Уралда ўз чақалоқларини туғилиши билан ўлдирган она қидирилмоқда

Музлатгичдан топилган чақалоқлар ана шу пластик сумкаларга солинган бўлган.


14 май куни Свердловск вилоятининг Юқори Пишма шаҳарчасидаги савдо дўкони музлатгичидан иккита чақалоқ мурдаси топилди. Россия матбуотида гўдакларни шу дўкон омборхонасида ишлаган муҳожир аёллардан бири туғиб, ташлаб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқамоқда.

Уралдаги Верхняя Пишма шаҳарчасида иккинчи кундирки Свердловскнинг энг тажрибали терговчилари ва криминал экспертлари ишламоқда.

У ерда “Марказий” деб номланган гастроном ертўласидаги музлатгичдан 14 май кундуз куни иккита чақалоқ мурдаси топилди. Аниқланишича, бу савдо дўкони маҳаллий тадбиркор томонидан сотиб олинган. Ертўлада йиғилиб қолган эски озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиқаётган фаррошлардан бири иккита целлофан пакетда музлатилган хамир маҳсулотлари орасида музлаб қолган гўдакларни кўриб қолган.

Терговни олиб бораётган Свердловск вилояти бўйича Тергов қўмита ходимларидан бири Озодлик мухбирига топилган мурдаларнинг суд-тиббий экспертизасига юборилганини маълум қилди.

Уларга кўра¸ чақалоқларнинг туғилиши билан ўз онаси томонидан музлатгичга солиб ўлдирилгани тахмин қилинмоқда ва жиноий иш ҳам айни шу тахмин асосида очилган:

- Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 106-моддаси (туғилган чақалоқнинг она томонидан ўлдирилиши) асосида жиноий иш қўзғатилди. Чунки экспертизада болаларнинг тирик туғилгани ва уларнинг совуқдан музлаб ўлгани аниқланди. Тергов ишлари тугагани йўқ, деди Озодлик мухбирига вилоят Тергов қўмитаси ахборот маркази бошлиғи¸ адлия майори Александр Шулга.

Шулга ҳозирда гувоҳ тарзида 40 яқин одам сўроқ қилинганини айтиб, гўдаклар битта онадан туғилганми-йўқми, уларнинг ўлдирилган вақти ва бошқа маълумотларни олиш учун тиббий экспертиза тайинланганини қўшимча қилди.

Ҳозирда “Марказий” гастрономи ишининг вақтинчалик тўхтатилгани, терговчилар ва полиция ходимлари атрофдаги барча аёллар консултацияси ва туғруқхоналарини текширишни давом этаётгани хабар қилинмоқда.

Свердловскдаги Централний магазинида текширув



Қидирув амалиётлари бошланиши билан Юқори Пишмада чақалоқларнинг ўлдирилишига шу дўконда ишлаб юрган марказий осиёлик муҳожир аёллар алоқадорлиги тўғрисида миш-мишлар тарқади.

“Московский комсомолец” нашри “21-гастроном” номи билан шаҳарда машҳур бу дўконнинг олтита бўлимида асосан рус миллатига мансуб шахслар, ертўла ва хўжалик қисмида эса¸ асосан ўзбек-тожик аёллар ишлаганини ëзди. "Гўдакларнинг бир жойда икки ойдан кўп ишламайдиган меҳнат муҳожирлари томонидан ташлаб кетилгани тахмин этилмоқда" деб ëзди бу нашр жумладан.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, полковник Валерий Горелих Озодлик билан суҳбатда ҳозирча бундай тахминни қувватлаш учун ҳеч қандай далил йўқлиги¸ бу ишни ким қилганини аниқлаш учун музлатгични очиш ҳуқуқига эга бўлган 20 киши текширилаётганини билдирди:

- Бу одамлардан кўпчилиги кўпдан бу магазинда ишламаяпти. Полиция бу одамларнинг турар-жойини аниқлаяпти, лекин ҳозирга келиб қотилликни амалга оширгани гумон этилаëтган она топилмади. Чақалоқларнинг онаси мигрант экани тўғрисида хар хил гап-сўзлар эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳозирча чақалоқларнинг эгизак экани, иккаласининг ҳам ўғил бола бўлгани экспертиза томонидан тақдиқланди. Гўдаклар ўпкасида ҳаво борлиги улар музлатгичга тиқилганда тирик бўлганини кўрсатиб турибди, деди тергов якунланмасидан хулоса қилиш эрталигини гапирган Валерий Горелих.

Полиция расмийсига кўра¸ экспертиза хулосасида чақалоқларнинг сочи қора, танаси оқ экани қайд этилган. Бу эса¸ расмийга кўра¸ уларнинг осиëлик баробарида европалик бўлганини тахмин қилишга асос беради.