Энди биз телевизорда футбол кўра олмаймизми?

Спорт ТВ Осиё Футбол Конфедерацияси Чемпионлар лигаси ўйинини Ал-Жазира телеканалидан ёзиб олиб кўрсатди. (Сурат Санжар Ризаевнинг Twitter саҳифасидан олинди)

Ўзбекистондаги "Спорт" телеканали футбол бўйича Испания кубоги финали ва Англия чемпионатининг сўнгги тур ўйинларини намойиш қилмаганидан кейин футбол ишқибозлари бунинг сабаблари билан қизиқа бошлади. Stadion.uz мухбири Cардор Юсупов айни мавзуни “Энди биз телевизорда футбол кўра олмаймизми?” мақоласида кўтарди. Муаллиф ва сайт таҳририяти рухсати билан ушбу мақолани Озодлик муштарийларига ҳам илиндик.

(Мақола таҳрирсиз эълон қилинаяпти)


Яқинда футбол мухлислари орасида “Спорт” телеканали бундан буён хорижий чемпионат ўйинларини тўғридан-тўғри намойиш этмас экан” деган совуқ хабар тарқалди. Ҳеч ким расмий равишда буни эълон қилмаган бўлса-да, сўнгги кунларда бу телеканал орқали хориж чемпионатларининг бир қанча муҳим ўйинларини кўрсатилмай қолиши, бу миш-мишларни ҳақиқатга яқин эканини билдириб қўйди.

“Спорт” телеканали ташкил қилинган кундан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мамлакатимиз ва дунё спортига оид мусобақаларни трансляция қиладиган ягона телеканалга айланди. Бу телеканал орқали футбол бўйича жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатлари, еврокубоклар, Осиё чемпионлар лигаси, ОФК кубоги, Олимпиада, Осиё ўйинлари каби кўплаб мусобақаларнинг трансляциясини жонли эфирда томоша қилдик. Йиллар давомида биз кўплаб спорт мусобақаларини “Спорт” телеканали орқали кўрар эканмиз, бунинг эвазига бир тийин ҳам тўламадик. “Телевизорда футбол кўриш учун пул тўлаш керак экан” деган фикр ҳатто ҳаёлимизга ҳам келмади. Ваҳоланки, йирик спорт мусобақалари аллақачон тижорат объектига айланган ва уларни трансляция қилиш, эфирга узатиш учун катта миқдорда пул тўланиши ҳеч кимга сир эмасди.

Умуман олганда, ҳар қандай спорт мусобақасининг трансляция ҳуқуқи мусобақа ташкилотчиларига ёки уларни манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладиган махсус компанияларга тегишли бўлади. Мисол учун, Европа чемпионлар лигасини трансляция ҳуқуқи УЕФАга, жаҳон чемпионатлариники ФИФАга тегишли. Айнан мана шу ташкилотлар трансляция ҳуқуқини бошқа компанияларга тендер асосида сотишади.

Масалан, Россия футбол премьер-лигаси ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқи тўлалигича НТВ-Плюс компаниясига тегишли. Ундан бошқа бирор телекомпанияга РФПЛ ўйинларини тўлиқ кўрсатиши, ҳатто ўйинлардан қисқа лавҳалар олиб бериши таъқиқланади. НТВ-Плюс Россия футбол иттифоқига 81,5 млн. евро тўлаб, 4 йил муддатга бу ҳуқуқни сотиб олган. Агар Ўзбекистоннинг “Спорт” телеканали РФПЛ ўйинларини эфирга узатишни истаса, НТВ-Плюс билан шартнома қилиши ва трансляция пулини тўлаши шарт. Акс ҳолда НТВ-Плюс компаниясининг муаллифлик ҳуқуқи бузилган ҳисобланади ва бу ҳуқуқ қонун билан ҳимояланганлиги сабабли, “Спорт” телеканали жавобгарликка тортилади.

Айтиш жоизки, энг томошабоп ва қизиқарли бўлган мусобақаларнинг трансляция ҳуқуқи нархлари ҳам қиммат бўлади. Сабаби, улар телеэкран олдига жуда кўп томошабинларни тўплай олади. Телекомпаниялар бундай трансляциялар орқали реклама берувчиларни жалб қилиб, даромад топадилар, чунки улар асосан, реклама ва ҳомийлардан тушадиган пул эвазига кун кўрадилар. Реклама берувчилар эса телеэкран олдида энг кўп томошабин тўпланадиган кўрсатувларга реклама беришга интилишади ва бу орқали ўз маҳсулотлари ва хизматлари ҳақидаги маълумотларни иложи борича кўпроқ аудиторияга етказишга ҳаракат қилишади.

Мисол учун, АҚШда “американча футбол” ўйини жуда оммабоп бўлиб, Миллий футбол лигаси чемпионини аниқлаб берадиган “Супербоул” – Суперкубок ўйини ҳар йили телетомошабинлар сони бўйича рекорд ўрнатади. МФЛнинг 2013 йилги финал ўйинини трансляцияси 109 млн. томошабин йиға олган ва бу трансляция пайтидаги 30 сониялик реклама нархи 4 млн. долларга кўтарилган.

Ўзимизга таниш бўлган футболга қайтадиган бўлсак, Европа чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек “Қўҳна қитъа”нинг кучли бешта чемпионати нафақат дунё футбол мухлисларида, балки бизда ҳам катта қизиқиш билан томоша қилинади. Хўш, ушбу чемпионат ўйинларини трансляция қилиш нархлари қандай, уларни кимдан сотиб олиш мумкин?

Энг қизиқарли ва оммабоп бўлган Англия премьер лигасинининг 2013-2016 йиллардаги трансляция ҳуқуқи “Sky” ва “British Telecom” компанияларига тегишли. Бу компаниялар Англия Футбол Ассоциациясига йилига 2 млрд. 167 млн.евро тўлаб, бу ҳуқуқни қўлга киритишган.

Германия бундеслигасининг 2013-2017 йиллардаги трансляция ҳуқуқи “Sky Deutschland” компаниясига тегишли бўлиб, унинг йиллик нархи 628 млн.евро.

Испания примероси ўйинларини трансляция ҳуқуқи “Sogecable” ва “Mediapro” компанияларига тегишли бўлиб, йиллик нархи 655 млн.евро.

Франция 1 лигасининг ўйинлари трансляция ҳуқуқи Al-Jazeera компаниясига тегишли бўлиб, йиллик нархи 606 млн.евро.

Италия “А” серияси ўйинлари трансляция ҳуқуқи “Sky Italia” ва “RTI” компанияларига тегишли, йиллик нархи 820 млн.евро.

Демак, ушбу чемпионат ўйинларини трансляция қилиш учун айнан мана шу компаниялар билан шартнома тузилиши шарт. Мисол учун, агар “Спорт” телеканалимиз “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” клублари ўртасидаги АПЛ ўйинини эфирга узатишни истаса, у ҳолда “Sky” ёки “British Telecom” компанияси билан шартнома тузиб, трансляция пулини тўлаши шарт. Шундан кейингина бу ўйинни Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилиши қонуний бўлади.

Энди яна бир йирик мусобақа – футбол бўйича жаҳон чемпионатига тўхталамиз. Яқинда ФИФА 2015-2022 йилларда бўлиб ўтадиган мусобақалар (аёллар ўртасидаги жаҳон кубоги - Канада-2015 ва 2019, шунингдек Россия-2018 ва Қатар-2022)ни трансляция ҳуқуқини 1,85 млрд. доллар эвазига бир қанча компанияларга сотди. Эндиликда ушбу чемпионат ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқи “Fox”, “Тelemundo”, “Futbol de Primera Radio”, “SBS”, “Bell Media”, “IMC” ва “Infront Sports & Media” компанияларига тегишли. Шулардан Швейцариянинг “Infront Sports & Media” компанияси жаҳон чемпионати ўйинларини Осиё мамлакатларига трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Эндиликда, жаҳон чемпионати ўйинларини Ўзбекистон ҳудудида трансляция қилишни истаган телекомпаниялар фақат “Infront Sports & Media” орқали иш кўришлари талаб қилинади.

Нархлардан кўриниб турибдики, футбол ўйинларининг трансляция ҳуқуқи компаниялар учун жуда катта харажатларни талаб қилади. Ўз навбатида бу телекомпаниялар пуллик телеканаллар орқали бу трансляцияларни ўз мижозларига етказиб, ушбу харажатларни қоплаб, даромад кўришга интиладилар.

Пуллик каналларни томоша қилиш учун эса мижозлар махсус ресивер (тюнер)лар, телекарта модуллари ва смарт карталарни сотиб олишлари лозим. Уларнинг нархи 1000 еврогача боради. Бундан ташқари, ушбу каналларга аъзо бўлиш учун йиллик, ойлик обуна тўлови ҳам жорий қилинади. Маълумот тариқасида баъзи каналларнинг нархларини кўрсатсак: НТВ+Суперспорт ойига 8$, Ал-Жазира Спорт – 15$, Сетанта спортс 22 евро, Скай Спортс – 50 евро ва ҳ.к.

Энди ўзимизнинг “Спорт” телеканалига қайтсак.. Ушбу телеканал маъмурияти йиллар давомида аксарият трансляцияларни сунъий йўлдош орқали узатиладиган телеканаллардан кўчириб олган ҳолда намойиш этиши ҳеч кимга сир эмасди. Буни телеэкраннинг бурчагида жойлашган хориж каналининг логотипини бўяб, яшириб кўрсатилишидан, шунингдек трансляция давомида эшитилиб турадиган хорижлик телешарҳловчиларнинг овозидан билиб олиш қийин эмасди. (Қонуний сотиб олинган трансляцияларда бошқа телекомпаниянинг логотипи ва шарҳловчиларнинг овози бўлмайди). Албатта, хорижлик компаниялар бунга жимгина қараб турмасдан, турли ташкилотлар, халқаро судлар билан таҳдид солиб, Ўзбекистонга босим ўтказиб туришди. Чунки улар мана шу ўйинларни эфирга узатиш ҳуқуқи учун катта пул сарфлашган эди. Лекин “Спорт” телеканали бунга пинагини ҳам бузмасдан, ҳар турли каналлардан кўчирган ҳолда трансляцияларни давом эттираверди. Аммо иш узоққа бормаслиги аён эди...

Аввало, давлатимиз мустақиллик йилларида, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Муаллифлик ҳуқуқи ва уни ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексига киритилди. 2006 йилда эса "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек муаллифлик ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи “Муаллифлик ҳуқуқи бўйича Ўзбекистон Республикаси агентлиги” ташкил қилинди. Бундан ташқари Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кўпгина халқаро битимларга имзо чекди, маълум бир мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Эндиликда хориж компанияларнинг муаллифлик ҳуқуқлари Ўзбекистонда ҳам ҳимоя қилина бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1070-моддасида “муаллифлик ҳуқуқини бузган томон келтирилган зарарни, шу жумладан олинмай қолинган фойдани қоплаб бериши шарт” дейилганини ҳисобга оладиган бўлсак, “Спорт” телеканалининг “кўчирмачилик” фаолияти, охир-оқибат бу канални банкротликка учратувчи катта миқдордаги жарималарга олиб келиши аён эди.

Шу ўринда, мамлакатимизда хориж спорт мусобақаларини қонуний кўришнинг иложи борми деган ҳаққоний савол туғилади. Шу мақсадда ташкил қилинган “Uzdigital TV” компанияси фаолияти - бу йўлда ташланган дастлабки қадамдек кўринади.

2009 йилдан бошлаб мамлакатимизда DVB-T стандартли рақамли телевидение хизматлари йўлга қўйилиб, “Uzdigital TV” компаниясига асос солинди. Ҳозирги кунда бу компания юртимизнинг деярли барча вилоятларида 12 каналдан иборат бепул пакет, шунингдек Тошкент шаҳри ва вилоятида 25 ва 36 каналдан иборат пуллик пакетларни тақдим қилмоқда.

Ушбу компания каналларини томоша қилиш учун мижозлар DVB-T сигналларини қабул қила олувчи ресивер (тюнер)га ё бўлмаса шунақа ресивери мавжуд бўлган телевизорга эга бўлишлари шарт. Пуллик пакет каналларини томоша қилиш учун эса қўшимча равишда ТелеКАРД модули ва смарт-карта сотиб олишлари талаб қилинади. 25 каналли пакетнинг обуна нархи ойига 10000 сўм, 36 каналли пакетнинг обуна нархи 15000 сўм қилиб белгиланган.

Ҳозирги кунда компания Тошкент шаҳрида яшовчи мижозларга, спортга оид – “НТВ+Футбол”, “Евроспорт” ва “Спорт 1” каналларини, Тошкент вилоятидаги мижозларга эса “Россия 2” каналини тақдим қиляпти (барча каналлар пуллик пакетга киради).

Хўш, “Uzdigital TV” компанияси хориж телеканалларини эфирга узатишда амалдаги қонунчиликка риоя қиляптими?

Бунга аниқлик киритиш мақсадида “Uzdigital TV” компаниясининг пуллик пакетига кирувчи “НТВ+Футбол” канали тўғрисида НТВ-Плюс компаниясига мурожаат қилдим. Мазкур канал Россиянинг НТВ-Плюс компаниясига тегишли бўлиб, унда Европа чемпионлар лигаси, Европа лигаси, Испания, Италия, Франция ва Германия чемпионати ўйинлари тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади. НТВ-Плюс компанияси ушбу ўйинларни фақат Россия Федерацияси ҳудудида трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олган. Яъни бу канални Россия Федерацияси ҳудудидан бошқа жойларда, хусусан Ўзбекистонда ҳам трансляция қилиш таъқиқланади. Бундан ташқари НТВ-Плюс компанияси Ўзбекистондаги бирорта компания билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоламаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин: афсуски, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг оммабоп спорт мусобақаларини қонуний кўришнинг иложи йўқ.

Эндиликда, қонун доирасида ҳаракат қилиб, хорижий компанияларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, трансляция шартномаларини имзолаб, мусобақаларни эфирга узатиш - юзага келган вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўлидир. Ҳозирги кун талаби шуни тақозо этади. Бу мақсадга қандай йўллар билан эришиш, бақувват ҳомийларни топиш, керак бўлса, мижозларга пуллик хизматлар орқали бўлса-да бу трансляцияларни етказиш “Спорт” телеканали ва “Uzdigital TV” компанияларининг вазифасидир.

Манба: Stadion.uz