"Мушт кетди": Қора бозорни мелиса босди, импорт товар чекланди

Бир тарафдан валютани нақд пулда айирбошлаш ва пластик карточкада исталган миқдорда хорижий валютани сақлаш имконидан маҳрум қолган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг аксари яна бир янгилик - 1 февралдан хориждан келадиган товар-маҳсулотлар импортига ҳам чеклов жорий этилганидан ҳали бехабар эканини айтмоқда.


Қора бозорда доллар нархи 3 минггача қимматлади

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб, доллар айирбошлаш шоҳобчаларида нақд пулда валюта айирбошлаш тўхтагани ортидан долларнинг Тошкент қора бозорлардаги савдоси расман тўхтади.

Аммо, ими-жимида юриб турган савдода АҚШ долларининг нархи 1-2 феврал кунлари 3 минг ўзбек сўмига қадар кўтарилиб кетди.

- Шоҳобчаларнинг баъзилари ёпиқ. Доллар эса роса қимматлаб кетди. Жума-шанба кунлари 3 мингача чиқиб кетди. Бозор куни 2 минг 950 сўмга тушди, холос, деди Озодликнинг Тошкентдаги Чинни бозорда савдо қиладиган манбаси.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F77914530&show_artwork=true

Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ, Фарҳод, Олой ва бошқа бир қатор йирик бозорлари теграсида ҳукм сурган валюта айирбошлаш қора бозорларида одам сийраклашиб қолди, валюта айирбошлаш шоҳобчалари теграсида юрадиган "мустақил сарроф"лар кўздан ғойиб бўлди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Мушт кетди": Қора бозорни мелиса босди, импорт товар чекланди


Ҳукумат қарори ортидан илк кунлардаги алғов-далғов сал босилгач эса доллар нархи яна арзонлай бошлади ва 4 феврал кунги маълумотларга кўра, бир АҚШ долларининг эндиликда мутлақо панага кирган қора бозоридаги нархи 2775 ўзбек сўмига баҳоланди.

Дарвоқе, 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон Марказий банкидаги расмий курси ҳамон ўзгаришсиз - 1795 сўмлигича қолмоқда.


Саррофлар кўздан ғойиб бўлди, аммо ими-жимида савдо бўлаяпти

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, қора бозорга Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси ходимлари ҳамда бозор маъмурияти вакилларидан иборат махсус гуруҳ ташланган ва сўнгги бир неча кундан буён қора бозордаги саррофлар ортидан кузатув, текширув, қидирув бошланган.

Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида валюта сотиб келган ва исми сир қолишини сўраган саррофлардан бири 1 февралдан буён ишга чиқмаганини айтди.

- Бозор нотинчку синглим, иш қилмаяпмиз ҳозир. Нотинчку бозор. Текширишяптику, шунга қўрқиб турибмиз, деди Қўйлиқда валюта сотган сарроф.

Олой бозоридаги сарроф ҳам ишни тўхтатиб тургани, аммо ими-жимида савдо давом этаётганини айтди.

- Фақат клиентларга ишлаяпмизда. Бегоналардан қўрқиб турибмиз, ушласа уже сотганга ҳам, олганга ҳам статя борда, қўрқяпмиз, деди Олой бозорида валютани эмин-эркин айирбошлаб келган ва 1 февралдан бундай қулай имкондан маҳрум бўлган сарроф.

Бу сарроф долларнинг давлат муассасаларидан ташқаридаги савдосини тўхтатиб бўлмаслиги, мижозлар пластик карточкалари билан банкка эмас, катмонлари билан саррофга боришда давом этишига ишонч билдирди.


Ушланган саррофнинг товари (долларлари) мусодара қилинмоқда

Тошкентлик саррофлар ва Озодликка 4 феврал куни хабар йўллаган мустақил манбалардан олинган маълумотларга кўра, Тошкентда йирик саррофларни қўлга олиш амалиётлари ҳам бошланиб улгурган.

Хабарларда шаҳарда номи чиққан Ҳалима исмли саррофнинг куни кеча қўлга олингани ва унинг уйидан 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мусодара қилингани айтилмоқда.

Озодлик бу саррофнинг шахсига доир маълумотларни аниқлаш ва ҳозирча гап-сўз даражасидаги бу хабарга аниқлик киритишга уринмоқда.

Аммо, бу хабарни тасдиқлаётган тошкентлик 3 саррофнинг сўзларига кўра, Ҳалима ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозиргача қўлга олиб ёки жиноий иш очиб улгурган ўнларнинг бири бўлиши мумкин, холос.

Шунингдек, Ўзбекистон телевидениеси ва газеталарида ҳам валютанинг ноқонуний савдоси билан шуғулланганларни қоралашга қаратилган чиқишлар бошланиб кетгани айтилмоқда.


Бунинг устига, банкларда ҳам текшир-текшир бормоқда

Озодлик манбалари Тошкентнинг қатор тижорат банкларида ҳам хорижий валюта билан ишлаш бўлимлари устидан қаттиқ текширув бошлангани, айрим банкларда ушбу бўлимда ишлаб келган ходимларнинг ишдан олинаётганини хабар қилмоқда.

Тошкентдаги тижорат банкларидан бирида ишловчи, узоқ муддатли танаффусдан сўнг ишга қайтгани боис курсисини сақлаб қолганини тахмин қилган банк ходимига кўра, валюта билан ишлаш бўлимлари ходимларига Ўзбекистонда хорижий валюта муомаласига оид қонунчиликни бузганлик айби қўйилмоқда.

Исмини ошкор қилмаётганимиз айни ходим куни кеча Тошкент аэропортида хориждан мол олиб келиш учун йўлга чиққан тадбикорлардан бири тўхтатилгани ва унинг ёнидан ўзи ҳамда бошқа шахслар номига очилган 80 га яқин пластик карточка топилганини айтди. Унга кўра, карточкаларнинг аксарияти у ишлайдиган банк томонидан берилган.

Шу тариқа сўнгги кеча-кундузда Тошкентдаги турли манбалардан олинаётган хабарларга кўра, 1 февралдан Ўзбекистонда нақд кўринишдаги хорижий валюта, аниқ айтилса АҚШ долларидаги муомалага у ёки бу кўринишда алоқадор бўлган барча муассасалар – валюта айирбошлаш шоҳобчалари, банклар, божхона хизматлари ва ҳоказо идораларда ҳуқуқ-тартибот, солиқ идоралари ходимларидан иборат махсус гуруҳнинг аёвсиз текшируви кетмоқда.


Ҳали бу ҳаммаси эмас: Импортга ҳам чеклов жорий қилинди

Бир тарафдан, валютани нақд пулда олиш ва пластик карточкада исталган миқдорда хорижий валютани сақлаш имконидан маҳрум тадбиркорларнинг аксарияти яна бир янгилик - хориждан келадиган товар-маҳсулотлар импортига ҳам чеклов жорий этилганидан ҳали бехабарлигини айтмоқда.

Чинни бозордаги савдогарлардан бири бу ҳақдаги хабаримизга жавобан: "Ё... ёёё, нима қивотти булар-а?!" дедию, жим қолди.

4 феврал куни CA-News нашрида пайдо бўлган хабарга кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатдаги тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳасини ҳимоя қилиш, ичкарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдосини ривожлантириш ниятида 29 январ куни яна бир қарорга имзо чеккан.

“Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарорнинг ижроси эса давлат божхона ва солиқ қўмиталарига топширилган.

Озодлик мухбирининг импорти чекланган маҳсулотлар рўйхатини олиш учун қилган уринишлари ҳозирча самара бермади.

Озодлик боғланган Ўзбекистон Давлат Божхона хизматнинг республика бошқармаси, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё ва Қорақалпоғистондаги ҳудудий бўлимлари мутасаддилари 1 февралдан шундай чеклов кучга киргани ҳақидаги хабарни билвосита тасдиқлади. Аммо чекланган маҳсулотлар рўйхатини Озодлик радиосига беришдан бош тортди.

Қизиғи, бундай чеклов ҳақида Ўзбекистондаги қонунчилик ва янги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот бериб келувчи расмий нашрлар ҳам 4 феврал куни хабар бермади.

Аммо Uzmetronom нашрининг хабар қилишича, бу ўринда гап шахсий гигиена ашёларидан тортиб, қурилиш материаллари ва маиший техникагача бўлган товарлар импорти ҳақида кетмоқда.

Президент қарорига кўра, ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кирилган товарлар бозорда пайдо бўлган тақдирда, божхона мулозимларига нисбатан жиддий чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Бироқ, кузатувчилар бундай чеклов ортидан мамлакатда кундалик истеъмол моллари дефицитига олиб келиб, нарх-навонинг ошишига туртки бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Зеро, Ўзбекистон бозоридаги кундалик истеъмол моллари — емоқ-ичмоқ, кийим-кечак, ҳатто тиш чўткаю, кир ювиш порошогига қадар ва ҳоказо энг зарур маҳсулотларнинг 70 фоиздан ортиғи импорт товардан иборат экани айтилади.


Ҳаммаси 1-февралги тақиқдан бошланди

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд кўринишда хорижий валюта айирбошлаш тақиқланди ва хорижий валютани банклар орқали фуқароларнинг пластик карточкаларига ўтказиб бериш тартиби ишга тушди.

Марказий банк расмийларидан олинган маълумотларга кўра, тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” каби халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланиб, улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “SWIFT” халқаро тизимига уланган.

30 январ куни Ўзбекистон Марказий банки расмий газеталарда махсус баëнот тарқатиб, 2013 йилнинг 1 февралидан янада такомиллаштирилган шаклда жорий этилган тажриба аслида Ўзбекистонда 1994 йилдан буён муваффақиятли тарзда амалга оширилганини маълум қилди ва билвосита, бу ортга қайтмас жараёнлигини яна бир карра уқдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Солиқ қўмитаси таркибида савдо муассасалари ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта билан олди-сотдига қарши курашадиган махсус бошқарма ташкил этишга қарор қилингани ҳам маълум қилинди.


18 йиллик қора бозорнинг куни битдими?

Ўзбекистонда валютанинг "қора бозори" мамлакат ўзининг пул бирлигини муомалага киритган 1994 йилдан буён мавжуд. Натижада, Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий ва норасмий курси шаклланган.

Шу кунга қадар эмин-эркин доллар саводоси билан шуғулланган, ҳатто арзон бўлган давлат курсида доллар савдосига монеълик қилиш учун қора бозордаги саррофлар, валюта айирбошлаш шоҳобчалари ва милиция ходимлари иштирокидаги йирик жиноий гуруҳлар шакллангани, уларни эса ўз навбатида қора бозордаги савдодан манфаатдор бўлган юқори лавозимли ҳукумат амалдорлари ҳимоя қилиб келгани кузатилган эди.

Соядаги иқтисоднинг бутун бошли тармоғига айланган бу тизимнинг шу тариқа кутилмаганда, Марказий Банкнинг раҳбариятининг тўсатдан киритган ташаббуси ортидан йўқолишига ишонч билдираётганлар эса озчилик.

Хусусан, орқасида ишончли ҳимоячилари бўлган саррофларнинг ўзи қувди-қувди, қама-қама битиб, саррофлару уларни ҳимоя қилиб келган шахслардан маълум миқдордаги маблағлар ундирилгач, шу вақтгача шаклланган кўринишда бўлмасада, бошқа кўринишда АҚШ долларининг қора бозори савдоси яна тикланишига умид қилмоқдалар.

Ҳар ҳолда 4 феврал куни Озодликка сўзлаган тошкентлик саррофларнинг ҳаммаси: "Ҳозирча ишни тўхтатиб турибмиз", деди.