Ўшда йўл кенгайтириш баҳонасида яна ўзбек маҳалласи бузилиши мумкин

Ўш шаҳрининг марказида жойлашган ва асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи Ўш кўчасидаги бузилиши керак бўлган йигирма тўққизта уйда мингдан ортиқ одам яшаши рўйхатга олинган. Ўш мэрияси томонидан уларнинг айримларига шаҳар марказидан 17 километр олисда жойлашган ҳудуддан ер берилиши айтилган.
Ўш кўчасида истиқомат қилувчиларга кўра, уйларнинг бузилиши борасидаги гаплар 2012 йил апрел ойида бошланган. Ўшанда ўзини шаҳар архитектурасидан деб таништирган одамлар яшовчиларга маҳалла қисман бузилиб йўл қурилиши кераклигини айтишган.

Бузиладиган уйлар рўйхатига Жамолдин Мирзамуротов яшаётган хонадон ҳам киритилган. Унинг Озодликка айтишича, уйлар бузилишини билгач, маҳалла аҳли бу масалани қонун доирасида ҳал қилинишини илтимос қилиб, Қирғизистон президенти Алмаз Атамбаевга мурожат жўнатган.

Президент маъмуриятидан «Масала маҳаллий даражада ҳал қилиниб, президент маъмуриятига бу борада ахборот берилсин” қабилида жавоб келган. Ўш шаҳар архитектураси ва шаҳар қурилиш бошқармаси президент маъмурияти сўровига тезкор жавоб йўллади. Бу жавобнинг нусхаси Жамолдин Мирзамуотовга ҳам берилди. Суҳбатдошимиз мазкур жавоб уни қониқтирмаганини айтди:

Ўш архитектураси мазкур хатда уйи бузиладиган барча ўшликларга 1979 йилда товон пули берилганини иддао қилмоқда.

- Бу жавобда “Ўш шаҳрининг Ўш кўчасидаги бузилишга тушган 29та уйда яшовчи барча аҳолига уй берилган, квартира берилган, уй қуриш учун ер ажратилган ва товон пули тўланган” деб ёлғон маълумот берилаяпти. Ўш кўчасидаги айрим уй эгалари қачонлардир ер, квартира олишган бўлиши мумкин. Лекин мана бу 29та уйда яшовчиларнинг асосий қисми бу нарсаларни олмаган, бизга на ер, на компенсация берилмаган, - дейди Жамолдин Мирзамуротов.
Ўз исмини айтишни истамаган Ўш кўчасида яшовчилардан бири эса собиқ Совет иттифоқи даврида маҳалла бузилиши борасида гап сўзлар бўлганини, ўша пайтда айрим уйларда яшовчилар давлатдан уйининг ўрнига ер ва квартиралар олганини айтди.

- 1979 йили бундай буйруқ бўлган, шаҳарни ободонлаштиришга. Айрим уйлар пул олган, айримлари умуман олмаган. Кейин СССР развал бўлиб, уйларни бузиш тўхтаган. Бу воқега ҳам 33-34 йил бўпти. Бироқ Конституцияда “бундай ишлар 15 йилда амалга оширилмаса ўз кучини йўқотади” деб ёзилган. СССР деган нарса тарқаб кетди, лекин қонуни турибди. Ҳозир давлат ўзига керак бўлса СССРдан қолган қонундан, ўз манфаатига зид келган ерда эса Қирғизистон қонунидан фойдаланаяпти, тушуниб бўлмаяпти, - дейди суҳбатдош.

Маҳалла аҳлига кўра, бузилажак уйлар ўрнига шаҳардан 17 километр олисликда жойлашган ҳудуддан ер берилиши айтилган, бироқ бузилажак уйларнинг нархи қанчага баҳоланиши борасида бирон маълумот йўқ.

Ўшдаги “Интербилим” маркази юристлари Нусратило Ахмедов ва Улан Сейитбеков Ўш кўчаси яшовчиларига бу борада юридик маслаҳатлар берган. Унинг айтишича, бу маҳаллада яшовчи одамларнинг кўпчилиги ҳаттоки уй ўзларига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатларга ҳам эга эмас. Юристларнинг айтишларича, агар уйлар бузила бошласа ҳужжатга эга бўлмаган одамилар товон пули ёки янги уй қуриш учун ер берилмагани туфайли кўчада қолишлари мумкин.

-Биз шаҳар мэриясининг Муниципиал мулк бошқармаси билан доимий алоқада ишлаймиз. Ўш кўчасининг бузилиши ёзда бошланади, дейилган. Ҳозирча бузилиш тўхтаб турибди, қачон бошланиши ҳам номаълум. Биз Ўш кўчасида бузилиши керак бўлган уйларнинг ҳужжатларини тўғрилашда керакли ёрдамни берганмиз. Ҳозирда 3 уйнинг ҳужжатини тўғриланаяпти, - дейди Улан Сейитбеков.

Маълумотларга кўра, ҳозирча Ўш кўчасида режалаштирилган қурилиш ишлари маблағ етишмаслиги сабабли вақтинча тўхтатилган. Ўш шаҳри вице мэри Рустам Мирзаматов бу ҳақда қуйидагиларни айтди:

-Ўзбекистонда ҳукумат шаҳарни ободлаштириш ёки йўлни кенгайтириш бўйича муаммо бўлса, бир кундаёқ ҳал қилиб қўяди. Биз эса аҳоли билан музокара ўтказиб, бузилиши керак бўлган уйларнинг пули тўла берилмагунича ҳеч нарса бузмаганмиз. Шунинг учун ҳам Навоий кўчасидан ўтган катта кўприкни ҳам шу кунгача таъмирдан чиқара олмай қийналаяпмиз, - дейди Рустам Мирзаматов.

Ўтган йили Ўш шаҳрида йўл кенгайтириш баҳонасида асосан ўзбеклар яшайдиган маҳалладаги 30 дан ортиқ уй бузилган эди. Ўш шаҳар мэрияси бу уйларни жуда кам нархда баҳолаган ва фақат ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашуви билангина маҳалла аҳли қониқарли даражадаги товон пули олишга муваффақ бўлган эди.