“Қора бозор”да доллар яна кўтарила бошлади

Police arrests people who try to exchange foreign currency in Uzbekistan

Сўнгги бир ҳафта орасида Ўзбекистон “қора бозор”ларида хориж валюталари нархи "ўйнаб" турди.

13 феврал куни Тошкент “қора бозор”ларда АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати яна аввалги позициясига қайта бошлади.

Тошкентнинг Фарҳод бозоридаги “қора бозор”да фаолият олиб борадиган, исми сир қолишини сўраган сарроф кўчада эркин олди-берди қилиш имкони бўлмаса-да, таниш-билишлар орқали валюта олди-соттиси бўлаëтганини билдирди:

- Бугун доллар кўтарилди. Бир АҚШ долларини 2600 сўмдан сотиб олдик, албатта¸ ишончли одамлардан. Чунки ҳозир кўчада эркин алмаштириб бўлмайди, облава кетаяпти. Куни-кеча 2200 гача тушиб кетганди. Барибир бозор қўйган курсга яна қайтиб келади. Долларни мажбурлаб пастга тушириб бўлмайди, дейди сарроф.

Тошкентдаги Паркент бозорида ҳам бугун шундай нарх бўлди дейди, Ҳамза туманида истиқомат қилувчи пенсионер Темур ака:

- Ҳозир Паркент бозорига кириб келдим. Долларни 2600 сўмдан олишаяпти, 2650-2700 сўмдан сотишаяпти. Ўзим сўрадим, қизиқиб. Отахон долларингиз бўлса оламиз, дейишди, дейди Темур ака.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F79182883&show_artwork=true

Бу 13 феврал куннинг биринчи ярмида Тошкентдан олинган маълумот эди.

Куннинг иккинчи ярмига бориб¸ айрим саррофларнинг Озодликка билдиришича, доллар нархи баъзи “қора бозор”ларда 2700 сўмгача кўтарилган.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта айирбошлаш тақиқланди.

Шундан сўнг, “қора бозорда” 3000 сўмгача сотилган бир АҚШ доллари қиймати 2300 сўмгача тушиб кетди.

Ўзбекистон ҳукумати жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта сотишни тақиқлаш ортидан ғайриқонунуний валютафурушларга қарши курашни ҳам кучайтирди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов, бундай усуллар билан “қора бозор”га барҳам бериб бўлмаслигини айтади:

- Бу тизимни маъмурий йўл, жиноий иш қўзғатиш ёки даврий равишда кимларнидир жазолаб туриш билан йўқ қилиб бўлмайди. Бу ерда фақат бозор усулларини қўллаш керак, холос. Бу буйруқ билан курс пастга тушсин деган нарса эмас.

Шунинг учун, маъмурий чораларни қўллаш билан баб-баравар бозор усулларини қўллаш керак эди, валюта биржасида амалга ошириладиган савдолар ҳажмини ошириш керак эди. Жисмоний шахслар учун конверсион бўлимларга бериладиган валюта позициясини ҳажмини ошириш керак, девалвация қилиш керак. Агар шулар ёнма-ён амалга оширилганда натижа бўлади, деган хулосага келиш мумкин. Ҳозирги ҳолатга эса кампаниябозлик сифатида баҳо бериш мумкин, холос, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Қора бозор”да доллар яна кўтарила бошлади