Озодликнинг Тошкентдаги илк мухбири

Озодлик радиоси илк бор эфирга чиққанига 60 йил тўлиши муносабати билан радио тарихига оид туркум эшиттиришларни ҳозирладик. Бу лавҳамиз радионинг ўзбекистондаги илк мухбири Тохир Умаров билан суҳбат асносида ҳозирланди.


Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Совет Иттифоқининг тинч гўшаси ҳисобланган Ўзбекистон халқаро матбуот диққат марказига чиқди.

Фарғона водийсига 2- жаҳон урушидан кейин Сталин тарафидан мажбуран депортация қилинган Месҳет турклари билан маҳаллий аҳоли ўртасида чиққан можаро боис Ўзбекистоннинг бу бўлгасида фавқулодда ҳолат жорий қилинди.

Фарғона водийсидаги зиддиятлар дунë ОАВ лари диққат марказида эди

Бу воқеаларни ëритиш учун Озодлик радиосига мухбир лозим эди.

Бугун 78 ëшда бўлган журналист Тоҳир Умаров ўша пайтда Тошкентдаги “Фан ва Турмуш” журналида ишлар эди. Тоҳир ака Озодлик радиосига Тойир Усмон ва Тошкентлик журналист тахаллуси билан Фарғона водийсидаги воқеалар силсиласини акс эттирган лавҳаларни жўнатиб турди.

- Фарғона водийсидаги воқеалар ҳақидаги маълумотларни ўша вақтдаги Бирлик фаоллари ва бошқа фаоллар, жумладан, журналистлар бевосита кўрганлар. Тошкентга олиб келишади. Мен уларни умумлаштириб, адабий шаклга келтириб, ундан кейин Озодлик радиосига узатардим. Озодлик радиоси ўша пайтда нафақат Ўзбекистон халқини, бутун оммавий ахборот воситалари учун манба бўлди. Кўп газеталар Фарғона воқеалари ҳақида Озодлик радиосидан олиб ëзган ҳолатлари кўп бўлган. Ҳатто мен биламан ўша пайтда Москвада чиқадиган "Литературная газета" ҳам менга мурожаат қилган пайтлари бўлган¸ дейди Тоҳир Умаров.

Бўғилмаган Озодлик

Тоҳир Умаров Озодликдаги фаолиятига сабаб бўлган воқеани эслайди:

- Мен Озодлик радиосини мунтазам эшитиб келар эдим. Озодликни эшитиш қийин эди. Чунки у бўғиларди. 1988 йилда Совет ҳукумати Озодликни бўғадиган тизимни бекор қилди. Тутилиб¸ чийиллаб турган Озодлик бирданига аниқ-тиниқ овозда баралла гапира бошлади. Мен хурсанд бўлиб Мюнхенга табрик телеграммаси юбордим. Кейин радиодагилар мен билан боғланишди. Шу тариқа ҳамкорлик бошланди,- дейди Озодликнинг нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиëдаги илк мухбири Тоҳир Умаров.

Ана шундан кейин Тоҳир Умаров Ўзбекистондаги воқеалар борасида Озодлик радиосидан кунора гапирадиган бўлди.

- Алоқа бир томонлама эди. Келишилган вақтда Мюнхендан қўнғироқ бўлар эди. Мен ëзиб қўйган текстимни ўқиб берар эдим¸- дейди суҳбатдош.



Uzbekistan -- Takhir Umarov, first correspondent in Tashkent, Uzbekistan, 1988

"Озодлик Ўзбекистонни СССРдан ажратмоқчи"

Ўша пайтда Ўзбекистонда сиёсий-ижтимоий воқеалар суръати тезлашиб¸ сиëсий мушоҳада теранлашиб бормоқда эди.

Ўзбекистон ëзувчилар уюшмасига котиб бўлган Муҳаммад Солиҳ атрофига йиғилган зиëлилар ижтимоий муаммоларни эмас, балки дадил сиëсий ислоҳотни талаб қилишар эди.

Бу талаб пировардида Ўзбекистонни СССРдан ажратиш керак деган шаклга келди.

- Тошкентдаги газеталар корпусига йиғилган зиëлилар Ўзбекистонни СССРдан ажратиш керак деган мазмунда гапиришди. Бу йиғилиш 4 соат давом этди. Мен бу ҳақдаги ярим соатлик радиолавҳани эфирга бердим. Ана шундан кейин 1989 йилнинг 4 октябрида, "Правда востока" газетасида "Кому это на руку?" деган мақола босилди. Республика Бош прокурори Усатов ва Ўзбекистон Ички ишлар вазири Камолов бу мақоланинг муаллифи эди. Айни мақола “Совет Ўзбекистони” газетасида "Озодлик Ўзбекистонни СССРдан ажратиб чиқармоқчими?" деган ном билан чоп қилинди¸- дейди Тоҳир Умаров.

Гарчи мамлакат раҳбари Михаил Горбачев ошкоралик ва ҳуррият деб турган эса-да¸ маҳаллий мулозимлар учун Озодлик радиоси ҳали ҳам душман эди. Ўша пайтдаги КГБ айғоқчилари Тоҳир Умаровнинг орқасидан пойлоқчилик қилишди.

- Менга қарши провакация уюштириб, қамаб қўйишмоқчи эди, аммо бахтимга 19 август куни уюштирилган путч барбод бўлди. 1991 йил 19 августдан кейин эркин нафас олиб янада ғайрат билан журналистик фаолиятда давом этдим,- дейди Тоҳир Умаров.

Яшасин Озодлик


Маҳаллий газетада Озодлик радиосига оид Ўзбекистон тарихидаги илк эълоннинг чоп қилиниши ҳам Тоҳир Умаров ташаббуси билан юзага чиқди.

1980 йиллар охирларида илк бор Ўзбекистон ССР ҳукумати расмий нашри "Халқ сўзи" газетасида Озодлик радиоси тинглаш тарғиб қилинган эди.

Темир парда йиртилган¸ ëвузлик империяси ағдарилган ва ҳамма эркин тарзда Озодлик мухбири микрофонига гапирадиган бир давр эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларида ўтказилган матбуот анжуманларида Тоҳир Умаров Озодлик мухбири сифатида Ўзбекистон президентига савол бергани мамлакат телевидениеси орқали намойиш қилинган кунлар эди.

Озодлик радиоси мухбири ўша даврда мамлакатнинг энг исталган шахси эди.

Тоҳир Умаров Ислом Каримовнинг президент мақомидаги илк чет эл сафари бўлган Туркия ташрифи чоғида Озодлик мухбири сифатида воқеани жойидан туриб ëритди.

Аммо журналистик маслак президентнинг оламга саëҳатларини ëритишдан иборат эмаслигини воқеалар силсиласи мухбиримиз Тоҳир Умаровга эслатиб қўйди.

1992 йил январ ойида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари исëн қилиб чиққан талабаларга қарши ўқ узишди. Расмий манбаларга кўра, ўша воқеада 2 талаба ҳалок бўлди.

Бу воқеалар Озодликнинг Ўзбекистондаги илк мухбири Тоҳир Умаров репортажларида бутун зиддияти билан акс этди.


Айни пайтда мустақил давлат сифатида илк одимларини ташлай бошлаган Ўзбекистондаги воқеалар ривожини биргина мухбир ëрита олмаслиги аëн бўла борди.

Воқеаларни ëритиш учун радиомухбирлик тажрибасига эга янги кадрларга эҳтиëж туғилди. Ўша пайтда Ўзбекистон радиосида ишлаëтган ëш журналист Фурқат Яквалхўжаевнинг Озодлик билан ҳамкорлиги ана шу эҳтиëж самараси ўлароқ кўринди.

Навбатдаги лавҳамизда Фурқат Яквалхўжаевнинг Тошкентда Озодликнинг мухбирлик бўлимини очгани билан боғлиқ тафсилотларни ҳикоя қиламиз.