Йўқотилган шифо изидан

Доктор Ойдин Солиҳнинг "Ҳақиқий тиббиёт" китоби туркияликлар орасида маълум ва машҳур.

Баҳор ҳавоси ҳукмрон Бурсада бугун эрталабдан шиддатли ёмғир ёғмоқда. Бундай ҳавода уйда қолгинг ва руҳингни тетиклаштирадиган қаҳва ичиб, китоб ўқиб ўтиргинг келади.


Бурса шаҳрининг “Ўрдакли” маданият марказида ўзбекистонлик таниқли биолог олим Ойдин Солиҳ “Ҳақиқий тиб” мавзусида бир кунлик конференция ўтказиши эълон қилинди. Камина ҳам бу тадбирга таклиф қилинганим боис китоб ўқишни бошқа кунга қолдирдим.

Қадимий бинонинг уч юздан ортиқ киши учун мўлжалланган залида ҳали тадбир бошланмай туриб бўш ўрин қолмаганди, яна саксон чоғли одам узун йўлакларда турнақатор ҳолда туриб қолишди.

Эрталаб уйдан чиқаётиб, ҳаво ёмонлиги боис тадбирда бунчалик жамият тўпланишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Белгиланган соатда залга Ойдин Солиҳ ва анжуман ташкилотчилари кириб келишди. Турли ёшдаги эркаклар, аёллар ва ёш болалар билан тўлган бино жонланди. Ёнимда ўтирганлардан бири “Оҳ, Ойдин хонимни кўрдим, шукур”, деб бақириб юборди.

Асли украиналик Ойдин Солиҳ Ворошиловоград медицина ўқув юртини ва кейинроқ Тошкент Давлат Унверситетининг биология факультетини битирган.

Талабалик йилларидан халқ табобати, Ибн Сино тиббиёти билан қизиққан Ойдин хоним Туркияга 1993 йилда келган.

Ўз илмини тажрибада синаб кўрган ўзбекистонлик олим қўлида минглаб туркиялик ва Туркия хорижида яшаб турган беморлар шифо топгани ҳақида кўп гапирилган.

2008 йилда Ойдин Солиҳ узоқ йиллар олиб борилган изланишларининг илмий хулосаси жамланган “Ҳақиқий тиббиёт” деб номланган китобини бир неча минг юз нусхада чопдан чиқарди.

Турк ва ўзбек тилларида нашр юзини кўрган бу китоб турк жамиятида фавқулодда катта қизиқиш билан кутиб олинди.

- Ойдин хоним дунё саодати, башарият учун жуда катта иш қилди. Бу китоб инсонлар саломатлиги учун фойдали бир манбадир, - дея фикр билдиради туркиялик машҳур ёзувчи Меҳмедали Булут.

Турк ёзувчиси Булут 2006 йили оғир кўз амалиётини бошдан кечирганидан сўнг вужудида баъзи салбий ўзгаришлар сеза бошлаганини ва ҳар гал шифокорларга мурожаат қилганида “бу ҳар қандай амалиётдан кейин кузатиладиган ва вақт ўтиши билан кечадиган табиий ҳол”, деб овутганларини хотирлар экан, мана буларни қўшимча қилди.

- Мен борган сари ўзимни яримжон кишидек ҳис эта бошладим. Ўша чорасизлик исканжасида қолган кунларимнинг бирида Ойдин Солиҳ ва унинг табобат услули ҳақида эшитиб қолдим. Аввалига мен бу муолажа усулига ишонмадим. “Қандай қилиб одам бирор-бир амалиётсиз, фақат қандайдир табиий йўллар билан, рўза тутиш ёки қон олдириш билан шифо топиб кетиши мумкин? Мен бунга асло ишонолмайман”, дедим. Лекин жон аччиғи, деган гап бор. Ҳар ҳолда, мен Ойдин хоним кўрсатмалари асосида даволанишга киришдим. Авваллари бир кунда олти марта овқатланган бўлсам, табобат даврида 36 соатдан 72 соатгача сурункали рўза тута бошладим. Ҳеч бир муболағасиз айтаман, бу табобат усули менинг ҳаётимда, вужудимда инқилоб қилди. Ойдин хонимнинг табобат усули менга емай-ичмай ҳар қандай оғир хасталикдан қутулиш ва айни пайтда соғлом ҳаёт кечиришни ўргатди, Аллоҳга шукр, - дейди туркиялик таниқли ёзувчи Меҳмедали Булут.

Тахминан 400 киши тўпланган залда кишилар “чурқ” этмай Ойдин Солиҳни тинглашарди. Жимликни бунча катта жамоатни кўришга одатланмаган ёш гўдакларнинг йиғиси бузади, холос.

Ойдин хоним ўтирганларни хлорли кир кетгазувчилар, бадан парвариши учун қўлланиладиган турли хил хушҳидлар, "атир" балоси, эмлов ва шу каби маҳсулотларнинг инсон ҳаётига хавфидан огоҳлантирди.

Бугун дунёнинг илғор мамлакатлари, жумладан, Туркиядаги ана шу маҳсулотларни ишлаб чиқараётган йирик ширкатлар катта аудиторияни ишғол қилиш учун ўз маҳсулоти рекламасига миллионлаб доллар маблағ сарфлаётган бир пайтда ўзбекистонлик олим аксинча одамларни бу маҳсулотлардан умуман фойдаланмасликка даъват этади.

Энг сўнгги қаторда ўтириб, Ойдин хонимни тинглар эканман, бир томондан, унинг Исломий қадриятларни тиклаш йўли билан инсонлар саломатлиги учун ҳақиқий кураш бошлаганидан севиндим. Бошқа томондан, “бу ширкатлар фақат ўзи учун эмас, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам катта фойда келтиради-ку. Шундай экан, бу каби даъватлар хавотирларга сабаб бўлмайдими?” дея ўйга чўмдим.

- Хлорли кир кетгазувчилар, бадан парвариши учун қўлланиладиган турли хил сунъий хушҳидлар (ароматлар) инсонни жисмонан йўқ қилибгина қолмай, унинг инсонлик моҳиятини ҳам ўзгартиради. Бу маҳсулотларни бир мартагина қўллаган кишининг иммун системаси кучли зарба ейди. Эътибор берган бўлсангиз, илгари депрессия ҳолатига қарши дорилардан аёлларгина фойдаланарди. Бугунга келиб ҳамма - эркаклар, кексалар ва ҳатто ёшлар ҳам антидепрессант ича бошлашди. Илгари фақат аёллар, баъзи ҳолларда эркаклар ошқозон ости бези билан оғриган. Бугун-чи? Ҳатто янги туғилган чақолоқларда ҳам бу касаллик аниқланган. Оммавий бепуштлик кучайган. Сунъий уруғлантириш марказларига ёшлар дарё бўлиб оқмоқда. Расмий манбаларнинг башорат қилишича, деярли бир неча йилдан сўнг туғилажак болаларнинг 95 фоиз сунъий урчитиш йўли билан, қолган атиги 5 фоиз эса табиий йўл билан туғилади. Бунақа оммавий бахтсизлик қаршисида қайси фойдадан баҳс этмоқчисиз? Бизнинг фаолиятимизга ҳозирда ҳеч ким таҳдид қилаётгани йўқ. Иммун системасини чўктирадиган антибиотиклар, қўшимча моддали озуқалар, гени ўзгартирилган озуқалар, кимёвий моддалар ва бошқа шу каби зарарли ва заҳарли маҳсулотлардан тийилиш борасидаги тавсияларимизни асосан имонли кишилар қабул қилаётир. Чунки улар ҳамма нарсанинг жавоби борлигини яхши англайдилар, - дейди Туркияда исломий тиббиётга янгича қараши билан танилган Ойдин Солиҳ.

Ойдин Солиҳ табобат усулига ҳожамот (қон олдириш) ва зулук муолажаси ҳам киради. Уч ярим минг йиллик тарихга эга экани тахмин қилинаётган ҳожамот муолажа усули Муҳаммад (с.а.в.) суннати, деб қаралади.

Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим қишлоғимизга маҳаллий лўлилар келиб, бирор дардга чалинган аёллардан қон оларди. Йиллар ўтиб, қишлоғимиз аёллари саломатлигини лўлиларга эмас, замонавий табибларга ишондилар.

Бугунги кунда унитилаёзган ўша қадимий муолажа усули, яъни Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатлари Ойдин Солиҳ асос солган Туркиядаги энг йирик муқобил тиббий марказ саналмиш Табиий шифо институтида кенг қўлланилади. Ана шу марказга саратон ташхиси билан бош урган беморларнинг умуман бу касалликка чалинмагани ҳам аниқланган айтилди.

- Баъзи касалларга рак, деб янглиш ташхис қўйиб, ракни даволашади. Оқибатда саратон бўлмаган одамлар ҳам радионурланиш туфайли саратонга чалиниб қолаяпти. Сабаби замонавий тиб тўғри ташхис қўёлмайди. Чунки Замонавий тиббиёт фалсафаси пойдеворидан бошлаб хатога қурилган, - дер экан ўзбекистонлик олим Ойдин Солиҳ, ўз марказига нотўғри ташхис билан келган юзлаб беморлар Исломий тиббиёт муолажасидан кейин соғайиб кетганларини таъкидлайди.

Туркияда Исломий тиббиёт усули оммалашиб бораётгани ортидан туркиялик замонавий табиблар модерн касалхоналарни ташлаб, Ойдин Солиҳ марказига ошиқаётир.

Улардан бири доктор Ўрҳан Алидир. Туркия Тиббиёт олийгоҳини битирган Ўрҳан Али ҳам бугунги кунда замонавий тиббиёт пойдевори методологик xато тамалга қурилган, деган фикрда.

- Иккинчи курсда ўқирдим, хасталандим. Доктор кўригидан ўтдим. У ҳеч бир ташхиссиз, менинг сўзларимдан келиб чиққан ҳолда, у-бу дориларни ёзиб берди. Мен, табиийки, тузалмадим. Чунки касалимнинг сабаби номаълум эди. Бўлажак доктор сифатида ўзим ҳам у-бу манбалардан дардимга даво қидира бошладим. Нина терапеяси, бошқа муқобил табобат муолажаларини олдим, ҳеч бири фойда қилмади. Шу тариқа икки йил даво изладим. Сўнгра Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларини варақладим, тузалдим. Ўшандан кейин Исломий табобат барча табобатдан устунлигини ва бурунни алоҳида, кўзни алоҳида, қулоқни алоҳида даволаш методи бўлган замонавий медицинанинг фундаментал фалсафаси хато ва у инсонлар учун фойдасиз бир муолажа системаси эканини англаб етдим. Ҳозирда ўзбекистонлик олим Ойдин хоним билан ҳамкорлик қилиб турибман, - дер экан Ўрҳан Али эндиликда инсонлар саломатлигига ҳисса қўшиш мақсадида муқобил тиббиёт билан шуғулланаётганидан ниҳоят хурсанд эканини қўшиб қўйди.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ҳам муқобил тиббиёт усули миллат саломатлигига салмоқли ҳисса қўшишига ишонган ҳолда, бу тиббиёт учун катта имкониятлар яратиб бераётгани сезилади.

Конфренция залидан ташқарига чиқиб, яқинроқдаги метро станциясига йўл олар эканман, бугуни кунда тубсиз баҳсларга сабаб бўлаётган, аммо зараридан фойдаси кўпроқ экани уқтирилаётган Исломий тиббиётдан мутлақо хабарсиз юртдошларим ёдимга тушди.

Бир муддат аввал раҳматли отам саратон ташхиси билан Душанбе шаҳридаги онкология марказида даволанаётган эди. У кишига дори олиш учун дорихонага киргандим. У ерда навбат кутиб турган икки аёлдан бири кўкрак саратони билан амалиёт қилинганини ҳикоя қилар экан, “операциядан кейин бошқа профессор кўригидан ўтдим. У менинг умуман саратонга чалинмаганимни аниқлади. Саводсиз докторларимизнинг хатоси туфайли кўкрагимдан ажралдим. Бунинг эвазига вужудимда ҳар хил чидаб бўлмас оғриқлар пайдо бўлди”, деганди.

Бундай воқеа-ҳодисаларни ҳали Исломий тиббиётга йўл очилмаган минтақанинг барча мамлакатларида сўнгги йиллар тез-тез учратиш мумкин бўлиб қолди.

Демак, Ойдин Солиҳ ва издошларининг “замонавий медицина касалликнинг туб сабабини аниқлай олмаяпти, фақат ташхис қўяяпти ва сабабини билмаган касалликни “даво”лаяпти” деган фикрлари жон бор.

Менимча, бу миллат фожиаси. Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?