“Қора ниқобли”лар "Баҳо Шакар"нинг ота-онасини уйидан кўчирди

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Баҳодир Каримжоновни қидириш ҳаракатларига Давлат божхона қўмитаси ҳам жалб қилинган.

Ўзбекистонда “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркор Баҳодир Каримжоновга тегишли Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласида жойлашган ҳашаматли уйни “қора ниқоблилар” босди. Тошкентдаги манбаларга кўра, тадбиркорнинг уйидаги мол-мулки хатланган.


“Баҳо Шакар"нинг ҳашаматли уйи хатланди”

Ўтган ҳафта охирида Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласи Восиқ Маликов кўчасида жойлашган Баҳодир Каримжоновнинг бир неча қаватли, ҳашаматли уйини “қора ниқобли”лар гуруҳи босди.

Бу ҳақда маълум қилган Озодликнинг Тошкентдаги манбасига кўра, қайси идорага қарашли экани номаълум бўлган “қора ниқобли”лар гуруҳи тадбиркорнинг уйига бостириб кириб, унинг мол-мулкини рўйхатга олишган.

“Бўстон” маҳалласи фаолларидан бири, исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Баҳодир Каримжоновнинг маҳаллада жойлашган уйида яшаб келган ота-онаси бошқа жойга кўчирилган.

“Ҳозир Баҳодирнинг отаси Мирзиё акани эски уйига кўчиришди. Уларнинг уйига ҳеч кириб кўрмаганман. Уйининг олдида пост бор, кечаю-кундуз қўриқчилар турарди. Маҳалламиздаги энг ҳашаматли уйлардан бири эди. Баҳодирнинг ота-онаси зиёли одамлар. Маҳаллада обрў-эътиборга эга одамлар. Баҳодирнинг ўзи ҳам нафақат маҳалламиз, қўшни маҳаллалар учун ҳам кўп ишлар қилган. Биз улардан ҳеч ёмонлик кўрмаганмиз”, деди “Бўстон” маҳалласи фаоли микрофонсиз суҳбатда.

“Баҳо Шакар” мулкини рўйхатга олиш давом этмоқда

Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулкни ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан хатлаш жараёни бир ойдан буён давом этмоқда.

Март ойининг ўрталарида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Каримжоновга қарашли пойтахтдаги “Дунё” тармоқ супермаркетларини тафтиш қилиш бошланди.

Март охирига келиб, “Дунё” тармоқ супермаркетлари эшигига қулф осилиб, унинг эгаси ўзгаргани маълум қилинди.

Шедевр (собиқ "Дунë") супермаркети

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, эндиликда ушбу супермаркетлар “Шедевр” номи билан иш бошлаши режалаштирилган.

Каримжоновга тегишли Тошкентдаги “Erudit International Plus” хусусий таълим марказида ҳам март ойининг бошида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бошланган тафтиш давом этмоқда.

Ушбу марказнинг ўзини таништирмаган ходими, текширув бўлаётгани тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқламади.

Озодлик манбасига кўра, Каримжонов Ўзбекистонда шакар импорт қилиш ва савдосини тўлалигича назорат қилишдан ташқари Coca-Cola ширкати маҳсулотларини реализация қилиш соҳасини ҳам назорат қилган.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Coca-Cola маҳсулотларининг кейинги икки ой мобайнида мамлакат дўконларидан йўқолгани ҳам Каримжоновга нисбатан жиноий иш очилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Каримжоновга тегишли бизнес шохобчаларидан яна бири - Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Назарбек маҳалласида жойлашган “Музимпекс” қўшма корхонасида Миллий хавфсизлик хизматининг буйруғи асосида текширув бошлангани хабар қилинганди.

Мевани қайта ишлаш билан шуғулланувчи Британия-Ўзбекистон қўшма корхонаси - “Музимпекс”нинг исмини ошкор қилмаётганимиз вакилларидан бири Озодликка ташкилотда текширув бўлаётганини тасдиқлади, бироқ, ташкилотнинг Баҳодир Каримжоновга тегишли эканини инкор қилди.

Ўтган йили Тошкентдаги хусусий клиникаларда рейд ўтказилиб, кўплаб клиникалар ёпилган эди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик манбага кўра, ўша пайтда ёпилган хусусий клиникаларнинг аксари Баҳодир Каримжоновга тегишли бўлган.

Тошкентдаги Озодлик манбасининг хабар қилишича, март ойининг охирида "Баҳо Шакар"нинг акаси Алишер Каримжоновнинг ҳам Себзордаги супермаркетида тафтиш ўтказилиб, ҳозирда дўкон ёпиб қўйилган.

"Баҳо Шакар"нинг акаси Алишер Себзорда супермаркет очганди. Себзор супермаркетини 10 тача одам келиб, 2 кун текширди. Икки кундан кейин супермаркет бир ҳафта ишлади, сўнг катта юк машиналари келиб, дўкондиги ҳамма мол-мулкни ортиб кетди. Ҳозир Себзор супермаркети ҳозир ёпилган, деди Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири "Себзор" супермаркети билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ дўконнинг телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

"Қочоқ тадбиркор Дубайда яширинган"

Озодлик мухбири Тошкент шаҳар прокуратурасидан бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади. Прокуратура ходимлари ҳар қандай маълумот олиш учун ёзма мурожаат қилишни тавсия қилишди.

Баҳодир Каримжоновга қўйилган айбловларнинг битта эпизодига кўра, у қарийб 47 миллион долларлик бож тўловларини тўламаган.

Баҳодир Каримжоновга нисбатан Жиноят кодексининг “солиқ тўлашдан бўйин товлаш”, “мансаб ваколатини суистеъмол қилиш” каби жами 7 та моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Баҳодир Каримжонов ҳозирда мамлакатдан қочиб, Дубайда яшаётгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди Каримжоновни сиртдан қамоққа олиш борасида ажрим чиқарган ва тадбиркорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бойларнинг хатланган мол-мулки тақдири

Тошкент шаҳар солиқ бошқармасидаги манбага кўра, Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулк тўла рўйхатга олиб бўлингач, суд бу мулкни давлат ҳисобига мусодара қилиш бўйича қарор чиқариши мумкин.

Исмини ошкор қилмаётганимиз солиқчи мусодара қилинган мол-мулкнинг тақдири нима бўлишини очиқламади.

Худди Баҳодир Каримжонов сингари мамлакатдан қочишга мажбур бўлган таниқли тадбиркорлардан бири Дмитрий Лимга тегишли қадимий ашëлар¸ 77 та ретро автомобил ва мотоцикл коллекцияси музейга топширилган эди.

Тошкентдаги бир нечта улгуржи бозорларнинг собиқ эгаси¸ ҳозирда қидирувда бўлган Дмитрий Лимга тегишли бошқа мол-мулкнинг тақдири нима бўлгани Озодликка номаълум.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва кўзга кўринган тадбиркорларнинг қамалиш хавфи боис мамлакатда қочиши ҳолатлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Хорижга қочганлар рўйхатида, жумладан, МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ бош директори¸ Гулнора Каримованинг яқин ўтмишдаги бизнес ҳамкори Беҳзод Аҳмедов, таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимов, "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимов, Carlsberg Uzbekistan ширкатининг раҳбари Евгений Шевченко, "Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров каби қатор йирик корчалонлар борлиги айтилади.

Бу каби шахсларнинг миллионлаб, балки миллиардлаб долларлик мол-мулкининг давлат фойдасига мусодара қилингандан кейинги тақдири нима бўлгани ҳақида шу пайтгача на ўзбек матбуоти ва на ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумот берган.

P.S. Мол-мулкини ташлаб хориждан бошпана топган юқорида номлари тилга олинган шахслар ўз позицияларини билдиришни истаса, Озодлик уларга бундай имконият беришга тайёр.