Михаил Прохоров Москва мэри лавозими учун курашмайди

Михаил Прохоров.

Россиялик миллиардер Михаил Прохоров Москва мэри сайловида номзод сифатида қатнашмаслигини эълон қилди.

Москвада пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Прохоров ўз етакчилигидаги Фуқаровий платформа партияси Москва ҳокими лавозимига номзод қўймаслигини ҳам маълум қилди. Прохоровнинг айтишича, унинг партияси “жорий мэрнинг легитимлигини узайтириш жараёнида қатнашиш ниятида эмас”.

Миллиардер ўз партияси ҳозирда бор диққатини келаси йили Москва шаҳар кенгашига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик кўришга қаратишини таъкидлади.

Сергей Собянин ўтган ҳафта кутилмаганда ўз лавозимидан истеъфо беришини эълон қилганидан кейин, Москва мэри сайлови жорий йил 8 сентябрига белгиланди. Президент Владимир Путин унинг итсеъфосини қабул қилиб, уни мэр вазифасини вақтинча бажарувчи эътиб тайинлади.

Собянин иқтидордаги “Единая Россия” партияси етакчиларидан биридир, лекин мэр лавозими учун мутсақил номзод сифатида курашишини эълон қилди.