган.

Ҳужжатга биноан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлимлари бўладиган мазкур тузилма чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида чет эл валютасидан фойдаланишнинг олдини олиш билан шуғулланади ва шу мақсадда қисқа муддатли текширувлар ўтказади.

Ҳужжатга тиркалган биринчи иловада Давлат солиқ қўмитаси таркибида очиладиган махсус бошқармада 8 ходим ишлаши бнлгилаб қўйилган.

Янги ҳужжат тўғрисида хабар берган баъзи ахборот воситалари қарорни коррупциянинг янада авж олишига қўшилган ҳисса, деб баҳоламоқдалар.

Масалан, Ўзметроном сайти фикрича, мазкур қарор “солиқ хизмати ходимларининг корруциялашгани даражасини кўтаришга ва уларнинг ноқонуний даромадлари кўпайишига” хизмат қилади.

Ҳукумат қарорида Ўзбекистон ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларнинг чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида чет эл валютасидан фойдаланиши тақиқлаб қўйилгани эслатилган.

Президентнинг 24 январ қароридан ҳали савдогарларнинг хабари йўқ.
Тошкентдаги бутикларнинг аксариятидан валютага ҳам савдо қилаверасизларми, деган саволимизга “Ҳа”, деган жавоб эшитдик.

Фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмоновнинг айтишича, одамлар ўзаро олди-сотдиларида чет эл валютасидан кенг фойдаланади ва бунинг “энг асосий сабаби Ўзбекистон республикаси валютасининг номинал қийматининг жуда ҳам паст эканлигида”.

Шу кунда АҚШнинг 100 долларлик битта банкнотасини энг йирик 1000 талик ўзбек сўмидан қарийб 3 пачкасига алмаштирасиз.

Маъруфжон Абдураҳмоновнинг фикрича, бундай қарорга зарурат йўқ эди.

- Мен масалан бунга ақлим етмади. Нима кераги бор эди? Бунинг учун биринчи навбатда энг аввало менинг тушунишимча, муаммони ҳал қилишнинг энг асосий йўлларидан бири Ўзбекистон республикаси миллий валютаси 1000 сўм энг юқори қиймати, 5000 сўмлигини, 10 минг сўмлигини, 25 минг сўмлигини ва ниҳоят 100 минг сўмлик валюталарни чиқарадиган бўлса, бу муаммо ўз ўзидан ҳал бўлади. Қайсидир арбобларнинг фикрича, эмишки 1000талик пулларни 10 мингга, 15 мингга, 25 минг сўмга, АҚШнинг мисол айтайлик 20 долларлик пуллари бор, шунақа сўмларга айлантирсак, Ўзбекистон республикаси валютасининг қиймати пасайиб кетар эмиш. Бу бўлмаган гап. Аслида бу ўзини ўзи алдашдан иборат, деди фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси.

Президент Каримов чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида чет эл валютаси муомаласига репрессив усуллар билан чек қўйиш тўғрисида махсус қарор имзолаб турган бир пайтда ҳукуматнинг ўзи баъзи соҳаларда, масалан GM-Ўзбекистон ширкати маҳсулотларини ёки авиачипталарни валютага сотишни белгилаб қўйган.

Президент қарори билан илтимосимизга биноан танишиб чиққан иқтисодчи, Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ мулозими, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев бундай деди:

- Бу янгилик эмас мен учун.

Озодлик: Янгилик бўлмаса нима учун алоҳида президент даражасида бунақа қарор қабул қилинади?

- Валюта айланиш тўғрисидаги қонунларда ҳам шу нарсалар бор. Лекин менинг фикримча, ўзимнинг шахсий фикрим, ҳозир Ўзбекистонга муҳожирлардан жуда кўп валюталар тушаяптию, шу бугунга келиб Ўзбекистонга 2-3-4 миллиардга яқин шахсий одамларга келаëтган валюталарни текшириш масаласида назорат қилишларни, олдин департаментлар бўларди, уларнинг одамлари ҳамма жойда бўлмагани учун энди буни солиқ тизимига ҳам бераяпти. Солиқ тизими деганимиз бу ҳамма жойда бор. Ҳар бир туманда бор, ҳар бир қишлоқда солиқни текширса бўлади. Менимча, текшириш контингентини кенгайтириш масаласи турибди бу ерда, деди Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонликлар олди-сотдида сўмдан эмас, баъзида ҳорижий валютадан фойдаланишлари сабабларидан бири сифатида сўмнинг қадри фавқулодда пастлиги, натижада ундан фойдаланиш ноқулайлигини айтишади.

2009 йилнинг февралида айнан шу ҳақда мана бу материални эълон қилган эдик.


Икир-фикрлар ëки 91 вагон пул

91 вагон пул ҳақидаги гапимизни бир оз узоқроқдан - баъзи икир-чикирлар¸ масалан, ҳамёндан бошламоқчимиз.

Ҳамённи ўзбек қопчиқ деб ҳам, картмон деб ҳам атайди. Лекин нима деб аташидан қатъий назар уни тутмайди.

Совет давридаям тутмаган.

Ёшуллиларнинг эсидадир: қирраси кирсовунлаб қотирилган қора шим, сутранг кўйлагу унинг кўкрак чўнтагида қизариб турган ўнталик.

"Крутойроқ" йигитлар кўксининг сўл ёғи сиёҳранг товлаб тургич эди: чўнтакда 25талик.

Кўпчиликнинг эса, шим киссасида кир бир сўмлигу ғижим уч сўмлик юрар – ҳамён-қопчиқ-картмонга ҳожат йўқ эди.

Ўзбек бугун ҳам ҳамён тутмайди. Бугун энди совет давридагининг акси – ҳамённи пул сиғмагани учун тутмайди.

Мана бир андижонликдан эшитинг:

- Картмонми? Йўқ¸ тутмайман.

Озодлик: Нимага?

- Чунки картмонга пул сиғмайдида. Ҳозирги пулга картмон эмас¸ қоп олиб юриш керак.

Озодлик: Шунчалик кўп пул топасизми?

- Йўқ энди пул бўлса¸ уни қопга жойлаш керакда. Қанақа қилиб у картмонга сиғади? Картмон умуман йўқ. Битта менда эмас¸ умуман Ўзбекистон аҳолисида йўқ.

Тасаввур қилинг: ўзбек бозори, ҳамманинг елкасида қоп ё қопча. Қоп кўтаргани - ўзбекнинг бойроғи, қопча кўтаргани - бундайроғи.

Бундай манзарани кўрган ажнабийнинг ҳаваси келса керак ўзбекка?!

Лекин Ўзбекистондаги вазиятдан мутлақ бехабар ажнабий ҳавас ё ҳасаддан ёрилиб ўлмасин, деб шоша-пиша мана бу маълумотни ҳам етказмоқчимиз.

- Картмонга пул сиғадими¸ танга ишламаса¸ нон 300 сўм бўлса¸ дейди андижонлик суҳбатдош.

Ҳа, битта нон 300 сўм. Ўнтаси 3000 сўм.

3000 сўм мингталикдан бўлса учта қоғоз.

100 таликдан бўлсачи?

Нондан бўлак яна алланарсалар сотиб олиш керак кун давомида. Қандай картмон чидайди бундай юкка?

Ҳукуматлар, одатда, эҳтиёжга қараб, ноллари қанчалик кўпайиб кетмасин, навбатдаги, каттароқ номиналли пулларни эмиссия қилаверади.

Аҳоли картмони титилиб кетмасин, десалар керакда.

Масалан, пули деноминацияланишдан аввал Туркияда 20 миллион лирали қоғоз ҳам бор эди.

Ўзбекистонда эса, энг катта пул 1000 сўмлик.

Минг сўм бор-йўғи 60-70 АҚШ центига тенг.

Қиёслаш учун: энг катта қозоқ тангаси – 10 000 танга тақрибан 75 АҚШ долларига, энг катта қирғиз сўми – 1000 сўм - 25 доллар, энг катта тожик сомонийси – 100 сомоний тақрибан 30 долларга тенг.

Мана энди 91 вагон пул тўғрисида гапириш навбати келди.

Ҳисоблаб чиқдик: Ўзбекистоннинг корхона, ташкилот, муассасаларида ишлайдиганлар бир ойда маош тарзида 5 минг 475 тонна пул олар экан.

Агар маош фақат 1000 таликда берилса.

Шунча юк 60 тоннали товар вагонларига ортилса 91 вагон бўлади.

Хўш, қаердан чиқди бу ҳисоб-китоб?

Президент Каримов тунов куни:

- Ўтган йили ўртача иш ҳақи миқдори 300 АҚШ долларидан ортиқ бўлди¸ деди.

Ўзбекистон республикаси Статистика қўмитаси маълумотига қараганда, 2007 йили 10 миллион 735 минг киши ишли эди.

Бу рақам шу кунда ҳам ўзгармаган, деб оламизда уни 300 долларнинг сўмдаги қора бозор қиймати - 510 минг сўмга кўпайтирамиз. Кўпайтма 5 триллион 475 миллиард 850 миллион сўм бўлади.

Битта 1000 сўмлик қоғознинг 1 грамм эканлигидан келиб чиқсак, айтилган улкан рақамнинг вазни 5 минг 475 тонна бўлади.

100 АҚШ долларига тенг ақча чиқариш учун Ўзбекистон 170 та қоғоз парчаси ёки 170 грамм қоғоз ишлатаяпти.

Бундан Ўзбекистон қоғоз масаласида АҚШдан 170 марта бойроқ, деган маъно келиб чиқадими?

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг каттароқ номиналли пул чиқариш режаси борми?

Молия вазирлигига қўнғироқ қилдик.

- Вазирлик пул чиқармайди, Марказий банкка мурожаат қилинг, деди Молия вазирлиги вакили.

Марказий банк вакили банкнинг Эмиссия департаментига мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.

Номери 212 билан бошланадиган Эмиссия департаментига қўнғироқ қилдик.

- ..........(Телефон гўшагидан “Абонент не может ответить на ваш звонок” деган овоз эшитилди)

Эмиссия департаментининг эса, эшитганингиздай, гаплашишга вақти йўқ.

Лекин ўзбек пули йириклашмаётганидан хафа бўлмасаям бўлади: ҳар сафар маош олганда бир суюниб олади. Ярим қоп пул олдима, деб суюнади.

Картмон қайдаю қоп қайда?!