Кореялик собиқ мулозим Ўзбекистон ҳукумати амалдорига айланди

Ким Нам Сок Жанубий Корея Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига Корея фуқароси тайинланди. Қўмита матбуот вакилининг Озодликка айтишича, Жанубий Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг собиқ ўринбосари Ким Нам Сок Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш лойиҳасига бошчилик қилади. Баъзи маълумотларга кўра, чет эл фуқаросининг вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши Ўзбекистон тажрибасида илк бор кузатилмоқда.



Ким Нам Сок Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитасида иш бошлаган экспертлар гуруҳига етакчилик қилиши баробарида унга қўмита раиси ўринбосари мақоми берилган.

Давлат қўмитаси матбуот вакили Элбек Долимовнинг Озодликка айтишича, 56 ёшли Ким Нам Сок Жанубий Кореяда информацион технологияларга оид кўплаб лойиҳаларнинг амалга оширилишида раҳбарлик қилган ва Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш ишлари учун масъул бўлади.

- Ким Нам Сок Кореяда давлат бошқарув ва хавфсизлик вазирлигининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Электрон ҳукумат тизимини жорий этишда тажрибаси жуда катта ҳисобланади. Хабарингиз бор, Корея Республикаси электрон ҳукумат тизимини жорий этишда етакчи ўринларда юради. Айнан Ўзбекистонда электрон тизимини жорий этишда кўмаклашиш мақсадида Ким Нам Сок ушбу лавозимга тайинланди. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимининг жорий этилишида кўмаклашишдан иборат бўлади.

Жанубий Корея Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги Интернет сайтида берилган маълумотга кўра, Ким Нам Сок бир неча йил давомида ушбу вазирлик раҳбари ўринбосари ўлароқ, бу мамлакатда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш ишларига раҳбарлик қилган.

Давлат алоқа қўмитаси расмий вакили Элбек Долимовга кўра, жанубий-кореялик мутахассис Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга эмас, лекин бу лавозимга тайинлангунига қадар мамлакатдаги жараёнлар билан яқиндан танишган.

Баъзи маълумотларга кўра, чет эл фуқаросининг вазир ёки қўмита раиси ўрибосари даражасидаги лавозимга тайинланиши Ўзбекистон тажрибасида илк бор учрамоқда.

1990-йилларнинг биринчи ярмида туркиялик йирик тадбиркор Анвар Олтойли Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг иқтисод ва халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Лекин унинг келиб чиқиши ўзбекдир.

Элбек Долимовнинг Озодликка айтишича, Кореялик мутахассис Ким Нам Сокнинг алоқа қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланиши президент Ислом Каримовнинг ўтган йил октябрида Жанубий Кореяга қилган сафари давомида эришилган келишувларга асосан, Ўзбекистон қонунчилиги доирасида амалга ошмоқда.

Кореялик мутахссис ўзбек тилини билмайди, у етакчилик қиладиган экспертлар гуруҳи ҳам кореяликлардан иборат бўлиб, таржимонлар ёрдамида фаолият юритиши айтилмоқда.

Ким Нам Сок бошчилигида амалга оширилажак электрон ҳукумат лойиҳаси Ўзбекистон фуқароларининг давлат идоралари билан муносабатларига оид жараённи электронлаштириш орқали, уни осонлаштиришни кўзда тутади, дейди қўмита вакили.

Бугун аксар мамлакатларда электорн ҳукумат тизими амал қилади. Мазкур тизим ёрдамида давлат бошқарувига оид жараёнлар, масалан фуқаролардан ариза ва сўровномаларни қабул қилиб олиш, уларга турли далолатномаларни бериш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш кабилар амалга оширилади.

Давлат алоқа қўмитаси вакилининг Озодликка айтишича, 18 март куни “Ўзбектелеком” давлат ширкати раиси лавозимига Абдурашид Абдумўминов тайинланган. Абдумўминов шу пайтгача мазкур ширкатнинг Тошкент бўлимига раҳбарлик қилган.

“Ўзбектелеком”нинг аввалги директори Махсум Махмудов ўтган йилнинг октябрида Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилган эди.

Мазкур қўмита ўтган йили Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ўрнида ташкил қилинган.