БМТ олий раҳбарияти Қирғизистонни 2010 йилдаги Ўш қирғинига сабабчи бўлган омилларни бартараф этишга чақирди.
Бу борада 23 май кечқурун ёйинланган баёнотда айтилишича, бунинг учун расмий Бишкек мамлакатда инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларига амал қилиниши таъминлаши зарур.
БМТ баёнотида ташкилот Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович жорий ҳафта бошида Бишкек расмийлари билан учрашгани ва Қирғизистонда этник мансубликдан қатъий назар инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши лозимлигини таъкидлагани айтилади. Шунингдек, Симонович, Ўш қирғинида айбланиб судланганларнинг адолатли судлов ҳуқуқи бузилгани ҳақида ҳам гапирган.
Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғинида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир. Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансуб одамлардир.