Сурияга кетган қирғизистонликларни қидириш расман бошланди

Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳридан Сурияга “жиҳод қилиш” учун кетган одамларни Туркияда қидириш ишлари расман бошланди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги статс-котиби Асеин Исаев баёнот берди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Сурияга “жиҳодга” кетгани айтилаётган ўндан ортиқ қизилқияликларни қидириб топиш ва ватанига қайтаришга кўмаклашиш илтимоси билан Туркия ҳукуматига дипломатик каналлар орқали мурожаат жўнатди.

Ҳозирги пайтда Туркия Ички ишлар вазирлиги, Чегара ва хавфсизлик хизматлари қирғизистонликларни қидириш ишларини бошлагани айтилмоқда. Маълумотда Туркиянинг Сурия билан чегарадош ҳудудларида қидирув ишлари кучайтирилган тартибда олиб борилаётгани айтилади.

- Сурияга кетганлар масаласида амалга оширилиши керак бўлган ишларни тезлик билан бажардик. Бугунги кунда Туркиянинг тегишли тузилмалари билан тиғиз ҳамкорликда ишлаяпмиз. Туркия томони Сурия билан чегарадош ҳудудларда қирғизистонликларни қидириш амалиёти олиб борилаётганини билдирди. Бу воқеа халқаро жанжалга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун бу масалада Туркия ва Қирғизистон жуда қаттиқ иш олиб бораяпти. Қидирув ишлари ҳақида Туркия томони бизга ҳар соатда маълумот бериб турибди, -деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги статс-котиби Асеин Исаев.

Шу билан бир қаторда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қизилқиялик фуқароларни Сурияга “жиҳод”га боришга ёллаган ёки даъват қилган шахсларни аниқлаш юзасидан иш бошлади.

- Ким, қайси ердан, нима учун ва қандай сабаб билан Сурияга кетганини аниқлаш юзасидан оператив ишлар олиб борилмоқда. Ҳозир бу ишни уюштиришда иштирок этгани гумонланаётган томон бўйича маълумотлар пайдо бўлди. Бу маълумотларни ўрганиш жараёнини бошладик, -деди Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг 10-бош бошқармаси раҳбари Таалайбек Акбаев.

17 апрел куни Қирғизистон парламенти депутати Дастан Жумабеков Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳри ва Ўш вилоятининг Аравон туманидан ёш йигитлар Суриядаги урушга ёлланаётгани ҳақида баёнот берган эди. Депутатга кўра, Сурияга урушга кетган қизилқиялик ва аравонликлар сони 15 кишига яқин. Мустақил манбалар эса Сурияга фақат Қизилқия шаҳридан 20 га яқин одам кетганини билдирган. Аравон туманидан эса Сурияга кетганлар ҳақидаги маълумот тасдиқлангани йўқ.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат агентлиги Сурияга кетганлардан 7 нафарининг шахси аниқлангани, уларнинг энг ёши 18 да, энг каттаси 36 ёшда эканинини билдирган. Улар уйларидан “Россияга ишлагани кетаяпмиз”, деб чиқиб кетишган ва бир неча кун ўтгач Туркиянинг Истанбул шаҳридан уйларига сим қоқишиб, Сурияга "жиҳодга кетаётгани"ни айтишган.

“Араб баҳори” тўлқини таъсирида Сурияда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида тўқнашувлар бошланган эди. Сурияда деярли икки йилдан бери давом этаётган низолашувда, БМТ маълумотида айтилишича, 70 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган.