Москва суди яна бир наманганликни Ўзбекистонга бермоқчи

Жалолбоев Ҳакимнинг суд залидан Озодликка жўнатилган сурати.

Москвада Ўзбекистон ИИВ “Ҳизб-ут Таҳрир”га алоқадорликда айблаб қидираётган наманганлик Жалолбоев Ҳаким устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Бабушкино туман судининг 3 апрел кунги қарори билан қочқинлик мақомини олиши кутилаётган бу йигит ҳам “маъмурий қонунбузарлик содир этгани” учун Ўзбекистонга депортация қилинадиган бўлди.

3 апрел куни Москванинг Бабушкино туман суди Ўзбекистон сўрови билан ўтган йилнинг ноябридан буён ҳибсда сақланаётган яна бир меҳнат муҳожири – Жалолбоев Ҳаким Турсуновични депортация қилишга қарор қилди.

Суд залидан Озодлик мухбирига боғланган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази фаоли Абдусами Раҳмонов суд бу йигитнинг қочқинлик мақомини олиш арафасида бўлгани, аммо бу суд томонидан инобатга олинмаганини айтди.

Бунга қадар айни ҳолатда бўлган наманганлик яна бир йигит - Авазбек Низомовга нисбатан ҳам шу мазмунда қарор чиқарилган эди.

Низомов Авазбек

- 28 март куни Низомов ҳам Россияда яшашга оид маъмурий қонунчиликни бузгани тўғрисида қарор чиқарилиб, Шимолий депортация марказига юборилди. Худди шундай, бугун Жалолов Абдуҳакимга нисбатан ҳам Бабушкино судида судя Устюгова томонидан қарор чиқарилди. Унинг ҳужжатлари жойида экани, судда “Қаерда турганлигимни эслай олмайман”, дегани учун қонун бўйича патентни чўзишинг керак эди, деб депортация қилишяпти, дейди Абдусами Раҳмонов.

Ҳуқуқ фаоли олдинги суд ҳайъати кабибу галги судя Людмила Утюгова ҳам адвокатнинг бу йигитларга Ўзбекистонда қўйилаётган айблар асоссиз эканига оид далилларини инобатга олмаганини айтмоқда.


Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Абдусами Раҳмонов билан суҳбат



Ўтган йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида Ўзбекистон сўрови билан самолётдан тушириб қолдирилган 20 ёшли Низомов Авазбек, 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 19 ёшли Фазлиддинов Абдусамад, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар Наманган Ички ишлар бошқармаси томонидан диний экстремизм, турли диний ташкилотларда аъзоликда, сепаратизм ва ноқонуний диний адабиётни тарқатишда айбланиб қидирувга берилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистондан Россия полициясига юборилган жиноий иш материалларида Калининграддан юртига қайтаётган бу йигитлар “халқаро жиҳодчи" ташкилотларга “байтулмол” йиғиб бериш билан шуғуллангани айтилган.

Бироқ ҳимоячилар бу йигитлар, ҳатто намоз ўқимаслиги ва ҳеч қандай ноқонуний диний фаолиятга алоқадор эмаслигига ишонишини гапирмоқда.

2012 йилнинг 7 декабр куни наманганлик меҳнат муҳожирлари сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходимлари келганидан кейин, маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг босимидан тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабр куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдиргани хабар қилинган эди.

Бир вақтлар ўзи ҳам айни вазиятда ва айни айбловлар билан Ўзбекистонга бериб юборилишига сал қолган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусами Раҳмоновнинг “Мемориал” ва “Фуқаровий кўмак” ташкилотлари босими остида Ўзбекистонга бериб юборилиши тўхтатиб қолинган эди.


Жалолбоев Ҳаким

Бу вазиятни яхши тушунган Раҳмонов яна икки маҳбус - Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ ва Жалолбоев Олимнинг тақдири Россия махфий идора ходимлари томонидан белгилангани ва суд шунчаки “юқоридан” тушган буйруқни ижро этаётганига ишонишини Озодликка гапиради.

- Вазиятдан хулоса қиладиган бўлсак, шунга ўхшаяпти. Гарчи адвокат қаттиқ туриб "Бу қочқинлик мақомидаги шахс", деётган бўлса ҳам, шундай қарорлар чиқариляпти. Энди, депортация марказида ҳужжатлари бор одам 1 ою 10 кун ичида чиқариб юборилиши мумкин, дейди Абдусами Раҳмонов.

Лекин унга кўра, адвокатлар Жалолбоев Ҳакимга нисбатан суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.

Озодлик Москвадан депортация қилинишга тайёрланаётган ўзбек маҳбусларининг кейинги тақдирига оид жараённи кузатишда давом этади.