Сўхлик фермерлар қирғиз чегарачиларидан шикоят қилмоқда

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида яшовчи фермерлар бу йил буғдой етиштириш бўйича давлат буюртмасини бажара олмай қолишлари мумкинлигидан ташвишга тушганлар.


Бу ташвишга, сўхликларнинг айтишларича, қирғиз сарҳадчиларининг эксклав фермерлари учун мўлжалланган минерал ўғитларни чегарадан ўтказмаётгани сабаб бўлмоқда.

- Қўшни Қирғизистон республикаси бизга ўғит ўтказишга рухсат бермаяпти. Энди фермерлар буғдой экканмиз, шу буғдойни иккинчи озиқлантириш муҳлати ўтиб кетаяпти. Агар ҳозир озиқлантирмасак, кейинчалик ҳосилга зарари бор. Қирғизистон Республикасига инсоф тилаб турибмиз “Ўғитни ўтказиб берсаю буғдойни ўғитласак” деб – шу проблема бўлиб турибди, - дейди исми ошкор этилишини истамаган сўхлик фермерлардан бири.

Унинг айтишича, Фарғона вилоятининг бошқа жойларидан Сўх туманига ўғит ўтказишга Қадамжой чегара-ўтказиш масканидаги чегарачилар тўсқинлик қилмоқдалар.

Касби агрономлик бўлган суҳбатдошимизга кўра, буғдойни иккинчи марта ўғитлаш иши 24 апрелдан 10 майгача якунланиши керак, акс ҳолда, бу ҳосилдорликка таъсир кўрсатиши мумкин.

Сўхлик фермер шу пайтгача тумандаги деҳқонлар ҳар гектар ердан 50-60 центнердан ҳосил олиб келганлари, буғдойзорларга азотли ўғит билан тегишли ишлов берилмаса, бу кўрсаткич тушиб кетиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, суҳбатдошимиз туман расмийлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан чегарадан ўғит ўтказиш бўйича музокара олиб борганлари, бироқ ҳозирча бу сўзлашувлардан натижа чиқмаётганини қўшимча қилди.

Сўхлик бошқа бир фермерга кўра эса, Фарғона вилоятининг бошқа жойларида 400 сўм турган ўғит нархи аввалроқ эксклавга етиб келгунича 1200 сўмдан 1500 сўмгача чиқиб кетганини, ҳозирга келиб эса шу пулга ҳам ўғит топиб бўлмаётганини маълум қилди.

Суҳбатдошимизнинг хавотир билан қайд этишича, сўхлик фермерлар режадаги буғдойни етиштира олмай қолсалар, бозордан 1200-1500 сўмдан буғдой сотиб олиб, 300-350 сўмдан давлатга топширишга мажбур бўладилар, акс ҳолда, ижарага берилган ерлар олиб қўйилиши мумкин. Бу каби амалиёт Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туманларида ҳам кузатилгани Озодликнинг аввалги мақолаларида айтилган.

Сўхликларнинг айтишларича, уларнинг ўзбек-қирғиз чегарасида турли муаммоларга дуч келиши шу йил бошидан кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 январ куни Қирғизистон чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрнатганига Сўх эксклавининг Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. Оқибатда норозилик 6-7 январ кунлари қирғиз чегарачиларини ўқ отишга мажбур қилган ва хушёрликлар томонидан 30 қирғизистонлик гаровга олинган катта жанжалга айланган эди. 7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Мазкур воқеадан сўнг Сўх эксклави бир муддат қамал ҳолатида қолган. Аммо кейинчалик ўзаро сўзлашувлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги чегара пунктлари очилиб, сўхликлар “катта ер”га, яъни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига бориш-келиш имкониятига эга бўлгандилар.

Сўх жанжалидан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари бу ердаги барча муаммоларни ўзаро музокаралар йўли билан ҳал қилиш юзасидан келишиб олганлари ҳақида баёнотлар бергандилар. Бироқ, сўхликларга кўра, чегараолди ҳудудларида киши таъбини хира қиладиган ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда.

Ўғит ўтказиш муаммоси бўйича Қирғизистоннинг Қадамжой чегара-ўтказиш пунктидаги масъулларидан изоҳ олишга уринишларимиз ҳозирча самара бермади.

Маълумотларга кўра, Сўх туманида 700 гектардан ошиқроқ ерга буғдой экилади. Бу ердан туман фермерлари жорий йилда 2200 тонна буғдой йиғиб олишни режалаган эдилар.