Царнаевлар: "Ака-укаларнинг портлашларга алоқаси йўқ!"

Russia - One of the many leaflets in support of Dzhokar Tsarnaev, pasted up in Grozny, 02May2013

Москва, Бишкек ва Грознийда Бостондаги портлашларда айбланаётган ака-ука Царнаевлар ҳимоясига варақалар пайдо бўлди. Бу варақаларга алоқаси йўқлигини айтаётган Царнаевлар оиласи аъзолари 11 май куни Германияда террорчиликда айбланаётган ака-укалар ҳимоясига митинг уюштирилишини айтмоқда.


Грозний ва Бишкекдан кейин Москвада ҳам варақалар пайдо бўлди

Россия пойтахти кўчаларида АҚШнинг Бостон шаҳрида портлашларни уюштирганликда айбланаётган Жавҳар Царнаевни ҳимоя қилувчи варақалар пайдо бўлди. “Жавҳар Царнаевнинг айби йўқ, Жавҳар ҳақига дуо қилинг”, деб ёзилган ва ксероксда кўпайтирилган варақалардан бири Москванинг шимолидаги Бескудниковский булварида савдо майдони олдидаги уйлардан бирида ёпиштирилганини хабар қилди ҳодиса гувоҳларига таяниб “Русская служба новостей” радиоси.

Бундан аввал Бостон марафонидаги портлашларини уюштирганликда гумонланиб, қўлга олинган Жавҳар Царнаевни ҳимоя қилувчи варақалар Қирғизистон пойтахти Бишкек ва Чеченистон пойтахти Грозний шаҳарларида тарқалгани хабар қилинган эди.

Бишкекдаги варақаларда Москвадаги каби Жавҳарнинг айбсиз экани ва унинг учун дуо қилишга чақириқлар чоп этилган.

1 майдан 2 майга ўтар кечаси Грознийда тарқатилган қоғозларда иккита фотосурат – бири Жавҳарнинг ижтимоий тармоқдаги фотоси, иккинчиси қўлига қўлёзма варақ кўтарган онаси Зубайдат Царнаева расмлари бор. Зубайдат қўлидаги қоғозда телефон ва пул ўтказмалари учун электрон ҳамён рақамлари акс этган.

“Бу Жавҳар Царнаев, Бостон терактини содир этганликда айбланаётган 19 яшар йигит. Лекин кўпчиликка бу айбловлар асоссиз экани маълум бўлди, унга қарши бирорта далил йўқ. У ҳозир турма касалхонасида жуда оғир аҳволда қолмоқда, унга тиббий ва юридик ёрдам керак. Жавҳарнинг ота-онаси ўғлига ёрдам учун пул йиғишга кўмаклашишни сўрамоқда, чунки уни катта ўғиллари каби йўқотиб қўйишлари мумкин”, деб ёзилган Грознийда пайдо бўлган варақаларда.

Царнаевлар адолатли тергов талаб қилмоқда

Россияда яшаётган Царнаевлар яқинлари Тамерлан ва Жавҳарнинг Бостон фожеасига алоқаси йўқлиги ва адолатли тергов олиб борилишини талаб қилмоқда.

Царнаевларнинг Грознийда яқинларидан бири Саид Царнаев, Озодлик билан суҳбатда, ўзи шахсий журналистик тергов ўтказаётгани ва бу портлашлар ортида махсус хизматлар турганига ишонишини таъкидлади.

- Мен варақаларни ким тарқатаётганини билмадим, лекин буни ака-укалар айбсизлигига ва улар сиёсий ўйин қурбони бўлганига ишонаётган одамлар қилаётганини тахмин қилишим мумкин. Бундан ташқари, 11 май шанба куни Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Жавҳар Царнаев ҳимоясига бағишланган катта митинг бўлиб ўтади. Мен Германияда бўлажак тадбирга ҳам алоқам йўқ. Уни маҳаллий фаоллар уюштираётган бўлиши мумкин,- деди Саид Царнаев.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Саид Царнаев билан суҳбат


Саид тергов якунланмасдан ва суд қарори чиқмасдан Тамерлан ва Жавҳарни айбдорга чиқариш айбсизлик презумпциясига зид эканини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатдошимиз, Бостон портлашларидан 4 кун ўтиб 19 апрел куни полиция амалиёти пайтида отиб ўлдирилган 26 ёшли Тамерланнинг танаси унинг Вашингтон яқинида яшаётган амакиси Руслан Царнига топширилгани, бироқ маҳаллий уламолар унинг бу ҳудуддаги қабристонга кўмилишига қарши чиқаётганини ҳам гапириб берди.

- Маҳаллий муфтий мусулмонлар қабристонига уни кўмишни таъқиқлабди. Менимча, бу муфтийга ҳам АҚШ ҳукумати томонидан босим ўтказилган, уни шунчаки қўрқитиб қўйишган. Куни кеча Анзорга (Тамерлан ва Жавҳарниг отаси.-Таҳр.) АҚШдаги синглиси телефон қилибди. У Жавҳарнинг ҳам тириги унга топширилмаслигига ишонишини билдирган. Шунингдек билишимча, Анзорнинг АҚШда уй қамоғида қолаётган қизлари таҳқирланаётгани, уларнинг уйига тош отилаётгани ва уларга тинимсиз кимдир дўқ-пўписа қилаётганини биламан. Жавҳарнинг адвокатига ҳам таҳдидлар бўлаётгани аниқ. Шунингдек, ҳатто Россияда яшаётган Царнаевларга кимдир Америкадан қўнғироқ қилиб қўрқитаётганини менга хабар қилишди, дейди Саид Царнаев.

Айни пайтда, АҚШ жамоатчилик фаоллари 26 ёшли Тамерлан Царнаев АҚШдан ташқарига олиб чиқиб қўмилиши, яна айримлари унинг дафн этиш маросими билан ФБР ёки бошқа федерал агентлик шуғулланиши кераклигини гапирмоқда.

19 апрел куни оғир яраланиб қўлга олинган 19 яшар Жавҳар Царнаев Девенс шаҳарчасидаги турма шифохонасида сақланмоқда.

22 апрел куни унга оммавий қуролини ишлатланлик бўйича айблов эълон қилинди. Жавҳар билан дўстлашган икки нафар Қозоғистон фуқаролари Диас Қодирбоев ва Азамат Тажаяқовлар ҳам моддий далилларни йўқотишдаги айблов эълон қилинди ва уларнинг жиноий иши маҳкамаси 14 май куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Этник чечен бўлган Царнаевлар Қирғизистондан аввалига Доғистонга, кейинчалик Қўшма Штатларга кўчиб ўтган ва фуқаролик олган.

15 апрел куни содир этилган Бостон портлашларида уч киши ҳалок бўлган ва 260 дан ортиқ одам яраланган эди.