ФСБ Петербургда 700га яқин мусулмонни ҳибсга олди

Россия хавфсизлик хизмати ҳибс этилганлар орасида диний экстремистик ташкилот аъзолари борлигини гапираётган бўлса, муҳожирлар ФСБ ва полиция шу тариқа “шимолий пойтахтни” мигрантлардан тозалаётганини гапирмоқда. Ушланган ва депортация қилинаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.


Питерда навбатдаги экстремистлар гуруҳи ушланди

8 феврал куни Санкт-Петербургнинг "Апраксин двор" бозори ва шаҳарнинг бошқа туманларидаги мусулмон жамоалари йиғиладиган жойларда Федерал хавфсизлик хизмати ва полиция бўлинмалари махсус амалиёт ўтказди.

Санкт-Петербург бўйича ФСБ Бошқармаси матбуот маркази раҳбари Дмитрий Кочетков журналистларга берган интервюсида шаҳарда Исломнинг радикал оқими саналган салафийлик оқими тарафдорлари ҳибсга олинганини маълум қилди.

- Тергов қўмитаси томонидан “Террорчилик фаолиятга даъват этиш” ҳамда “Нафрат уйғотиш ва инсоннинг қадр-қимматини камситиш” моддалари асосида қўзғотилган жиноий ишлар доирасида оператив-тергов амалиётлар ўтказилди. Бир нечта тинтувлар ўтказилди, жиноий ишга алоқаси бор бир неча киши ҳибс этилди, экстремистик руҳдаги адабиётлар мусодара қилинди, дея умумий маълумотлар билан чегараланди минтақа ФСБси матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Кочетков.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Петербургда ФСБнинг махсус амалиëти

(Видео Санкт Петербург ва Ленинград вилояти ФСБ бошқармаси томонидан тақдим этилди.)

Оммавий ахборот воситаларида амалиёт натижасида 700га яқин мусулмон ҳибс этилгани, улардан 90 фоизи хориж фуқаролари экани хабар қилинмоқда.

Аммо, Петербург бўйича Тергов қўмитаси террорчиликка алоқадорликда гумонланиб 271 киши полиция бўлинмаларига олиб келинганини айтмоқда.

- 10 кишининг ҳужжатларида қалбакилик аломатлари аниқланди, яна 20 киши мутлақо ҳеч қандай ҳужжатларсиз экани аниқланди, деди Петербург бўйича Тергов қўмитаси вакили Сергей Капитонов Озодликка.

Капитонов ҳибга олинганлардан бирининг исми-шарифини ҳам Озодликка маълум қилди.

Бу маҳаллий “экстремистлар”нинг етакчиси, деб эълон қилинган Кабардин-Болқор Республикаси фуқароси, 1988 йилда туғилган Марат Сарбашевдир.

У “2010-2011 йилларда Интернет орқали экстремистик руҳдаги адабиёт ва видеороликларни тарқатганликда” айбланмоқда.

Озодлик суриштирувлари давомида россиялик Сарбашевдан ташқари махсус амалиёт давомида Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Миср ва Афғонистон фуқаролари ушлангани, депортация қилинаётган 7 кишидан иккитаси ўзбекистонлик экани ҳам маълум бўлди.

Айни пайтда, Петербург атрофидаги уйлардан бирида ҳам ФСБчилар томонидан тинтув ўтказилгани ва тергов тахминларига кўра, айнан шу ерда “Петербург жамоати” диний радикал ташкилотининг раҳбарлари яширингани айтилмоқда.

Терговчилар "Апраксин двор" ва шаҳар бозорларида жойлашган намозхоналар маҳаллий мусулмонлар диний идорасига бўйсунмагани, балки Москвада жойлашган ноқонуний диний гуруҳлар назоратида бўлганини айтмоқда.

Хавфсизлик хизмати ходимлари намозхоналарни бир йилдан ортиқроқ вақт давомида кузатгани ва ана шу кузатувлар натижасида шундай хулосага келганини таъкидламоқда.


“Полиция даромад қиляпти”

Петербургда яшаётган ва исми сир қолишини сўраган мусулмонлардан бири 8 феврал кунги воқеа тафсилотларини Озодликка гапириб берди.

- Ўтган жума куни мусулмонлар намоз ўқиётган пайтда мелисалар ниқобда шундай кириб намозни бузиб, ҳаммани тургизиб документларни текширди, кейин автобусларга тиқиб олиб кетди. Бу "Апраксин двор"да, Троицкий бозорида бўлди бу воқеалар. Апрашкадан 200 юзтача одам ушланди, Троицкийдан 100га яқин одам олиб кетилди. У ерда 3 этажда ўзбек-мусулмонлар масжид қилиб қўйган. Жума куни намоз ўқишарди, дейди Петербургда меҳнат қилаётган мусулмон-йигитлардан бири.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Исмини айтишни сўрамаган йигит билан суҳбат


Унинг фикрича, бу намозхоналарда ҳеч қандай террорчи-экстремист йўқ, бу шунчаки полициянинг мигрантларни сиқувга олиб, “даромад” олиш усулларидан биридир.

- Путинни 29 январдан полиция маҳкамасига берилган депорт қилиш ҳуқуқи бўйича, ўзбекларни просто кўчада ҳам юргизмай қўйди. Ўзбекми-тожикми – мелисалар шундай келиб мошинага тиқиб олиб кетяпти, пулини оляпти, документи яхшими-ёмонми – қарамаяпти! Бунақалар жуда кўп арз қилиб келишяпти. Ғирт бандитлик қилишяпти формада! Полиция бу ерда наглий пул ишлаяпти!, дея куйинади ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган мардикор йигитлардан бири.

У барча ҳибс этилганлар ҳозирда Кингиссепский депортация марказида сақланаётганини айтмоқда.

Озодликнинг Москвадаги бюросига Россия пойтахтида ҳам полиция ходимлари ҳужжатлари мавжуд меҳнат муҳожирларини депортация қилаётгани тўғрисидаги хабарлар келмоқда.

Ўзини Алибек, деб таништирган меҳнат муҳожири ўтган ҳафта унинг 20 нафар таниши полиция томонидан ҳибс этилиб, ҳужжатлари жойида эканига қарамасдан Москванинг депортация марказларидан бирига олиб кетилганини айтди.

- Улар 20 тача эди. Кўчада ушланган, шуларни депортация қилди-да. Уже кетади бир-икки ой ичида. Ҳужжатларинг фалшивий деяпти, дейди Алибек.