Петербургда томоша: “Ўзингни диктатор ҳис этиб кўр!”

“Ўзингни диктатор ҳис этиб кўр!” перформанси.

Қозоғистонлик ARTGROUP5 ижодкор ёшлар гуруҳи Санкт-Петербургда “Сўз ҳокимлиги” деб номланган инсталляциясини тақдим этди. Унда ижодкорлар тиз чўкиб турган оломон олдида диктатор каби трибунадан нутқ сўзлашни таклиф этди. Перформанс ташкилотчилари раҳбари Rush X, Озодлик билан суҳбатда, бу ғоя орқали дунё жамоатчилигининг Марказий Осиё давлатларида ҳукмрон бўлган авторитар режимларга эътиборини қаратишни мақсад қилганини айтади.


“Диктатор бўлишни истайсизми?”

Петербургдаги бадиий галереялардан бирида ARTGROUP5 ижодий гуруҳининг арт-лойиҳаси намойиш этилмоқда. Унда ҳар бир томошабин “диктатор” ёқи “жаллод” тўнини кийиб, ўз қиёфасини йўқотган бир гуруҳ одам олдида истаган мавзуда чиқиш қилиши ва расмга тушиши мумкин.

Трибунага чиққан одамга баландроқ овозда ҳайқириш учун махсус мослама – овоз кучайтиргич, ўзини жаллод сифатида сезиб кўришни истаганлар учун - жаллод кийимини кийиб, ерда ётган манекенларни “қўрқитиб” кўриш таклиф этилади.

Инсталляция ташкилотчилари минимализм бадиий йўналишининг замонавий санъат (contemporary art) руҳида яратилган бу лойиҳа орқали бугунги кунда ахборот маконида юзага келган вазиятни тасвирлашга уринганини айтмоқда.

Кўргазма қатнашчилари "жаллод" ролини ҳам ўйнаб кўришлари мумкин.

Ижодкорлар мазкур перформанс орқали телевидение, радио, Интернет, газета ва бошқа ахборот воситаларини ифодаловчи “минбар” эгалари ўз “сўзлари” билан тиз чўкиб турган тингловчи, муштарий ва томошабинларни истаган куйга солаётгани, “раҳбариятдан” узатилаётган маълумотлар одамларни аста-секин ўзлигини йўқотиб бораётган оломонга айлантираётганидан хавотир ифода этишни ният қилганларини айтишади.

Минбардан нутқ сўзлаётганлар ортида, деворда Қозоғистон Президенти Нурсултан Назарбоев, Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов ва Беларус Президенти Александр Лукашенко портретлари осиб қўйилган.

“Раҳбарлар” ва “мухлислар” ҳақида

Ўз ижоди билан маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ғашини келтираётганини инобатга олган ҳолда гуруҳ аъзоларининг аксари аноним тарзда фаолият юритишга мажбур эканини таъкидлаган гуруҳ етакчиси, Озодлик билан суҳбатда ўзини Rush X деб таништирди ва саволларимизга жавоб беришга розилик берди.

- Биз интерактив инсталляция ўрнатиб, унда мухлисларимизни иштирок этишга ва ўзларини “нотиқ” ўрнида ҳис этиб кўришга таклиф қилдик. Унда “мухлис” эзилган бир қатлам экани ва ҳатто “юқоридагиларга” қараш имкониятидан маҳрумлигини ўз танаси билан сезиб кўриши керак. Биз бу инсталляция билан Олма-Ота, Тошкент, Бишкекда чиқиш қилдик, у ердаги вазиятни яхши биламиз. Умуман олиб қараганда, бу томоша бизнинг фуқаровий позициямиздир,- дейди исми сир қолишни сўраган ижодкорлардан бири.

Экспозиция очилишига келган мингга яқин одамда катта қизиқиш уйғотганини Озодликка гапирган Rush X, бу лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё давлатларида ўрнатилган қатиққўл режимлар ижод ва эркин фикрни бўғаётганини ҳам ифодалашини айтади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ARTGROUP5 ижодий гуруҳи раҳбари Rush X билан суҳбат



“Нима учун деворда фақат Қозоғистон, Беларус ва Туркманистон раҳбарлари фотолари осилган”, деб сўраймиз Rush Xдан:

- Аслида бу жойга аниқ белгилар асосида кўплаб президентларни ўрнатиш мумкин. Тошкентда санъаткорлар, цензура масаласида бўлаётган ишларни кўриб, у ерга Каримовни ҳам жойлаштириш керак, аслида. Чунки Ўзбекистонда нима бўлаётганини мен ўзим шахсан биламан. Ростини айтсам, бизда унинг портрети ҳам бор, лекин кўргазма очилишига бизда учта рамка топилди, шу оддий сабабга кўра унинг расми инсталляция деворига ўрнатилмади. Қолаверса, биз томошабинларнинг эътиборини бу поретретларга эмас, ғояга қаратиш ниятида эдик,- дея кулади “Сўз ҳокимияти” кўргазмаси раҳбари.

Санкт Петербургда сўз ҳокимлиги инсталляцияси



Rush X “Сўз ҳокимлиги” перформанси Олма-Отада намойиш қилинганида ўша куниёқ “тарафдорлар” томонидан бузиб ташлангани, шу сабабли улар “нисбатан эркинроқ бўлган” Петербургда намойиш уюштираётганини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатдош бу инсталляция ҳатто Тошкентда намойиш этилгани, бироқ ўзбек замонавий санъати қаттиқ назорат остида бўлгани боис “андерграунд”, яъни яширин тарзда фаолият юритишни давом этаётганини ҳам гапирди.

“Тошкентдаги кўргазмалар эълон тахталарисиз иш олиб боради”, дея давом этади Rush X.

- Масалан, мен бирор кўргазма очилишига Тошкентга келсам, улар ёпиқ режимда ўтаётганидан ҳайрон қолганман. Яъни санъаткорлар бу кўргазмаларни ўз танишлари учун қилар экан. У ерда сиз ёки ёпиқ кўргазма қилиш, ёки “стрит-арт” – кўчада трафарет ўрнатиш билан шуғулланишингиз мумкин. Ўзбекистонда расман фаолият юритаётган санъаткорлар фақат Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова биенналесида ишлаб келаётган экан. Аммо у ерда реал кескинликнинг ўзи йўқ,- дейди Rush X.

Суҳбатимиз сўнггида ARTGROUP5 ижод гуруҳи раҳбари бундай босим ва цензура мавжудлигига қарамасдан Ўзбекистонда “ўзгача” фирклай оладиган ёшлар ва борлиқни бошқа нуқтайи назаридан ифодалашга қодир санъат усталари борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Ўзбекистонда ҳам теран фикрлайдиган ёшларнинг янги авлоди вакиллари жуда кўп. Улар 25 ёшда, 23 ёшда бўлиб, эзгулик оқимига ўзининг қандайдир ҳиссасини қўшиш ниятида. Шунчаки уларда ўз фикрларини намоён қилиш учун эфирлари, имкониятлари йўқ,- дея фикр билдирди Rush X.

.......

ARTGROUP5 ижодий гуруҳи Марказий Осиёда очиқчасига оммавий арт-лойиҳаларни намойиш этиб келаётган ягона ижодкор ёшлар гуруҳи сифатида ўзини тақдим этиб келмоқда.

2012 йилда Қозоғистонда ташкил топган бу гуруҳга бугунда Санкт-Петербург, Олма-Ота, Тошкент, Остона, Бишкек ва бошқа шаҳарларда фаолият кўрсатаётган санъаткорлар бирлашгани айтилмоқда.

2012 йил давомида гуруҳ томонидан 18 та мунозарали инсталляция намойиш этилган. Шу йилдаёқ Artgroup 5 III Халқаро замонавий санъат фестивали - “ArtBatFest” ғолиби этиб тан олинган.

Бугунги кунда гуруҳ ўзининг асосий ижод жараёнини Интернет, хусусан, Youtube порталида давом этмоқда.