Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкин


14 йилдан бери қамоқда қолаëтган 72 яшар таниқли ўзбек ëзувчиси Мамадали Маҳмудовнинг жазо муддатига яна қўшиб берилаëтгани борасида маълумотлар пайдо бўлди.

Мамадали Маҳмудовнинг қамоқдаги муддати шу йилнинг 19 феврали куни тугаши керак.

Ëзувчининг Тошкентдаги яқинларига кўра¸ 12 феврал куни Мамадали Маҳмудов ўзи жазо ўтаëтган Чирчиқдаги колониядан олиб келиниб Тоштурмадаги камерага жойлаштирилган.

Франциядаги “Марказий Oсиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” тарқатган маълумотга кўра¸ ўтган йилнинг октябр ойида Мамадали Маҳмудовга қарши янги жиноий иш очилиши ҳақида таҳдидлар пайдо бўлган.

Ташкилот маълумотига кўра¸ бу таҳдид 12 феврал куни исбот бўлган.

11 феврал куни Чирчиқдаги колонияга борган Мамадали Маҳмудовнинг ўғли узоқ навбатда туриб, олиб борган овқат ва дориларини отасига беролмаган, ўзини ҳам кўришга муваффақ бўлмаган.

Маҳмудовнинг Тоштурмага олиб кетилганини унинг ўғлига маълум қилишган.

12 февралда Маҳмудовнинг қизи Тоштурмага борганида, отасига қарши янги жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.

Бундан уч кун олдин Мамадали Маҳмудовнинг оила аъзолари билан учрашган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича¸ тутқунликдаги ëзувчини “ички тартибни бузганлик”да айблаб абадий тутқунга айлантиришга уринишмоқда.

- Мамадали Маҳмудов Тоштурмада. Унинг аҳволи мавҳумлигича қолмоқда. Унга қарши суд ҳали бўлмади. Маҳмудов ўзига белгиланган жазони соатма-соат ўтаб бўлди. Ўтган йили амнистия чиққанида у киши озод бўлиши керак эди. Чунки жазо муддати тугашига уч ой қолган эди. Менимча ҳудди Муҳаммад Бекжон¸ Мурод Жўраев каби Мамадали Маҳмудовни ҳам умрбор тутқунга айлантиришмоқчи¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Тутқунликдаги ëзувчи

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён кўплаб маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар унинг озод қилинишини сўраб келмоқда.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи.

Маҳбуслик даврида ёзаётган асарлари эса рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг айтишича¸ қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олиниб, қайтариб берилмаган.

Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.

Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида таъқибга учраган.
Мамадали Маҳмудовнинг "Ўлмас қоялар" романи француз тилида нашр этилган.

1999 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган адибнинг асарини Филипп Фризон француз тилига таржима қилган.

1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган.

Айни пайтда ëзувчиларнинг халқаро ПЕН ташкиоти Мамадали Маҳмудовнинг озод этилиши учун бошланган кампанияни давом эттирмоқда.