ОЧЛ: "Бунёдкор" жамоаси "Поҳанг Стилерс" клуби меҳмони

Бугун, 30 апрел куни Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги тури доирасида Жанубий Кореянинг “Поҳанг Стилерс” жамоаси меҳмони бўлади.

Ўйин “Поҳанг стилярд” стадионида Тошкент вақти билан соат 15:00 да бошланади. Унда “қалдирғочлар” оқ либосда, мезбон жамоа эса қизил-қора формада майдонга тушади.

30 апрел куни Миржалол Қосимов шогирдлари беллашаётган “G” гуруҳидаги иккинчи жуфтлик учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Унда Япониянинг “Санфречче Ҳиросима” жамоаси ўз уйида Хитойнинг “Бейтзин Гуоан” жамоасига қарши беллашади.

Гуруҳнинг сўнгги тур ўйинларида “Бунёдкор”нинг плей-офф беллашувларига чиқиш ёки чиқмаслиги аниқланади.

Айни дамда “Бунёдкор” клуби беш ўйиндан сўнг 9 очко тўплаган ҳолда ОЧЛнинг “G” гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи поғонадан 8 очко жамғарган “Бейтзин Гуоан” жамоаси ўрин олган.