Қирғизистонда ўзбек тилида тест топширишга изн берилди

Ўзбек мактабларида таҳсил олган қирғизистонлик битирувчилар Умумреспублика тест синовини она тилида топшириш имкониятига эга бўлдилар.


Қирғизистон таълим ва фан вазири Қанат Садиқовнинг 2 май куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида қайд этишича, ўзбек тилида тест топширишни истаганлар сони 1600 кишини ташкил этган.

- Умумреспублика тестини ўзбек тилида ўтказиш учун хоҳловчилар сони етарли, - деди вазир Садиқов.

Қирғиз парламентининг айрим депутатлари ва бошқа шахслар икки йилдан буён мамлакатда ўзбек тилида тест олиш амалиётига чек қўйишни талаб қилиб келаётган эдилар. Бу босим тобора кучайиб, шу йилнинг 31 январ куни Таълим ва фан вазирлиги ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилгани ҳақида ҳам хабар тарқалганди. Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган вазирлик ходими бу йил Қирғизистонда Умумреспублика тест синови фақат қирғиз ва рус тилларида ўтказилишини айтганди.

Аммо март ойи охирида Озодликка интервю берган Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева жорий йилда ҳам ўзбек тилида тест ўтказилиши эҳтимолдан соқит қилинмаётганини айтганди.

- Ўзбек тилида умумреспублика тестини турли йилларда мингтадан икки мингтагача бўлган битирувчи топширган. Бу ўзбек мактаби битирувчиларининг 20-30 фоизини ташкил қилади. Айни пайтда умумреспублика тестини топшириш ниятида бўлган битирувчиларни рўйхатга олиш жараёни кетмоқда. Бу жараён 11 апрелда якунланади. Рўйхатга олиш натижаларига қараб вазирлик тестни учинчи тилда ўтказиш масаласини ўрганиб чиқади. Агар ўзбек тилида имтиҳон топширишни истовчилар кўп бўлса, бу тилда тест имтиҳонларини қолдириш масаласи ҳал этилади, - деганди Озодлик билан 27 март кунги суҳбат чоғида Керез Жукеева.

Таълим ва фан вазири Қанат Садиқовнинг айтишича, бу йил Умумреспублика тест синовини топшириш истагини қарийб 49 минг битирувчи билдирган ва улардан 1 минг 600 нафари ўзбек мактаблари битирувчиларидир.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги қарорига кўра, 2012 йилдан бошлаб Умумреспублика тести олий ўқув юртларига кириш учун мажбурий синов бўлиб ҳисобланади.

Бу йил Қирғизистонда Умумреспублика тести 18 май куни ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қирғизистондаги ўзбек мактабларида 122 минг 200 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, улар орасидан умумреспублика тестини топширишни истаганлар сони йилдан йилга қисқариб бормоқда. Бунга расмийлар 2004 йилда ўзбек тилида тестни 1 минг 932 топширгани, 2011 йилга келиб эса ўзбек тилида тест топширишни истаганлар сони 1 минг 74 кишига тушиб қолганини далил ўлароқ келтирадилар.