Туркияда норозилик намойишлари давом этмоқда

Туркиянинг Истанбул, Анқара ва бошқа шаҳарларида кўп минг кишилик норозилик намойишлари якшанба куни ҳам давом этди.

Маълумотларга кўра, бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон истеъфосини талаб қилиб, иқтидордаги партиянинг Истанбул, Анқара ва Измирдаги офислари томон юриш ўтказган намойишчилар полиция билан тўқнашган. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, намойишчилар эса полициячиларга тош улоқтирган.

Туркия Шифокорлар уюшмаси берган маълумотга кўра, уч кундан буён давом этаётган тўқнашувларда Истанбулда минг киши, Анқарада эса 700 киши тан жароҳати олган. Расмийлар берган кўрсаткичлар эса бундан озроқ.

Мамлакат ички ишлар вазири Муаммар Гулер ўтган вақт ичида 1700 киши ҳибсга олингани, бироқ уларнинг аксарияти қўйиб юборилганини билдирди.

Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқдошлари расмий Анқарани намойишчиларга нисбатан муносабатда вазмин бўлишга чақирди.

Туркиядаги норозилик акциялари Истанбулнинг Тақсим майдонига яқин боғда қурилиш ишлари бошлаш учун рухсат берилгани қарши ўтган ҳафта бошланганди.